“Оқтепа-лаваш” маъмурияти мижозларидан японча услубда узр сўради (видео)

31.01.2018 | Ўзбекистон | 4784

Ўтган ҳафтада пойтахтимиздаги “Оқтепа-лаваш” емакхонасининг таомидан суварак чиққанлиги ижтимоий тармоқларда шов-шув келтириб чиқарди. Тармоқ аъзолари санитарияга эътибор қаратмаган емакхона маъмуриятини қаттиқ танқид остига олишди ва бу даргоҳга бормасликка чақирилган даъватлар ҳам бўлди.

30 январ куни youtube.com видеопорталига “Оқтепа-лаваш” ўзининг видеоузрномасини жойлади. 1 дақиқа 38 сония давом этган видеолавҳада акс этган киши ўзини “Оқтепа-лаваш”нинг бош менежери Шуҳрат деб таништиради ҳамда мижозлар ва меҳмонларга бўлиб ўтган воқеа ҳақида изоҳ беради. Видеолавҳада нафақат лавашхона ҳудуди, балки ён-атрофдаги хонадонларда ҳам “Санэпидстанция” ёрдамида дезинфекция ишлари олиб борилганлиги кўрсатилган ва тузилган далолатномалар намойиш қилинган. Бош менежер мижозлар олдида юзи ёруғ бўлишига ваъда беради. Лавҳа сўнгида лавашхонанинг юзга яқин хизматчиси очиқ ҳавода қўлини кўксига қўйиб турганлиги кўрсатилган.

Узрнома видеолавҳасини томоша қилганлар уни ижтимоий тармоқларнинг кучи сифатида баҳолашмоқда ва мижозга ҳурматсизлик қилган бошқа ташкилотларни ҳам Оқтепа-лаваш”дан ўрнак олишга чақирмоқда.

“Оқтепа-лаваш”нинг узрнома видеолавҳаси музқаймоқ нархини оширган япон кондитерларининг хўрандалардан кечирим сўралган лавҳасини эслатади. Қуйида ўша расм.