Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Прокуратура органлари таҳдидга учраган таниқли журналист Каримберди Тўрамурод атрофидаги вазиятни назоратга олди
28.03.2018 18:32,  
8

Ўзбекистон прокуратура органлари самарқандлик таниқли журналист Каримберди Тўрамуродга қилинган таҳдидлар юзасидан ҳаракат бошлади. Бу ҳақда журналист Facebook’даги саҳифасида хабар ёзиб қолдирган.

Каримберди Тўрамуроднинг таъкидлашича, унга дастлаб Тошкентдан — Ўзбекистон Бош прокуратурасидан қўнғироқ бўлиб, у ҳимоя остида экани, ўзига нисбатан салгина шубҳали ҳаракатни сезса, унга берилган телефон рақамига дарҳол қўнғироқ қилишни сўрашган. Кўп ўтмай, Самарқанд вилоят прокуратурасига чақириб, ундан бўлган таҳдидлар юзасидан ариза олинган.

Дўстлар, хавотирлар ортда қолди!

Бугун менга Тошкентдан, Ўзбекистон Бош прокуратурасидан қўнғироқ бўлди. «Сизни вилоят прокуратурасига чақиришади, ким қанақа таҳдид қилган бўлса, ҳаммасини ёзиб беринг, хавотир олманг, сиз ҳимоядасиз ва хавфсизлигингиз назоратимизда. Ўзингизга нисбатан салгина шубҳали ҳаракатни сезсангиз, мана шу телефонга тўғридан-тўғри чиқинг ва биз сиздек журналистларни ҳимоя қила оламиз», дейишди.

Жуда хурсанд бўлдим. Ниҳоят, енгил нафас олдим.

Сал ўтиб, Самарқанд вилоят прокуратурасига чақиришди ва уларнинг таклифига кўра, ўзимга кимлар томонидан қандай таҳдидлар бўлганини айтиб, тегишли чора кўришларини сўраб, расман ариза билан мурожаат қилдим.

Менга ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идора томонидан хайрихоҳлик билан қилинган муомала ва эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Азиз дўстлар, мен хавфсизлигим ҳимоясини таъминлайдиган идораларнинг ходимлари қаторида мурожаатимга бефарқ бўлмаган барча ҳамкасбларим, мухлисларим, ўқувчиларим, ўз ёрдамларини таклиф қилган, ҳатто қўриқлаб юришларини таклиф этган, ҳеч бўлмаганда далда бўлувчи сўзлари билан қўллаб-қувватлаган барча яхши ниятли инсонларга ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан! Чет элларда туриб, менга яхшиликни соғинган юртдошларимга, ҳатто бошқа миллат вакиллари бўлсалар-да, "Биз сиз билан биргамиз", деган инсонларга ташаккурлар айтаман! Ҳаммангиздан Аллоҳ рози бўлсин!

Сизлар билан биргаликда шу юртни, шу элни деб, Ҳақ йўлида, адолат тантанаси йўлида янада куч-ғайрат билан ишлаймиз, Ўзбекистон тараққиёти, тарихи саҳифаларида янги саҳифа очаётган, халқимиз неча йиллар орзу қилган ҳур, обод ва маъмур, адолатли давлатни тиклаш йўлида шижоат билан тинмай ишлаётган, энг муҳими, халқнинг, шу жумладан, биз, журналистларнинг ҳам ишончини уйғота олган президентимиз Шавкат Мирзиёевга камарбаста бўлиб, имконимиз етганича эл дардига дармон бўлиб, меҳнат қиламиз!

Ҳурмат ва эҳтиром билан,

Каримберди Тўрамурод

Facebook фойдаланувчилари мазкур хабарни хурсандчилик билан қарши олган. Каримберди Тўрамуроднинг ўзи ҳам прокуратурадан бўлган қўнғироқлардан сўнг, «елкасидан тоғ ағдарилгани»ни тан олган.

"Елкамдан тоғ ағдарилгандай ҳис қилаяпман ўзимни!.. Мен сал қўрқдим ва... умрим қисқарди. Машина ҳайдамай қўйдим. Москвадаги ўғлимни ёнимга чақирдим. Аммо эртага машинамда чиқаман, иншааллоҳ!", - деди Каримберди Тўрамурод.

Журналист Каримберди Тўрамурод унга «турли таҳдидлар, ғаразли, ҳақоратли қўнғироқлар, турли идоралар томонидан босимлар, қўрқитиб қўйишлар, чўчитиб қўйишга интилишлар кўпайиб кетгани» ҳақида 26 март куни Facebook’даги саҳифасида ёзган эди. Таҳдидларга Каримберди Тўрамурод каттақўрғонлик 23 ёшли ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлими воқеасини фаол ёритгани сабаб бўлган.

Муаллима Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи арафасида кўча тозалаш ишларига жалб этилган, у йўл ўртасидаги тўсиқларни оқлаётганида уни «КАМАЗ» юк машинаси уриб кетган эди. Президент матбуот котиби Комил Алламжонов мазкур ҳодиса юзасидан ўрганишлар олиб борилиб, тегишли чоралар кўрилишини айтиб ўтган эди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан