Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимига нисбатан Мустақиллик майдонида айланиб юрган фуқаролардан пора олгани учун жиноят иши қўзғатилди.
UzNews нашрига Юнусобод туман ИИББда берилган хабарга кўра, Мустақиллик майдонида айланиб юрган 1990 ва 1994 йилда туғилган фуқаролар милиция ходими томонидан ҳужжатларни текшириш учун тўхтатилган. Шундан сўнг, уларнинг шахсини тасдиқлаш учун "Туркистон саройи" рўпарасидаги милиция постига боришларини сўраган. Милиция ходими агар унга "Coca-Cola" ва ширинликлар олиб келиб беришса, уларни қўйиб юборишга ваъда берган. Аммо, фуқаролар, уларда фақатгина 10 000 сўм нақд пул борлигини айтиб, пулни ходим дафтари ичига солиб қўйишган. Жабрланувчилар эса бутун мулоқотни мобиль телефонларига ёзиб олишган.
Фуқаролар ашёвий далиллар билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишган.
Тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг, милиция ходими ўз айбини тан олган ва у ўз лавозимидан озод этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур моддага асосан, жиноятчи ЭКИҲнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима тўлаши ёки озодликдан маҳрум этилиши мумкин.