Риштон бозорқўми халқ кутубхонасини бузишга буйруқ бериши ортидан тадбиркор Дима Қаюм президентдан ёрдам сўраб видеомурожаат қилди

04.04.2018 | Ўзбекистон | 3277

Риштон тумани деҳқон бозорида халқ кутубхонаси очган Дилшод Болтабоевни Дима Қаюм номи билан ўзбек интернет фойдаланувчининг аксарияти танийди.

Ўтган йили Дима Қаюм бозорда кутубхона ташкил қилди. Бу жараённи мамлакатимиз ва дунёнинг турли чеккаларида яшовчи юзлаб кишилар бевосита кузатиб борди ҳамда моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Халқ кутубхонасини кўплаб таниқли ижодкорлар қўллаб-қувватлаб ўз асарларидан жўнатган. Жумладан, журналист Хайрулла Ҳамидов, Ўзбекистон Халқ шоири Хуршид Даврон, ёзувчилар Улуғбек Ҳамдам, Набижон Боқий, Каримберди Тўрамурод ва бошқалар хайрихоҳлик изҳор қилган, бир неча ижодкор кутубхона битгач, келиб суратга тушган.

Халқ кутубхонасидан бир кунда 60-70та китоб ўқиш учун олиб кетилади.

Дилшод Болтабоевнинг халқ кутубхонаси яратиш ташаббусидан илҳомланган бошқа вилоятдагилар ҳам ўз жойида халқ кутубхонаси ташкил этишга киришиб кетган.

Дима Қаюмнинг кутубхонаси ҳақида Кун.уз, Соф.уз, Дарё.уз, ВВС Ўзбек ва ҳаттоки, Туркиядаги нашрлар ҳам ёзган.

Дима Қаюм ўзи тўплаган латифаларни “Мен ким Дима Қаюм” номи остида китоб қилиб нашр эттирган.

Бугун Дима Қаюм 30 млн сўмдан зиёд маблағ сарфлаб қурган кутубхонасини бозор маъмурияти бузишга буйруқ бергани ҳақида алам билан видеомурожаат қилди. Бозордаги жойининг кадастр ҳужжатлари,, тўловларни ўз вақтида тўлаб боришини исбот сифатида намойиш қилди.

“Мен риштонликлар маънавиятли бўлсин, китоб ўқисин, деб кутубхона ташкил этсаму, булар қанақа одамлар ўзи, менга буз деяпти. Юртимиздан олимлар чиқсин, деяпман... бўлмаса ҳаммасини йиғиштириб кетвораман..”, деб кўзига ёш олди сарфлаган меҳнати ва маблағига ачинган тадбиркор ва маърифат тарқатувчи Дилшод Болтабоев.

Айтиш керакки, бу Дилшод Болтабоевнинг кутубхонасига маҳаллий мансабдорларнинг биринчи “ҳужум”и эмас.

Шу йилнинг февралида туман архитектура бошлиғи кутубхонани ноқонуний қурганлигини иддао қилиб бузишга чақирган, Дилшоднинг президентга ёзма мурожаати, кўплаб сайтларнинг бу мавзуда бонг ургани, оқибатда воқеага сенатор Иқбол Мирзо ва Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев аралашгани ортидан кутубхона бузилмайдиган бўлганди. Тафсилотларни ушбу ҳаволада ўқишингиз мумкин.

Риштон тумани “Деҳқон бозори” МЧЖ бошқаруви раиси И. Орипжоновнинг тадбиркор Дилшод Болтабоевга 4 апрел куни жўнатган огоҳлантириш хатида ноқонуний қурган савдо дўконингиз ва айвонни 10 кун муддатда кўчириб бўшатиб қўйишингизни сўрайман. Акс ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга мурожаат этишга мажбурмиз”, деб ёзилган.

“Ахир яқинда қуришга ўзлари рухсат берганди-ку”, дея бўғилади Дима.

                                    Таъкидлаш жоизки, кутубхона биноси бошқарув раисининг огоҳлантириш хатида писанда қилинганидек махсус автотранспорт кириб чиқишига тўсқинлик қиладиган даражада ваҳимали қилиб қурилмаган. Sof.uz мухбирлари кутубхона биносини бориб кўрган. Мамлакатимиз зиёлилари ижтимоий тармоқда юртимиздаги биринчи қалдирғоч – шахсий ташаббус туфайли бунёд этилган халқ кутубхонасини бузишга чақириқни кескин қораламоқда ва маърифатга ҳужум сифатида баҳоламоқда.