Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Алишер Навоийни қандай савдогарлар кўпроқ ғазаблантирганини биласизми?
7.11.2022 10:27,  
90

Алишер Навоий ўз даврининг сиёсий ва иқтисодий аҳволини яхшилаш, мамлакатнинг иқтисодий қудратини барқарорлаштириш учун кишиларда ватанпарварлик ҳис-туйғусини уйғотиш зарурлигини яхши тушунган. Навоийнинг “Ҳилолия” деб номланган дастлабки асари унинг ижтимоий-иқтисодий фикрлари шаклланган асар ҳисобланади. У шахснинг тарихдаги ўрнига катта эътибор бериб, Алишер Навоий мамлакатнинг иқтисодий аҳволи, мамлакат ҳукмдорининг ақл-идроки ва қобилиятига боғлиқлигини уқтиради.

– Агар мамлакат ҳукмдори фанларни, айниқса, иқтисодиёт, тарих, фалсафа ва сиёсий фанларни мукаммал билса, ўзи бошқараётган мамлакат обод ва бадавлат бўлади, агар акси бўлса, мамлакат қашшоқ ва хароб бўлади, – дейди Навоий.

Кейинчалик жамиятнинг ривожланишида иқтисодчиларнинг ва давлат арбобларининг аҳамияти катта эканлигини инглиз олими Ж.М.Кейнс ҳам қайд қилиб ўтади. Навоий мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига алоҳида эътибор берди. Унинг фикрича, Марказий Осиё шароитида ирригация иншоотларини кенгайтириш – деҳқончиликни ривожлантиришга олиб келувчи муҳим омиллардан ҳисобланади. Шу боис, жуда кўп канал ва ариқлар қазилди. Асосий ишлаб чиқариш воситаси бўлган ерни кенгайтиришга, унинг унумдорлигини оширишга катта эътибор берилди. Навоий бойликни икки йўл билан топиш мумкинлигини таъкидлайди. Биринчи йўл бу ўз меҳнати билан бойлик тўплаш, йиғиш ва ўзига тўқ яшаш. Бундай бойликни у қўллаб-қувватлаган. Навоий олинган бойликни уч қисмга бўлиб, унинг биринчи қисмини кетган харажатларга, иккинчи қисмини ўзининг ва оиласининг эҳтиёжларига, учинчи қисмини эса аҳолининг ижтимоий манфаатларига сарфлашни тавсия этган. Навоий кўпгина мадраса, шифохона, ҳаммом, кўприк ва бошқаларни ўз ҳисобидан қурдирган. Бойлик топишнинг иккинчи йўли бу ўғирлик, тамагирлик ва зўрлик ҳисобига бойлик орттиришдир. Навоий бундай бойлик орттириш номақбул усул эканлигини уқтиради. Навоий ўзининг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида мамлакатдаги ижтимоий гуруҳларнинг жамиятда тутган ўрнини кўрсатиб беришга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, деҳқонлар, ҳунармандлар ва чет эл билан алоқаси бор савдогарлар жамиятда моддий бойлик етиштиришда, яратишда ва мамлакатнинг бойлигини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади. Навоий деҳқон ва унинг ишлаб чиқаришдаги аҳамияти тўғрисида қуйидаги фикрларни билдиради: “Дон сочувчи деҳқон ерни ёриш билан ризқ йўлини очувчидир”.

Шу билан бирга у деҳқон меҳнатини улуғлаб, унинг моддий бойлик яратишдаги хатти-ҳаракатини қуйидагича тасвирлаб берди: Ҳар не қилсалар ҳаракат, Халққа ҳам етар овқат ҳам баракат. Навоий ижтимоий ҳаётга одамларнинг биргаликдаги фаолияти сифатида қарайди. Унинг фикрига кўра киши якка ҳолда ҳеч нарса ишлаб чиқара олмайди. У бирон нарсани ишлаб чиқариш учун бошқа ишлаб чиқарувчилар билан муносабатда бўлиши керак. Масалан, деҳқонга меҳнат қуроллари зарур бўлса, ҳунармандларга нон керак; деҳқонга ҳам, чорвадорга ҳам ҳунармандчилик ва атторлик маҳсулотлари зарур. Деҳқон меҳнатининг маҳсулини новвой, унфуруш, қўшчи ва ўроқчи, машоқчи ва бошқалар орзиқиб кутади. Шу билан бирга деҳқон ҳам ҳунарманднинг, чорвадорнинг ва бошқаларнинг меҳнат маҳсулотига муҳтож. Уларсиз у ҳеч нарса ишлаб чиқара олмайди. Навоий фикрича, деҳқон ўз меҳнати билан ўз эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулот миқдоридан кўра кўпроқ ишлаб чиқариб, жамият ва унинг ишлаб чиқаришда иштирок этмайдиган бошқа қисмларини ҳам моддий неъматлар билан таъминлайди. Унинг мана шу фикри физиократларнинг – қўшимча маҳсулот фақат қишлоқ хўжалигида яратилади, деган фикрига мос тушади.

Навоий – қишлоқ хўжалигининг ривожланиши мамлакат қудратини оширишда катта аҳамият касб этади деган илғор фикрни илгари суради. Бу фикр ўша давр, яъни феодализм ривожланган, унинг негизини деҳқончилик ташкил қилган бир даврда тўғри фикр бўлиб қолмайгина, балки тарихий ҳақиқат ҳамдир. Навоий халқаро савдо соҳасида фаолият юритувчиларга нисбатан ижобий муносабатда бўлсада, мамлакат ичкарисида иш юритаётган савдогарлар, яъни олибсотарларга нисбатан салбий муносабатда бўлган. Унинг фикрича, олибсотарлар “ўзига фойда ва бошқаларга қаҳат истовчи ... арзон олиб, қиммат сотиш”, яъни халқнинг зарари ҳисобига фойда кўрувчилардир. Навоий интеллектуал меҳнатни, яъни олимлар ва бошқа шу кабиларнинг меҳнатини жамият учун зарур, деб кўрсатиб берди ва уларни ўз масъулият ва бурчларини сезишга чақирди.

Гулҳаё АНОРОВА

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан