Блогер мулоҳазаси: Мен қамчини севаман, менга зуғум ёқади

10.06.2018 | Блог | 3277

Финалга етиб келган блогер дами чиққан пуфакка, заряди тугаган батареяга ўхшайди. Тишининг ковагидаги мавзуларини ёзиб бўлган, энди бошқа топиш керак. Энг эсда қоларли блогпостлар дастлабки босқичларда кузатилиши сабаби шудир, эҳтимол. Буни, кўпчилик эътироф этса керак. Хусусан, 2-босқичда биринчи ўринни олган Исроил Тиллабоев “Биринчи блогпостни финалгача сақламайсанми, аҳмақ”, деб ўзига хос тарзда танбеҳ берган эди. Ким билиб ўтирибди, дейсиз. Дарвоқе, билмаслик ҳақида гап кетди. Билганларим ҳақида эмас, билмайдиган нарсаларим ҳақида ҳам ёзиб кўрайчи.

Олдиндан айтиб ўтишим керакки, бу сафарги мавзу эркинлик эмас, зеҳниятимиздаги қаттиққўлликка мойиллик ҳақида. Муаллиф эркинлик тарафдори сифатида доим норози постлар ёзиб давлат сиёсатини танқид қиларди, энди бошқача фикрлаб қолибди, десалар дейишсин.

Сиёсатшунослик ва жамиятшуносликка оид яхши мақолалар эълон қилган, Европада илмий иш билан шуғулланаётган толиби илмга бир вақтлар берган бир саволимга жавоб ололмаганман. “Одамларни қандай қилиб тезлик билан тартибга ўргатса бўлади? Жамиятнинг онгини ошириш керакми ёки кескин (баъзида адолатсиз) чоралар кўрилиши тўғрими? Энг тартибли ва қонунга итоаткор кишилар ривожланган ғарбдадир. Тўғри, улар маданиятли, онги юксак этиб тарбияланган. Аммо 80 йил олдин ўртоқ Сталин даврида ҳам одамлар кучли тартибга ўргатилганди. Европаликлардан фарқли равишда ярим оч, саводхонлиги паст аҳоли қаттиқ жазодан қўрқарди. Айтингчи, тезлик билан тартиб ўрнатишга тўғри келса, қайси йўлдан юрардингиз?”. У йигит “буни алоҳида мақола қилиш керак”, деди, аммо ёзмади, шундай қилиб бу саволнинг жавоби менга қоронғулигича қолди.

Фараз қилинг, тиғиз кўчанинг четини одамлар қўлбола “стоянка” қилиб олган. Стол қўйиб писта-қурут ҳам сотишади. Аммо бир куни “стоянка”нинг ёнидаги бино нақ майдонча устига қулиб тушиши эҳтимоли аниқланди. Маҳаллий ҳокимият огоҳлантирувчи ёзув илди, махсус белги осди, тўсди, маҳаллий посбонлар аралашди. Одамлар ёзувга қарармиди – машина қўйишда ва савдо қилишда давом этди. Шунда ҳокимият дубинкали ўнта милиционерни жалб қилиб машиналар ва одамларни куч билан чиқариб юборди. Шу тариқа катта фожеа олди олинди. (Бу бир мисол, тўғри, ҳозир давлат бирор янгилик киритса, одамлар тагида бир балоси бор, деб шубҳаланади, аммо у бошқа мавзу). Ёки ҳайдовчи камарини олинг, шофёр зоти борки, мелисани кўргандагина тақади, ҳолбуки у ўзининг саломатлиги учун керак. Мен ишлайдиган ташкилот ходимларини ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишади, аммо одамлар шуни ҳам четлаб ўтиб, беш-ўн сўм эвазига “справка” олиш пайида бўлади. Ҳа, одамларни мажбурламаса, бошқалар тугул ўзига яхшиликни раво кўришни ҳам бас қилиб қўярмикан, деб ўйлайсан киши.

Бугун ғарб маданиятидан таъсирланган зиёлилар сиёсий эркинликлар, либераллик, дахлсизлик, плюрализм каби тушунчаларни шарҳлаётганини, уларнинг давлатчиликдаги аҳамияти ҳақида ёзишаётганини тез-тез учратамиз. Буларнинг барчаси зарурлигига шубҳа йўқ, аммо шартли равишда бўлинган шарқ ва ғарб давлатлари етакчиларининг сиёсий қиёфаларини таққослаб, шарқда муваффақиятли автократ лидерлар оз эмаслигининг гувоҳи бўламан. Келинг, шарқ давлатларининг “қамчиси бор” етакчиларига назар солайлик. Мустафо Камол Отатурк (Туркия), Оятилло Ҳумайний (Эрон), Пак Чон Хи (Жанубий Корея), Махатхир Муҳаммад (Малайзия), Ли Куан Ю (Сингапур) ва бошқалар. Уларнинг ҳеч бирини либерал ёки демократ деб бўлмайди, ҳаттоки, диктатор деб сифатлашади. Улар ҳам ўзига ёқмайдиган фикрни бўғган, мухолифатни репрессия қилган, ўзининг танқидчиларини аяб ўтирмаган, ОАВ устидан назорат ўрнатган, қисқаси қўлидан қамчисини қўймаган. Аммо қаттиққўллик билан бўлса-да, ислоҳотчи лидерларнинг эришган юксак натижалари эътирофга лойиқ, зотан уларнинг учтаси мамлакат иқтисодини “Осиё йўлбарси” даражасига кўтарди. Биз қизиқ одамлармиз, мажбурламаса, натижа бермаймиз чоғи. Зеҳниятимизда “етакчи қаттиққўл бўлиши керак” деган ақида сингиб кетган, ҳаттоки, юмшоқ табиатли етакчига бўйсунгимиз келмайди. Айниқса, псевдоанархиядан кейин ҳозиру нозир бўлувчи автократияни хуш қаршилаймиз. Ҳа, мундоқ раҳбарга ўхшаб бир сўкса, бошқа гап экан. 2016 йилнинг сўнгида президент Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимлари халқ томонидан сайланишини таклиф қилди. Тўғри, бу янгиликдан хурсанд бўлдим, чунки тайинланган шахс тайинлаганнинг, сайланган шахс эса сайлаганларнинг иродасига қараб иш тутади. Аммо бу ислоҳотнинг меваси кечпишар деб биламан, чунки сайлаш малакаси йўқ одамларимиз ё бир артистмижоз ваъдабозни, ё супертанишбилишчини ё бўлмаса ҳеч кимнинг дилини оғритмайдиган мўмин-қобил кишини сайлаб қўйишади ва кейин “раҳбар дегани қаттиққўл бўлиши керак”, деб ғудраниб юришади. Афсуски, бизнинг ҳар қандай раҳбарни диктаторга айлантирувчи “қудратимиз” бор.

...Яна бир гап. Мухолифатдаги собиқ депутат Пўлат Охуновнинг ёзишича, биринчи президент Ислом Каримов умрининг охиригача лавозимда қолишига сабаб Наманганда таъқиб ва қатағон қилинган диний фаоллар учун жавобгарлик хавотири бўлган. Тасаввур қиляпсизми, агар 91-92 йилларда Наманган тартибсизликлари рўй бермаганда, диндорлар бу қадар қаттиқ қатағон этилмасди, журналистлар эркинлиги бўғилмасди. Эҳтимолки, 90-йилларнинг эркинлик ҳавоси ҳуқуқий онгимизни юксалтириб қўйгач, президентга лавозимни бўшатиш ҳақидаги бош қонунни эслатишга иродамиз етган бўларди. Ва бугунги ислоҳотлар ўн беш йил олдин бошланарди. Пуллар ўмарилмаган, “каламуш”лар урчимаган, “симёғоч ҳам қамалмаган”, таълим тизими тўғнамаган бўларди... Яна ким билади, дейсиз.

Шукуржон Исломов

Ушбу блогпост блогерлар чемпионатида иштирок этмоқда