Шимолий Корея: АҚШ ва Жанубий Корея уруш қўзғамоқчи

04.12.2017 | Жаҳон | 3320

Шимолий Корея раҳбарияти АҚШ ва Жанубий Корея 4-8 декабр кунлари ўтказадиган ҳарбий машғулотларини провокация, деб атади. Бу ҳақда КХДРнинг “Нодон синмун” газетаси ёзмоқда.

Газета буни “исталган вақтда ядро урушини келтириб чиқариши мумкин”, деб баҳолайди. Аммо “КХДРга қаратилган ўқув-машғулоти шунчалик аҳмоқоналигидан ўз-ўзини ўлдириш билан баробардир”, дея қўшиб қўяди.

Корея Республикасининг YTN  телеканали ҳарбий машғулотларда АҚШ ва Жанубий Кореянинг 230дан ортиқ самолёти қатнашишини билдирди. Иттифоқчилар КХДРнинг ҳарбий ҳаво зарбаларига жавоб қайтаришни машқ қилади.

29 ноябр куни Шимолий Корея Японияга қарата учирилган “Хвасон-15” қитъалараро баллистик ракетаси АҚШдаги нишонни ҳам уришини эълон қилди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари шошилинч мажлис чақириб “КХДРнинг янги фитнаси”ни қоралади, аммо ОАВга расмий баёнот бергани йўқ. АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли бутун дунё мамлакатларини Пхенян билан ҳар қандай алоқаларни узишга чақирди.