Ўзбекистон ва Қозоғистон 2020 йилгача савдо айланмасини 5 млрд долларга етказади

16.03.2018 | Иқтисод | 2274

14 март куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 17- мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу мажлисда икки мамлакат бош вазирининг биринчи ўринбосарлари Очилбой Раматов ва Аскар Мамин иштирок этди.

Қозоғистон ҳукумати раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 2017 йилда 2 млрд долларни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 31,2 фоизлик ўсиш қайд этилган.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда 2018 йилда савдо айланмаси ҳажмини 3 млрд долларга ва 2020 йилга бориб эса 5 млрд долларга етказишга келишиб олишди.

Учрашувда қайд этилишича, ўтган йили ўтказилган икки йирик бизнес форумда 1 млрд доллардан зиёдроқ суммадаги тижорий битимлар имзоланди. Ўзбекистон томони Қозоғистоннинг доимий асосда Минтақавий ҳамкорлик форумини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида иқтисодиёт, туризм, маданий-гуманитар соҳада 200 дан ортиқ тадбир ўтказилиши режалаштирилган.

Томонлар Қозоғистон ва Ўзбекистон чегара ҳудудларида халқаро Чегара ҳамкорлиги маркази ва транспорт-логистика маркази (Қуруқ порт) қурилиши имкониятларини кўриб чиқишга келишди. Шунингдек, апрелдан мунтазам равишда «Самарқанд-Остона» йўналиши бўйича йўловчи поезди қатновини ишга тушириш тўғрисидаги келишувга эришилди. Қозоғистон газини Ўзбекистон ҳудуди орқали Қозоғистон жанубига етказиб бериш учун техник имкониятларни яратиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга келишилди. 1 сентябрга қадар тегишли шартноманинг имзоланиши кутилмоқда.