Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Сафарбарлик чақирув резерви учун тўланадиган бадал пули миқдори сезиларли равишда камайтирилди
3.02.2018 19:23,  
329

Ўзбекистон Президентининг 2018 йилнинг 2 февралдаги фармонига мувофиқ, сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадали 5 февралдан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари (3 февраль ҳолатига кўра, 3 444 800 сўм) этиб белгиланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бунга қадар сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадали энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баробари (3 февраль ҳолатига кўра, 4 736 600 сўм)ни ташкил этарди.

Жорий йилнинг февраль март ойларида туман (шаҳар) чақирув комиссиялари томонидан сафарбарлик чақируви резерви хизматига ўтказиладиган чақирув ёшидаги фуқаролар янгидан белгиланган миқдор бўйича шартномалар имзолаб, пул бадалини тўлашлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга асосан, 2003 йилдан бошлаб чақирув ёшидаги фуқаролар учун ҳарбий хизмат тури сифатида сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат жорий этилган.

Унга мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинади.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат ҳудудий принцип асосида ойлик йиғинлар тарзида ташкил этилган бўлиб, чақирилувчилар томонидан махсус ҳисоб рақамга пул бадали киритилишини назарда тутади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинадиган фуқаролар томонидан махсус ҳисоб рақамига тўланадиган пул бадалларининг тўланиш тартиби ва шартлари Қуролли Кучларда ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув даврида чақирилувчи ва Мудофаа вазирлиги номидан ҳудудий мудофаа ишлари бўлими бошлиғи ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.

Сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинган чақирилувчилар томонидан пул бадаллари, уларни сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинганидан кейин бир йил мобайнида Халқ банки орқали тўланади. Томонларнинг келишувига кўра, тўлов тўлиқ ҳажмда бир йўла ёки босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан