Қуёшмобиллар пойгаси ва унинг ғолиби ҳақида

06.11.2017 | Технологиялар | 981

Австралияда ўтказилган World Solar Challenge қуёшмобиллар пойгаси голландларнинг Stella Vie седанининг ғалабаси билан тугади, деб ёзмоқда carzone.uz.

Чиғаноққа ўхшаш бу машинани Голландиянинг Solar Team Eindhoven фирмаси тайёрлаган бўлиб, беш ўриндиқли седан ҳисобланади. Муаллифларнинг айтишича, бундан кўра мукаммал қуёшмобил ҳали ясалгани йўқ. Буни World Solar Challenge пойгаси ҳам тасдиқлади – Stella Vie пойгада ҳаммадан биринчи келди. Иккинчи ўринда эса немисларнинг машинаси етиб келди.

Қуёшмобиллар 3022 км масофада кимўзарга ҳаракатланди. Stella Vie маррага беш кунда етиб келди, яъни кунига 600 кмдан ортиқ масофа босиб ўтди. Голландлар агар ҳаво очиқ бўлса, машина кунига минг км ҳам юра олишини айтмоқда. Машинанинг ғалабасида Ericsson компанияси ўрнатган Solar Navigation тизимининг ҳам ҳиссаси бор. У об-ҳаво ҳақидаги маълумот ва йўлдаги қатнов, паст-баландликларни ҳисобга олиб, ҳаракат режимини оптималлаштириб борди.

Машинанинг ясси томига тўлалигача қуёш панели қопланган. Ўн дақиқага тўхталса, аккумуляторни 2 фоизга зарядлаш мумкин, бу 50 км йўл юришга етарли. Қолаверса, қуёшмобил аккумулятор зарядини истеъмол қилмасдан 70 км/соат тезликда икки соат ҳаракатланди. Пойга давомида Stella Vieнинг аккумуляторлари сира ўтириб қолгани йўқ.

Муаллифлар Stella Vieни уйнинг электр таъминот тармоғига уланиб фойдаланиш мумкинлигини айтмоқда. Серқуёш мамлакатларда кун очиқ бўлганда аккумуляторлар бир зумда керакли қувватни тўплайди.

Шунга қарамай, бу қуёшмобиллар серияли ишлаб чиқарилиши гумон. Аммо унда қўлланган технологиялар, хусусан, самарадор қуёш панеллари аккумуляторни зарядлаш, ўриндиқ ва салонни иситишда қўлланиши мумкин.