Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ҳуқуқшунос минбари: Мактабларни молиялаш учун ким масъул?
16.06.2018 10:22,  
132

Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга бўлиб, давлат бепул умумий таълим олишни кафолатлайди. Мазкур ҳуқуқ таъминланиши учун умумтаълим мактабларини таъмирлаш мақсадида ҳам давлат бюджетидан, ҳам маҳаллий ҳокимиятдан ҳар йили маблағ ажратилиши белгиланган. Бутун бошли жамғарма ҳам фаолият кўрсатмоқда. Шунга қарамасдан, ўтган ҳафталарда ижтимоий тармоқларда абгор ҳолатда бўлган мактаблар кенг муҳокамага сабаб бўлди. Қолаверса, умумий таълим муассасаларида ота-оналардан турли баҳоналар билан пул йиғиб олиш ҳам одатий ҳолга айланган. Хўш, абгор аҳволда бўлган умумтаълим мактаблари учун ким масъул? Бу масалага эътиборсизлик кўрсатаётган мансабдор шахсларга қарши ҳуқуқий чора борми?

Мактаб ва коллежларни молиялаш давлат органларининг мажбуриятлари

Бепул умумий таълимни кафолатлаш давлатнинг умумий таълим билан боғлиқ бўлган асосий сарф-харажатларни ўз зиммасига олишини англатади. Шу сабабли, Таълим тўғрисидаги Қонуннинг 31-моддасида давлат таълим муассасаларини молиялаш республика ва маҳаллий бюджетлар маблағлари, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган. Умумтаълим мактаби тўғрисидаги Низомга кўра, давлат мактаб фаолияти ва уни ривожлантиришнинг моддий-техник, молиявий ва бошқа эҳтиёжларининг қондирилишини таъминлайди (I-боб, 8-банд).

Қонунчилик умумий қоидалар билан чекланмасдан, таълим билан боғлиқ бўлган алоҳида эҳтиёжлар учун ким масъул эканлигини аниқ санаб ўтади. Жумладан, таълимни ривожлантиришга оид 1) мақсадли экспериментлар, 2) истиқболли педагогик дастурларни илгари сурган экспериментал ва бошқа мактабларнинг фаолияти Халқ таълими вазирлигининг марказлашган фонди ҳисобидан молиявий таъминланиши мумкинлиги айтилади (VI-боб, 5-банд).

Ҳокимликлар эса мактабларга зарур иншоотлар ва бинолар, муҳандислик коммуникациялари, ер майдонлари, ўқув қуроллари, инвентарларни етказиб беради; мактаб бинолари ва иншоотларини ўз вақтида асосли ва жорий тузатиб беришни, мактабларни асбоб-ускуналар билан таъминлашни ўз зиммасига олади (VI -боб, 11-банд).

Демак, мактаблар учун керак бўладиган ҳар қандай маблағ ва харажатларнинг қопланиш тартиби ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланган. Бу дегани мактабда юқорида тилга олинган муаммо ёки эҳтиёжлардан бири кузатилганда, мактаб маъмурияти ва ота-оналар биринчи навбатда ҳокимият ва маҳаллий Халқ таълими бошқармасидан керакли маблағ ажратилишини талаб қилишлари керак.

Амалда эса расмий ҳужжат талаблари бажарилмаётганини кўрамиз. Бу ҳолатда мактаб ва ўқувчиларнинг ота-оналари қандай иш тутиши мумкин?

Мактаб директорининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Низомга кўра, мактаб директорлари давлат ва жамоат ташкилотларида мактаб манфаатларини ифодалайдилар. Улар мактаб кенгаши, маҳаллий ҳокимлик олдида ўз фаолияти учун жавоб беради ва уларга вақти-вақти билан ҳисоб бериб туради. Директорлар молиявий таъминлашнинг турли манбаларидан фойдаланиб, мактабнинг ўз фондини ташкил қиладилар. Директорлар ўқув-тарбия жараёнини режалаштиради ва ташкил қилиш, мактаб дастурларининг бажарилишини назорат қилиш, мактаб ишларининг сифати ва самаралилигига, болаликни ва меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишига жавоб беради.

Юқорида санаб ўтилган вазифаларни бажариш моддий таъминот билан чамбарчас боғлиқ. Зеро мактабни таъмирлаш, қурилиш, моддий-техник ва бошқа эҳтиёжлари қондирилиши учун ҳамиша маблағ керак. Шундай экан, мактаблардаги ўқув жараёни билан боғлиқ бўлган эҳтиёжларни бажариш учун мактаб директори тегишли ҳокимлик ва Халқ таълими вазирлигининг маҳаллий бошқармалари билан яқиндан ишлаши керак.

Демак, мактабнинг ҳар қандай молиявий эҳтиёжлари ҳақида мактаб директори хабардор бўлиб, мактаб учун қўшимча маблағ топиш мажбурияти айнан мактаб директори зиммасида. Мактаб учун қўшимча маблағлар билан тегишли бўлган муаммоларни ҳал этиш учун мактаб директори маблағ ажратилишини кутмасдан, тегишли давлат органлари ва ҳокимиятга мустақил илтимоснома билан мурожаат қилиши керак.

Албатта, мактаб директори қўшимча маблағ қидириб тегишли давлат идораларига мурожаат қилиши билан моддий ёрдам ажратилади, деб ҳеч ким кафолат бермайди. Аммо энг камида мактаб директори расман мажбуриятлари доирасида қўшимча маблағ топиш учун барча чораларни кўриши ва бу борадаги саъйи-ҳаракатларини ҳужжатлаштириши керак. Акс ҳолда, мактаб директори жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин (масалан, Жиноят Кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ёки 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) асосида).

Қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилмаслик учун мактаб директори мактабга қўшимча маблағ топиш борасида амалга оширган барча ҳаракатларини ҳужжатлаштириб бориши керак. Бу билан мактаб директори мактаб фаолиятини моддий-техник ва бошқа эҳтиёжларини қондириш учун қачон ва қандай чора кўрганини кўрсата олади. Бундан ташқари, мактаб директори ҳар гал расмий мурожаат қилганда тегишли давлат органи ёрдам бермаган тақдирда, мазкур давлат органининг ҳаракатсизлиги ҳам ҳужжатлаштирилган бўлади. Шу билан бирга, қайси ҳудудда жойлашган мактаблардан энг кўп қўшимча маблағ талаби келаётганини кузатиш орқали у ерда айнан қандай муаммолар бор эканлигини кузатиш орқали айнан қандай чоралар кўриш шарт эканлигини аниқлаш осонроқ бўлади.

Ота-она ва ҳомийлар ёрдами вақтинча ечим сифатида

Давлат томонидан ажратилаётган пуллар етарли бўлмаса, маблағлар вақтида ажратилмаса ёки бу борадаги мактаб директори ҳаракатлари самара бермаса, мактаб директори ўқувчиларнинг ота-оналари ёки ҳомийлардан моддий ёрдам олиши мумкинми?

Жорий йилнинг апрел ойида мактабларда пул йиғиш масаласи бўйича Адлия Вазирлиги биринчи марта муносабат билдириб, Халқ таълими Вазирлигига хат юборгани хабар қилинди. Адлия Вазирлигининг муносабати умумтаълим мактабларида таъмирлаш учун ота-оналардан пул йиғиш ноқонуний, деб хулоса чиқаришга сабаб бўлди. Фикримизча, мактабларда пул йиғилиши амалдаги қонунчиликни бузмайди.

Умумтаълим мактаби тўғрисидаги Низомнинг VI-бўлими мактабларнинг молия-хўжалик фаолиятига бағишланган бўлиб, мактабнинг молиявий маблағи давлат бюджети ва мактабнинг бошқа манбалари ҳисобига шаклланиши айтилади. Мактабнинг ўз маблағлари, жумладан, давлат, ташкилотлар, ота-оналар ва бошқа фуқароларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобига шаклланиши мумкин. Демак, ихтиёрий бўлган тақдирда, мактабларда ота-оналардан ёки ҳомийлардан пул йиғиш ноқонуний ҳисобланмайди.

Ота-она томонидан берилган тўловлар қачон мажбурий тус олади?

Ота-оналар томонидан тўланадиган бадаллар ва бошқа кўринишдаги хайр-эҳсон ҳаракатлари ихтиёрий бўлиши керак. Ота-онани турли йўллар билан пул тўлашга мажбур қилиш ноқонуний ҳисобланиб, ҳар бир ота-она бунга қарши қонуний чораларни кўриши шарт.

Мажбурий тўловлар турли хил кўринишда бўлиши мумкин. Масалан, пул тўланмаган тақдирда, ўқитувчи ўқувчини синф олдида камситиши ёки танбеҳ бериши мумкин. Ёки бўлмаса, янги ўқувчини мактабга қабул қилиш учун ота-онадан мактаб фонди учун пул ўтказишини шарт қилиб қўйиши мумкин. Демак, ота-она мактаб маъмурияти сўраган пулни ёки бошқа кўринишдаги ёрдамни бермагани учун фарзандига қарши қилинган ҳар қандай босим ноқонуний ҳисобланади.

