Атом электростанцияси рақамларда

17.01.2018 | Блог | 3984

Атом электростанцияси (АЭС) - бошқариладиган ядро реакциялари натижасида ажраладиган энергияни электр энергиясига айлантирувчи станциядир. Содда қилиб айтганда, реакторда ядро реакцияларидан ажралиб чиқаётган иссиқлик сув буғи ҳосил қилишга сарфланади ва сув буғини электр энергияси олиш учун турбиналарга жўнатилади. Яъни анъанавий усуллар каби сувнинг муҳим ўрни бор. Атом энергетикасининг экологияга зарари анъанавий энергетикага нисбатан анча кам. Самараси эса анча юқори. Масалан, 1кг уран 3000 тонна кўмир бера оладиган иссиқлик энергиясини генерация қилади. Лекин инсон фактори ва табиий омиллар аралашуви натижасида содир бўладиган фалокатларни таърифлаш учун Чернобиль ва Фукусима воқеаларини эслаш етарли. 

Келинг, энди рақамларга юзланамиз. Дунёда электр ишлаб чиқаришнинг 11% улуши атом энергетикасига тегишли (қуёш энергетикаси 6,9%). Ҳозир 449та ишлаб турган реактор бўлиб, яна 60та янги реактор ишга тушиши кутилмоқда (манба: NEI report). АЭСнинг йиллик энергия ишлаб чиқаришдаги улуши бўйича Франция етакчилик қилмокда (72,3%). Ишлаб чиқариш қуввати ва реакторлар сони бўйича эса АҚШ яққол лидер. АҚШда 99та реактор мавжуд бўлиб, 2016 йилда улар 805.3 тераВатт•соат энергия ишлаб чиқарди.

Энди эксплуатация масаласига келсак. Савол туғилади: АЭС лойиҳалаштирилиб, ишга тушиши учун қанча вақт керак? 2018 йил Финляндиянинг Олкилуото шаҳрида ишга тушиши керак бўлган реакторни қуриш 2005 йилда бошлаган. Яъни айнан шу реактор битиши учун 13 йил талаб қилинди. Шуни айтиб ўтиш керакки, лойиҳа бунчалик чўзилишнинг асосий сабаби узоқ йил давомида нархлар ўзгариши ва бюджетни қайта кўриб чиқишдаги муаммолар. Бизга таниш муаммолар-а? Умуман олганда, реакторни ишга туширишга кетадиган ўртача вақт ҳозир 7,5-10 йил оралиғида (манба: Energy matters). Солиштириш учун 100-500 мВт қуёш электростанциясини ишга тушириш учун 6 ойдан 1 йилгача вақт талаб қилинади. Демак, биз бугун ҳаракатни бошласак, мевасини 2025-2030 йилларда ер эканмиз. Хўш, унда АЭСларнинг ишлаш муддати қанча? Бу масалага турли давлатлар турлича қарайди. Лекин, ўртача ишлаш даври 30-40 йил оралиғида. Ишлаш даври тугаш атрофида эса махсус комиссия хулосаси билан 5 йилдан 10 йилгача чўзса булади. Қуёш энергетикаси ҳам шу даврни ваъда беради, фақат махсус комиссия ва МАГАТЭсиз. АЭСнинг ишлаш даври тугагандан сўнг, ўша территория маълум муддатга тўлиқ консервация қилинади. 

Хом ашё ресурслари масаласига келсак. Ёкилги сифатида бойитилган уран ишлатилади. Яъни бизда қазиб олинадиган уран бойитилиши лозим. Уранни бойитиш жараёни деб, уран таркибидаги U235-изотопи улушини оширишга айтилади. Табиатда уран 99% U238 изотопидан иборат бўлиб, U235 изотопи 0.72% улушни ташкил қилади. U238 изотопи стабил бўлгани сабаб, ўз-ўзидан занжирли ядро рекциясини ҳосил қилолмайди. Шу сабабли ядро реакциялари кетиши учун уран таркибида U235 изотоп улушини ошириш талаб килинади. Энергетика учун 20%гача бойитилган уран ишлатилади. Умуман олганда энергетика учун 5% бойитилган уран етарли.

Уранни бойитиш бўйича дунёда саноқли компаниялар фаолият юритади. Бизга энг яқин бўлгани Россиянинг «Росатом»ига тегишли булган «ТВЭЛ» ёқилғи компаниясидир. Хуллас, Ўзбекистон шароитида ёқилғи импорт қилинади. Ишлатиб бўлинган ёқилғи эса, махсус қабристонларда утилизация қилинади. Чунки ушбу чиқиндилар ўзларидан катта миқдорда радиация чиқариб, тирик организмга салбий таъсир кўрсатади. Бу салбий таъсирлар генетик ўзгаришлар, нурланиш ва бошқа касалликлар кўринишида намоён бўлади. Шу сабабли радиоактив чиқиндиларни утилизация қилиш соҳасида катта илмий ва техник ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бунинг натижаси сифатида махсус қабристонларни кўришимиз мумкин. Бизга географик жиҳатдан энг яқинлари Россияда. 

Энг бизни қийнаши мумкин бўлган энг асосий масалага ўтсак. Қизиқиш учун АҚШ, Россия ва Европадаги АЭСларнинг харитада жойлашувига эътибор беринг. Барчаси йирик дарёлар, океан қирғоқлари ва йирик сув омборлари атрофида жойлашган. Нега? Чунки АЭС катта миқдорда энергия ишлаб чиқаради ва буни электр энергиясига айлантириш учун эса мос равишда катта миқдорда сув керак. Шунингдек, сув совутувчи агент вазифасини ҳам бажаради. Бугунги маълумотларга қараганда, 1 MВт•соат энергия ишлаб чиқариш учун 3270 литр сув талаб қилинади (манба: WEF). Бу дегани 100 мегаваттлик бир АЭС 24 соат ишлаши учун 78.5 миллион литр сув керак бўлади. Бу сувнинг 6-10 % қисми буғланиш оқибатида йўқотилади. Биз эса тераваттлик АЭСни орзу қилаяпмиз. Сув ресурслари бўйича мутахассис бўлмаганим сабабли ушбу саволни очиқ қолдираман. АЭСнинг энг катта ютуқларидан бири бу кичик майдонда катта энергия олишдир. Бу жабҳада қуёш энергетикаси яқин ҳам келолмайди.

Сўз якунида шуни таъкидлайманки, АЭС энергия танқислиги даврида идеал ечим бўла олиши мумкин, агар биз ўз ресурсларимизни тўғри баҳолай олсак ва лойиҳалаштириш жараёнида ҳеч бир саволни очиқ қолдирмасак. Хулоса сиздан.

Рустам Ашуров, тадқиқотчи, физик