Гипертония – “кам гапирадиган қотил”

06.01.2018 | Тиббиёт | 2920

Маълумотларга кўра, юрак қон-томир касалликлари эркаклар орасида энг кўп тарқалган бўлиб, миокард инфаркти, бош мияда қон айланишининг бузилиши (инсульт), гипертония ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу гал табобатда хафақон, тиббиёт тилида эса гипертония деб аталадиган касаллик ҳақида маълумотларни тақдим этамиз. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистик маълумотларига кўра, мазкур хасталик дунё аҳолисининг 18 ёшдан ошган ҳар 4 кишининг бирида учрамоқда. Касалликка чалиниш ҳолати 30 ёшгача бўлган одамлар орасида 10 фоиз , 40 ёшгача – 20 фоиз, 50 ёшдагилар орасида – 35 фоиз, 60 ёшгача – 44 фоиз, 80 ёшдагилар орасида – 60 фоиз, 80 ёшдан ошганлар орасида эса – 80 фоизни ташкил қилмоқда.

Илмий тил билан айтганда, қон босими ортиши – артерия томирларидаги қоннинг томир деворига кўрсатадиган босимнинг меъёрдан ошишидир. Оптимал ҳолатда қон босими 120га 80бўлиши керак. Меъёридаги қон босимининг энг юқори даражаси эса 130-139га 85-89 атрофида бўлиши лозим.

Қон босими меъёридан кўтарилса, томирлар шикастланиб, қалинлашади ва ўз эгилувчанлигини йўқотади, охир-оқибат ҳаётий муҳим бўлган аъзоларга қон қуйилишига сабаб бўлади. Кўриниб турибдики, гипертония асоратлари билан хавфли.

Касаликнинг вужудга келиш сабаблари аниқ эмас. Аммо уни келтириб чиқарадиган кўплаб омиллар маълум. Жумладан, ирсиятжинс (эркаклар учун касаллик ривожланиши 55 ёшдан ошганда юқори бўлса, аёллар учун эса 65 ёшдан ошганда юқори бўлади), зарарли одатлар, қонда холестерин миқдорининг юқори бўлиши, кам ҳаракат қилиш ва ортиқча вазнкабиларни санаш мумкин.

Аксарият беморларда қон босим кўтарилиши белгиларсиз кечади, баъзан беморлар ўзида юқори қон босим борлигини узоқ йиллар давомида ҳам билмайдилар, шунинг учун шифокорлар гипертонияни “кам гапирадиган қотил” деб аташади. Касаллик белгилари бўлиб эса бош оғриши(кўпинча энса қисмда), қўзғалувчанлик, тез жаҳл чиқишиуйқунинг бузилиши, иш қобилиятининг пасайиши ҳисобланади, баъзан бурундан қон кетиши ҳам мумкин. Ўрта ва оғир даражадаги беморлар юрак соҳасида оғриқ, юрак тез уриб кетиши, юрак ритмининг бузилиши, бош айланиши, эслаб қолиш ва кўриш қобилиятининг пасайишидан шикоят қиладилар.

Даволаш 2 усулда дори-дармонларсиз (номедикаментоз) ва дорилар билан (медикаментоз) олиб борилади. Шифокор касалликнинг хатар даражасини аниқлаб, даво турини тайин этади. Бунда дориларни фақат шифокор тайинлаши шарт. Чунки шифокор дори воситаларини танлашда беморга индивидуал ёндашиб, ёндош бошқа касалликларни ҳам ҳисобга олади. Дорини ўзбошимчалик билан танлаш эса оғир оқибатларга олиб бориши мумкин.

Дориларсиз даво қилишнинг асосида эса касалликка олиб келувчи хавф омиллари билан курашиш ётади. Булар жумласига ортиқча тана вазнини камайтириш, истеъмол қилинаётган ош тузининг кунлик миқдорини 5 граммдан пастга тушириш, овқат таркибида калий миқдорини ошириш, таркибида кальций ва магнийга бой маҳсулотлар ва балиқ мойини истеъмол қилиш кабилар киради.

Халқ табобатига мурожат қиладиган бўлсак, кийикўт, чилонжийда, лимонўт, райхон, барбарис (қорақанд)ни дамлаб ичиш, олча, олма ёки гилосни ўтган йилги шохчаларини дамлаб ичиш яхши наф беради. Унутмаслик лозимки, замонавий дори воситалар билан даволанишда дориларсиз (номедикаментоз) давони ҳам биргаликда олиб бориш зарур.

Гипертония, яъни хафақон касаллиги тўғрисида тарқалган хато фикрлар:

  • Ёш катта бўлган сари қон босим кўтарилиб туриши оддий ҳодиса. Афсуски, ҳозирда гипертония касаллиги тобора ёшариб бормоқда.
  • Қон босимни даволаш учун касалхонага ётиб “курс лечения”олса хасталик тузалади. Лекин ундай эмас бу “курс лечения” олиб тузаладиган касаллик эмас, балки бутун умр даволанадиган хасталик.
  • Касаллик белгиси йуқми – касалликнинг ўзи ҳам йўқ. Афсуски ундай эмас, кўпчилик беморларда қон босимининг кўтарилиши белгиларсиз кечади, баъзан беморлар ўзида юқори қон босим борлигини узоқ йиллар давомида ҳам билмайдилар.