Мегапалов, мегақозон ва энди мегалаган

29.03.2018 | Ўзбекистон | 3050

8 тоннали палов пишириш учун нима керак? Ҳа, яшанг, улкан қозон-ўчоқ керак бўлади. Албатта улкан палов – кўпчиликнинг ризқи, уни ажнабий баҳайбат Гулливерга илинмаймиз. Бироқ тасаввур қилинг: улкан қозон ва бир неча тоннали паловнинг ёнида қўқонараванинг ғилдирагидек катталикдаги лаган бўлса-чи.

Риштонлик кулол Равшанжон Тожиддинов ва ўн нафардан зиёд кулоллар сиз расмда кўриб турган катта лаганни 3 йил давомида ясашди.

Тўғри, унга тонналаб палов сиғмайди. Бироқ 30 кг ошни солиш мумкин, бу 200га яқин ошхўрнинг ризқи деганидир.

Мегатовоқнинг диаметри 1 метру 20 см. Кулолларнинг айтишича, унга 40 кг лой сарфланган. Дарвоқе, фарғоналиклар лаган эмас, товоқ дейишади.

 Бу расмларни ижтимоий тармоқда улашган риштонлик Дима Қаюм мегатовоқ Наврўзга бағишлаб ясалганини айтади.

Юртимиз ҳунармандларга бой. Улардан кутилмаган ғаройиб янгиликлар қайнаб чиқаверади. Буни рекорд дейдилар.