InFinBank собиқ бош прокурор Рашид Қодиров ишига алоқадорлиги ҳақидаги хабарларни рад этди

13.03.2018 | Жамият | 2805

InFinBank Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят ишига алоқадорлиги ҳақидаги хабарларни рад этди.

"Биз шаффоф банк мақомини олишга астойдил ҳаракат қилдик ва фаолиятимизнинг дастлабки йилидаёқ "катта" тўртликдаги халқаро аудиторлик компаниясини ёлладик. Ўн йиллик фаолияти давомида халқаро аудиторлик компаниялари ўз томонларидан ҳеч қандай писандаларсиз мустақил аудиторлик хулосаларини чиқарган", — деди банк кенгаши раиси Мақсуд Абдусаматов.

Унинг сўзларига кўра, банк 2011 йилда молиявий барқарорликни баҳолайдиган етакчи халқаро рейтинг агентликларидан бири билан шартнома тузган. Унинг қайд этишича, бу мавжуд ва бўлажак ҳамкорларга банкнинг ишончлилиги ва шаффофлигини кўрсатиш мақсадида онгли равишда амалга оширилган.

"Ҳақиқатга тўғри келмайдиган мақолаларда гўёки банк маълум бир шахсларнинг ноқонуний йўллар билан топилган пулларини ювишда иштирок этганлиги айтилади. Бу айбловларни мутлақо асоссиз деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистонда кейинги 10 йил давомида валюта қонунчилиги қатъий йўлга қўйилганлиги кўпчиликка маълум. Оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, банк мижозларининг хорижий валютадаги ҳар бир ўтказмаси асосли эканлиги устидан қатъий мониторинг олиб борилган", — деди Абдусаматов.

Импорт шартномаси бўйича ҳар қандай тўлов, деб қўшиб қўйди у, тегишли импорт товарнинг етказиб берилиши билан таъминланган бўлиши ва бундай товарларнинг чегарадан ўтказилиши Ўзбекистон божхона органлари томонидан қайд этилиши шарт бўлган.

"Бутун фаолиятимиз давомида биз жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича ички назорат қоидаларига амал қилиб келганмиз, қонунчилик талабларига мувофиқ иш олиб борганмиз. Банк ҳеч қачон Латвия ва БААда корреспондентлик ҳисобларини очмаган ва бундай ҳисоблари мавжуд эмас. Банкда ҳеч қандай текширув ёки ревизия ўтказилмаётганини расман тасдиқлаймиз", — таъкидлади Мақсуд Абдусаматов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бош прокуратураси томонидан собиқ бош прокурор Рашид Қодировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.