Ихтиёрий тўловларни назорат қилишнинг аҳамияти

Айтайлик, давлат томонидан етарли маблағ ажратилмаяпти. Мактаб раҳбарияти ота-оналардан қонунчиликда рухсат этилган усулда пул йиғишга киришди. Бунда ота-оналар розилик билдирган тақдирда ҳам, барча тўпланган маблағлар расмийлаштирилиши керак. Акс ҳолда, ота-оналардан йиғилган маблағлар қандай тасарруф этилаётганини назорат қилиш қийин бўлади. Масалан, ота-оналар мажлисида синф раҳбари рақс тўгарагини очиш учун қўшимча 3 000 000 сўм қўшимча маблағ зарурлигини айтса ва ота-оналар мазкур пулни йиғиб беришга розилик билдирса, пул ким томонидан ва қай кўринишда йиғилиши (масалан, банк ҳисобига пул ўтказиш ёки нақд пул тўлаш), маблағ қайси мақсадлар учун сарфланиши (масалан, рақс тўгараги олиб бориладиган хонани таъмирлаш ва жиҳозлаш), маблағ кўзланган мақсадларда сарфланишини ким назорат қилиши, маблағлар қандай сарфлангани ҳақида ота-оналарга қачон ва қай кўринишда ҳисобот берилиши каби масалалар ҳақида расмий ҳужжат тузилиши шарт (баённома кўринишида бўлиши мумкин).

Ота-она ўз ихтиёри билан пул тўлашга қарор қилганда, маблағни иложи борича мактаб банк ҳисобига ўтказиш керак. Бу ўз навбатида пул ўтказилганлигини исботлашни осонлаштиради. Шу билан бирга, мактаб раҳбарияти мазкур маблағ қандай сарфлангани ҳақида ҳисобот беришини осонлаштиради. Ота-она пулни нақд тўлаган тақдирда эса, пулни қабул қилиб олган ўқитувчидан қачон, қандай миқдорда ва нима мақсадлар учун пул олингани ҳақида тилхат тузиб, олувчи ва берувчи томонидан имзоланиши керак. Ота-оналар томонидан шундай ҳужжат тузилишининг назорат қилинмаслиги тўпланган маблағларнинг кўзланган мақсадлар учун сарфланмаслигига ёки умуман маблағ беҳуда совурилишига олиб келиши мумкин.

Юқоридаги тавсияларга риоя этмаслик умумий таълим учун ҳам давлат, ҳам фуқаролар томонидан қилинаётган харажатлар ҳақида аниқ таассуротга эга бўлиш имконини чеклайди. Масалан, ҳар йили умумтаълим мактабларини таъмирлаш учун давлат томонидан 100 млрд. сўм пул ажратилаётган бўлса, мазкур миқдор умумий таълим муассасаларини молиялаш учун етарлими ёки йўқми, ҳозирча бу ҳақда хулоса чиқариш қийин. Сабаби, ота-оналар ва ҳомийлар ҳам катта миқдорда тўловларни амалга оширмоқда. Давлат ҳар йили 100 млрд. сўм ажратсаю, йиллик ота-она ва ҳомийлардан келиб тушаётган тўловларнинг умумий миқдори 50 млрд. сўмни ташкил қилаётган бўлса, демак давлат умумий таълим муассасалари учун ажратилаётган пулни энг камида 50% орттирмоғи лозим.

Қачон, кимга ва қандай шикоят қилиш мумкин?

Мактаб эҳтиёжлари учун қўшимча маблағ керак бўлганда, масалан қурилиш ёки таъмирлаш ишлари учун, ота-оналар биринчи навбатда мактаб директори билан учрашиб, бу борада қандай чоралар кўрилаётганини сўрашлари керак. Ота-оналар биринчи навбатда мактаб директоридан мактабнинг моддий эҳтиёжларини қоплаш учун қандай чоралар кўрганини сўрашлари керак. Бунинг учун алоҳида рухсат керак эмас. Ахборот излаш ва олиш ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқи (29-модда, Конституция). Қолаверса, мазкур ҳуқуқ бир қатор қонун ҳужжатлари билан ҳам кафолатланади (масалан, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунга қаранг).

Бордию, мактаб директори мажбуриятлари ва ваколатлари доирасида қўшимча маблағ топиш учун барча чораларни кўрган бўлса, унда ота-оналар мактаб директори илтимосномаларини эътиборсиз ёки ҳаракатсиз қолдирган ҳокимият ва/ёки маҳаллий Халқ таълим вазирлиги бошқармаси билан учрашиб, тушунтириш талаб қилишлари керак. Бунинг учун ҳам мансабдор шахснинг алоҳида рухсати керак эмас. Юқорида тилга олинган ҳуқуқий асослар ёрдамида тегишли мансабдор шахс билан боғланиб, мактаб учун керак бўлган маблағларни ажратишдаги муаммолар сабабини тушунтириб беришларини талаб қилиши мумкин.

Мабодо ҳокимият ва маҳаллий Халқ таълим вазирлиги бошқармаси амалий ёрдам кўрсатмаган тақдирда, фуқаролар ҳамиша Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси ёки судга мурожаат қилишлари мумкин. Прокуратурадан қонунлар ижроси таъминланишини, суддан эса тегишли мансабдор шахсларга қарши мажбурий чоралар кўрилишини сўраб ариза топшириш мумкин.

Расмий идоралар билан бўлган барча алоқаларни иложи борича ёзма амалга ошириш керак. Шунда ариза ёки шикоят қачон ва кимнинг номига юборилганлигини кўрсатиш осон бўлади.

Миракмал Ниязматов, ҳуқуқшунос

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан