Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Газета – ҳақиқат кўзгуси(?)
15.10.2016 17:41,  
1071

Моҳларойим ҚАЮМОВА,

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси

Газетани ҳақиқат кўзгусига тенглаштиришади. У ҳаётда содир бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида нафақат хабар беради, балки шу орқали орқали ўқувчилар онгига таъсир кўрсатади. Шу боис, газета учун нимани ёритиш билан бирга, қандай ёритиш масаласи ҳам жуда муҳим. Даврий нашрлар кенг аудиторияга мўлжалланган экан, уларнинг тили тушунарли, адабий меъёрлар нуқтаи назаридан тўғри ва аниқликка асосланган бўлиши керак. Бу нафақат газета илмининг, балки ўқувчининг ҳам талабидир. Афсуски, миллий матбуотимиз саҳифаларида  хатолар аллақачон янгилик бўлмай қолди.  

Тадқиқотимизда газеталарнинг нафақат орфографик, балки услубий ва лексик камчиликларини ҳам таҳлилга тортдик. Чунончи, стилистика, сўз қўллаш ва жумла тузиш билан боғлик хатолар мақола мазмунининг ўзгариб кетишига олиб келиши мумкин. Қолаверса, газета ишида ўқувчини қизиқтириб олиш, аудитория эътиборини тортиш сингари жиҳатлар борки, алоҳида эътиборни газеталар тилининг хос хусусиятлари, матн концепцияси ва бошқа лисоний аспектларга қаратдик. Тадқиқот объекти сифатида миллий матбуотимизнинг етакчи нашрларидан бўлмиш “Ҳуррият”, “Халқ сўзи”, “Маърифат”, “Тошкент оқшоми”, “Оила ва жамият” газеталари танлаб олинди. Ушбу нашрларнинг 2013-2015 йиллар оралиғидаги фаолиятини таҳлилга тортган ҳолда, газеталарда учрайдиган камчиликларни қуйидагича классификациялаш мумкин:

1. Абстракционизм – узун жумлалардан фойдаланиш.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, газета жумлалари ўртача 8-14 сўздан иборат бўлгандагина ўқувчи томонидан яхши ўзлаштирилади. Қолаверса, дунёнинг етакчи медиа-экспертлари газета тилида кўпроқ содда гаплардан фойдаланишни маслаҳат беришади. Бироқ аксарият нашрларимиз учун асосан қўшма ва мураккаб-қўшма гапларни қўллаш хосдир. Масалан, “Халқ сўзи” газетасида берилган “Ўзини оқлаган тараққиёт йўли” сарлавҳали мақолада (18.09.2015) жами 82 та гап иштирок этган бўлиб, улардан 8 тасигина содда, қолган 74 таси қўшма ва мураккаб гаплардир.

Абстракционизм яна бир салбий ҳолат – тавтологияни вужудга келтиради. “Халқ сўзи” газетасида ёритилган (3.10.2015) “Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури амалда” сарлавҳали материалда берилган жумлани кўриб чиқамиз[1]:“Эшитув давомида 2015 йилда янги объектларни ишга тушириш, асосан, саноат, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш ва улардан янада тўлароқ фойдаланиш, инфратузилма, коммуникация ва турар жой қурилиши кўламини янада кенгайтириш, кичик бизнес, шу жумладан якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликни, фермер ва деҳқон хўжаликларини жадал ривожлантириш, касаначилик турларини кўпайтириш, иши тўхтаб қолган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисида батафсил маълумот берилди”. Гапда жами 75 та сўз иштирок этган. Жумланинг ниҳоятда узунлиги туфайли ўқувчига етказиш кўзда тутилган асосий мазмун йўқолган. Шунингдек, сўзларнинг такрор қўлланилиши тавтололгияни келтириб чиқарган. Хусусан, “ва” боғловчиси 6 марта, “иш” сўзи 3 марта, “янада” ва “қайта” сўзлари 2 мартадан қўлланилган.    

2. Тавтология – жумла таркибида бир хил ёки ўзакдош сўзларнинг қўлланилиши.

Қайтариқларни нафақат қўшма гапларда, балки содда ёйиқ гапларда ҳам кузатиш мумкин. Бу ҳолат газетада чоп этилган мақола қийматини тушириб юборади, журналист сўз бойлиги ҳақида салбий таассурот қолдиради. Афсуски, қайтариқлар миллий нашрларимиз саҳифаларида тез-тез учраётган камчиликлардан бири. Хусусан, қуйидаги мисолларда тавтология яққол  кўзга ташланади: “Биз бугун боғларнинг боғ бўлишида муҳим ўрин тутган сув масаласида қисқача тўхталмоқчимиз” (“Маърифат” газетаси, “Ноёб топилма”, 16.05.2015). “Айни кунда телевизор беминнат болани вояга етказишда ота-оналарнинг беминнат ёрдамчисига айлангани сир эмас” (“Ҳуррият” газетаси, “Қуш тилини қуш билади”, 11.02.2015).

Синонимлардан фойдаланмаслик у ёки бу сўзнинг кўп маротаба такрорланиши, пировардида мақола ички лексиконининг ҳаминқадар бўлишига олиб келади. Масалан, “Ҳуррият” газетасида чоп этилган “Вақтни беҳуда ўтказманг” сарлавҳали мақолада (22.04.2015) “вақт” сўзи 12 марта такрорланган.

3. Клише – ҳаддан ташқари кўп қўлланиладиган гаплар, фикрнинг тайёр қолиплари.  

Миллий матбуот таҳлили шуни кўрасатдики, журналистлар меъёрдан ортиқ, баъзи нуқталарда мутлақ ноўрин, бироқ автоматик тарзда қўллайдиган клише-сўзлар луғати шаклланган. Уларнинг сирасига “ислоҳот”, “тадбир”, “модернизация”, “реконструкция” сингариларни киритиш мумкин. “Халқ сўзи” газетасининг битта сони (30.09.2015) мисолида кўрадиган бўлсак, “мамлакатимиз” (гарчи бу сўзнинг бошқа кўплаб синонимлари мавжуд) 22 марта, “соҳа” 18 марта, “жадал”, “изчил”  сифатлари 10 марта қўлланилган. “Амалга оширилаётган ислоҳотлар” бирикмаси эса жами 11 марта келтирилган.  Кўриниб турибдики, нафақат сўзлар, балки муайян сўз бирикмалари ҳам клише тусига кирган. Жумладан, “зарур чора-тадбирлар”, “кенг кўламли ислоҳотлар”, “изчил ишлар”, “батафсил маълумотлар”, “қимматбаҳо совғалар”, “қизиқарли маърузалар” сингари сўз бирикмалари шу қадар кўп қўлланилганки, таъсирчанлиги ва залворлилигини йўқотиб қўйган. Шунингдек, “кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда”, “изчил ишлар олиб бориляпти”, “эътибор қаратиб келинмоқда”, “юқори самарадорликка эришилмоқда” каби жумлалар журналистлар томонидан тайёр қолипдай мақолаларга сингдирилиб юборилмоқда. Ваҳоланки, юқоридаги сўз  ва сўз бирикмаларининг ўнлаб синонимик вариантлари мавжуд.

Қолип-гаплардан фойдаланиш миллий матбуотда бир хил жумлаларнинг такрор-такрор келишини келтириб чиқармоқда: “Барча соҳаларда изчил амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўзининг юксак самараларини бермоқда” (“Ҳуррият” газетаси, “Қуёшни уйғотганлар”, 21.01.2015) = “Бинобарин, изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли барча соҳаларда юқори самарадорликка эришиляпти” (“Оила ва жамият” газетаси, “Бизнес ғоялар амалда”, 15.07.2015). Кўриб турганимиздек, икки жумланинг қурилиши ва лексик таркиби бир хил. Бу ҳолат юқоридаги икки нашр ўртасидагина эмас, бутун матбуот миқёсида кузатилаётгани ачинарли ҳолат.

4. Абстрактлик

 Тадқиқотчилар матбуотда мавҳумликдан имкон қадар қочишни тавсия қилишади. Айниқса бугунги ахборот асрида ўқувчиларни аниқ, лўнда, фактларга асосланган материаллар қизиқтиради. Бироқ газеталаримиз тилида мавҳум сўзлар устунлик қилмоқда. Бу жиҳат мақолаларнинг сарлавҳаларидаёқ кўзга ташланади: “Юксалиш довонлари” (“Ҳуррият”, 22.07.2015), “Илҳомбахш имкониятлар” (“Ҳуррият”, 18.03.2015), “Камолот саршачмаси” (“Ҳуррият”, 10.06.2015), “Меҳр мавжи” (“Халқ сўзи”, 1.10.2015), “Хайрли ташаббус” (“Тошкент оқшоми”, 23.09.2015). Мақолаларда қўлланиладиган сўзларнинг аксарияти мавҳум мазмунга эга.

5. Плеоназм – жумла таркибида ортиқча сўзларнинг бўлиши.

Плеоназм матбуотда тез-тез такрорланадиган ҳолатлардан биридир. Масалан: “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини услубий адабиётлар билан таъминлаш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилдики, бу маҳаллалар иш фаолиятини яхшиланилишига муҳим омил бўлди” (“Ҳуррият” газетаси, “Маҳаллам – фаҳрим”, 01.01.2015. Жумладаги “таъминлаш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилди” сўзлари ортиқча бўлиб, “адабиётлар билан таъминланди” дейишнинг ўзи кифоя.

6. Жумла тузиш билан боғлиқ хатолар:

Бу типдаги хатоликлар асосан гап бўлаклари тартибининг бузилиши билан боғлиқ. Шунингдек, матбуот саҳифаларида бутунлай хато тузилган жумлалар ҳам учраб туради. Масалан: “Агар шу меъёр талабларига амал қилмасак бизга катта кулфатларни олиб келиши мумкин” (“Тошкент оқшоми” газетаси, “Ёнғинларнинг олдини олайлик”, 22.09.2015); “Кўплаб инсонларга учрайдиган вақт масаласи, айни замоннинг ишбилармон одамлари учун долзарб муаммоларидан биридир” (“Ҳуррият” газетаси, “Вақтни беҳуда ўтказманг”, 22.04.2015).

7. Сўз қўллаш билан боғлиқ хатолар:

Сўзнинг нотўғри қўлланилиши жумланинг умумий мазмунига сезиларли таъсир ўтказади. Мисол учун: “Бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан ижтимоий хизматга олинган 17,6 мингдан зиёд ёлғиз кекса соғломлаштирилди” (“Халқ сўзи” газетаси, “Ғамхўрликдан обод кўнгиллар”, 10.10.2015) – “хизмат” сўзининг ноўрин қўлланилиши натижасида кексалар хизматга олинган деган маъно келиб чиққан.  Яна бир мисол: “Шунингдек, бугун юртимиздаги етакчи клиника ва тиббиёт марказларида энг илғор технологиялар ёрдамида ноёб орерациялар амалга оширилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ”(“Ҳуррият” газетаси, “Кўзларимиз нурафшон бўлсин”, 10.06.2015) – “ноёб” сўзи “операция”га нисбатан қўлланилиши лексик хатони келтириб чиққан.  

Замонавий матбуот тилида айрим сўзларнинг нотўғри варианти шу қадар оммалашиб кетганки, уларнинг асл мазмуни унутилиб кетган.  Ана шундай сўзлардан бири – “тадбир”. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га кўра, “Тадбир – чора, илож, йўл-йўриқ, ҳаракат тарзи”дир. Бироқ матбуотда “тадбир” сўзи “йиғилиш”, “мажлис” маъноларида қўлланилади. Масалан: “Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олишди” (“Тошкент оқшоми” газетаси, “Тадбиркорлар манфаатларининг ишончли ҳимояси”, 4.09.2015)

 Нотўғри муқобили оммалашган сўзлардан бири – “изчил”. Аслида “изчил” – сифат. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га асосан, “Изчил – ўзаро узвий ва мантиқий боғланган”.  Бироқ бир қатор нашрларимизда “изчил” равиш сифатида қўлланилиб келмоқда: “Ахборот хизматлари изчил ривожланмоқда” (“Тошкент оқшоми” газетаси, 22.09.2015).

Тилимизда “рўёбга чиқмоқ” деган ибора бор. Бу иборани “мақсадлар амалга ошмоқ”, “орзулар ушалмоқ” мазмунида қўллаймиз.  “Рўёб” сўзининг ўзи эса “сув усти, сатҳи” деган маъноларни англатади. Бироқ газеталарда “рўёб”нинг бевосита “орзулар ушалиши” мазмунидаги фразеологизмга ишора қилган қўлланилишини кузатишимиз мумкин.  Бугун бу ниҳоятда оммалашган ҳолат, бироқ тил нуқтайи назаридан жиддий хатолик ҳисобланади. Яъни, “орзулар рўёби” дейиш “орзулар сатҳи”ни англатиб,  мантиқсизликни келтириб чиқади. Матбуотда “рўёб” турли сўзлар ўрнида қўлланилиб ғализ жумлалар вужудга келмоқда: “Истиқболли лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши 2013 йилда 2-босқич рўёби учун йўл очиб берди” (“Халқ сўзи” газетаси, “Инновация ва юқори самарадорлик”, 29.09.2015).     

Матбуотда “иложиси бор” деб ёзиш одат тусига кирган. Ваҳоланки, “иложиси”нинг ўзаги – “илож”, унга 3-шахс эгалик қўшимчасини бириктирганда “иложи” ҳосил бўлади. Демак, “иложи бор” дейиш тўғри бўлади.

Яна бир оммалашган хато – “бугунги кун”. “Бугун” сўзининг ўзи “бу кун” дегани. Демак “бугунги кун” дейиш мантиқан хатодир. Шунингдек, “ҳозирда” сўзи ҳам кўп қўлланилади. Бироқ “ҳозир” сўзнинг ўзи – равиш. Шундай экан от сўз туркумига хос “да” ўрин-пайт келишигини бу сўзга қўшиб бўлмайди.

8. Орфографик хатоликлар:  

Газеталардаги имловий камчиликлар кўп бора танқид остига олинган. Ачинарлиси, шундай сўзлар борки, уларнинг тўғри муқобилидан хато варианти оммалашиб кетган.  Бундай сўзлар сирасига “татқиқ” (аслида “тадқиқ”), “оҳанграбо” (аслида “оҳанрабо”), “пойафзал” (аслида “пойабзал”),  “ҳеч қиси йўқ” (аслида “ҳечқиси йўқ”), “бежизга” (аслида “бежиз”), авф (аслида “афв”) ва бошқаларни  киритиш мумкин.

 Рус тадқиқотчиси В.Аграновский газета саҳифасидаги хатони тил фожеаси дея таърифлаган. Дарҳақиқат, хато газетада босилдими, минглаб ўқувчилар томонидан у ҳақиқат сифатида қабул қилинади. Шундай экан, таҳририят мақолаларнинг нафақат мазмуми, балки имловий ва стилистик камчиликлардан холи бўлиши учун ҳам масъулдир.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. АБДУСАИДОВ А. Газета жанрларининг тили ва услуби. Монография. – Самарқанд, 2001. – 192 б.
  2.  АБДУСАИДОВ А. Журналистнинг тилдан фойдаланиш маҳорати. Монография. – Самарқанд. 2004. – 102 б.
  3.  АБДУСАИДОВ А. Матбуотда адабий нормага риоя қилиш муаммолари. – Самарқанд, 2001. – 56 б.
  4. АХМЕДОВ А. Ўзбек тилида гапнинг коммуникатив турлари. – Тошкент: Фан, 1979.
  5. БЕГМАТОВ Э., МАМАТОВ А. Адабий норма назарияси. – Тошкент, 1997. – 92 б.


[1] Газеталардан мисол келтиришда аслиятдаги орфография ва пунктуация сақлаб қолинди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан