Сиёсатшунос экспертлар "Усмон Ҳақназаров" мақолалари бўйича ўз хулосаларини айтдилар

09.04.2018 | Жамият | 3063

Бугун, 9 апрель куни, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаев, блогер Ҳаëт Насреддинов, шунингдек, тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровлар устидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Улар Жиноят Кодексининг 159-модда 4-қисми (Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва қонуний сайланган ҳукуматни қуролли йўл билан ағдаришга уриниш) бўйича айбланмоқда.

Бугунги суд мажлисида сиёсатшунос экспертлар иштирок этди. Экспертлар ўз кўрсатмаларида "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида ёзилган мақолаларда Ўзбекистондаги Конституциявий тузумни қуролли йўл билан ағдаришга уринишга чақириқлар бўлганини тасдиқладилар.

Хусусан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети Халқаро муносабатлар кафедраси профессори Ниҳола Тўлаганова "Усмон Ҳақназаров" муаллифлиги остида ёзилган мақолаларда Ўзбекистондаги Конституциявий тузумни ҳукуматни ағдариш йўли билан ўзгартириш бўйича таклифлар бўлганини таъкидлади.

Жумладан, 2013 йилнинг 2 февралида ёзилган "Каримов Сўх анклавини Қирғизистонга сотишни режалаштирмоқда", сарлавҳали мақолада "Каримов диктатурасининг одамлар устидан кулишига қай пайтгача чидаш мумкин, қўлга қурол олиш керак" деган даъват бўлганини мисол келтирди.

Дипломатия университети Халқаро муносабатлар кафедраси декани, профессор, сиёсий фанлар номзоди Мурод Баҳодиров ҳам октябр ойидан то декабр ойи охирига қадар "Усмон Ҳақназаров" қаламига мансуб 2013-2017 йиллар оралиғида ёзилган 70га яқин мақолаларни эксперт нуқтаи-назаридан ўрганганлигини айтиб ўтди.

Баҳодиров мақолаларнинг бирида "мавжуд Конституциявий тузумни қуролли йўл билан ағдаришга даъват бор"лигини маълум қилди. 2016 йилда ёзилган мақолаларнинг бирида "Бизнинг вақтимиз келди. Қўлимизга қурол олайлик, ҳаммасини ўзгартирайлик", — деган чақириқлар борлигини мисол тарзида келтириб ўтди.

Шунингдек, "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида 2014 йил 3 феврал санасида ёзилган мақолалардан бирида "Компьютер қаршисида ўтириб Каримов диктатурасига қарши курашишни эмас, балки амалда Каримов диктатурасини ағдаришга қарши курашиш"га чақириқлар бўлганини таъкидлади.

Экспертлар адвокатларнинг саволига жавобан, 2017 йилда ёзилган мақолаларда Ўзбекистондаги давлат тузумини ўзгартиришга даъватлар йўқлигини айтдилар.

Абдуллаев суд мажлиси якунида "Ўрим" ("Жатва") мақоласи ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

"Қора флешкадан топилган бу мақоланинг яратилган санаси 2017 йил 14 октябр этиб кўрсатилган. Яъни МХХда бўлиб турган бир вақтимда мен бу мақолани ёзган бўлиб чиқаяпман", — деб таъкидлади Абдуллаев ва бу ишга "қўпол иш" дея таъриф берди.

Илгарироқ бўлиб ўтган суд мажлисида ҳам Бобомурод Абдуллаев "Ўрим" ҳақида тўхталган ва МХХ терговчиси Алексей Веселовдан иқтибос келтирган. Абдуллаевга кўра Веселов "Усмон Ҳақназаров эртакчи. Бизнинг ҳам ўз эртакчиларимиз бор. Улар ҳозир лойиҳани ишлаб чиқмоқда. Якунлашгач, сизга ўқиб кўришга берамиз", — деган.

Эслатиб ўтамиз, Абдуллаев "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида 2003 йилдан 2004 йилнинг охирига қадар, шундан кейин 2011-2017 йилларда ёзганлигини маълум қилган. Журналистнинг сўзларига кўра, 2004-2011 йилларда ушбу исм остида чиққан мақолалар унинг қаламига мансуб эмас.

Бобомурод Абдуллаев эртага соат 10.00дан кеч 18.00га қадар юқорида келтирилган мақолаларнинг қайси бири унга тегишли эканлигини рўйхат қилиб, ўзига тегишли бўлган ва тегишли бўлмаган мақолалар рўйхатини судьяга тақдим этиши керак.