Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






АОКА босма нашрларни қўллаб-қувватлашга доир қарор лойиҳасини ишлаб чиқди
6.05.2020 17:55,  
159

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Маълум қилинишича, ушбу қарор лойиҳаси Шавкат Мирзиёевнинг “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.

Лойиҳадан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг газета ва журналлари ходимлари маошларини маҳаллий ҳокимият органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан қоплаш, соф фойдани таҳририят ҳисобида қолдириш, даврий босма нашрларнинг ходимлари малакасини ошириш, хусусан газета ва журналлар электрон нашрини юритишда зарур бўлган кўникмаларни шакллантириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш каби бир қатор муҳим вазифалар ўрин олган.

Лойиҳага кўра, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари муассислигидаги даврий босма нашрлар:

- 2020 йил 1 июлдан бошлаб давлат божи ундирилмасдан оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўз муассислигидаги даврий босма нашрлар таҳририятларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улардаги таҳририят ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашга доир қуйидаги муҳим вазифаларни амалга оширади:

а) ўз биносига эга бўлмаган даврий босма нашрлар таҳририятларини 2020 йил 1 ноябрь кунидан бошлаб уч йил муддатга, муассис балансидаги биноларга ижара тўловисиз ёки давлат кўчмас мулки объектларига ижара тўловини ушбу кўчмас мулк объектларига нисбатан энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги шартнома асосида жойлаштириш;

б) даврий босма нашрлар таҳририятларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида молиявий йил якунида тақсимланадиган таҳририят соф фойдасининг муассисга тегишли қисмини таҳририят ҳисобида қолдириш ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш;

в) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаларидан давлат рўйхатидан ўтказилган даврий босма нашрлар таҳририятлари ходимларининг штат жадвали бўйича сони ва уларнинг иш ҳақи миқдорларини тасдиқлаш ва ушбу меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга маҳаллий ҳокимият органларининг вилоят, туман, шаҳар бюджетидан ташқари жамғармалари ҳисобидан етарли миқдорда маблағ ажратиш;

г) ўз муассисликларидаги даврий босма нашрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини ривожлантириш, шу жумладан, журналист-кадрлар захирасини шакллантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш.

“Йўл хариталари”ни ишлаб чиқишда қуйидагилар устувор йўналишлар сифатида белгиланади:

- 2020 йил 1 сентябрга қадар ўз муассислигидаги даврий босма нашрларнинг электрон вариантларини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш;

- эҳтиёжманд ва фаол журналистларни молиявий аҳволини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш;

- таҳририят ходимларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан давлат мукофотларига тавсия этиш орқали рағбатлантириб бориш;

- Республика Маънавият ва маърифат маркази, унинг ҳудудий бўлимлари билан биргаликда ойда бир кун давлат муассаса ва маҳаллаларда газетхонлик кунларини ўтказиш;

- даврий босма нашрларда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларига тақдим этган ҳисоботларини чоп этишни йўлга қўйиш;

- халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоятлар Кенгашлари томонидан тегишинча туман, шаҳар, вилоят ижроия ҳокимияти муассислигидаги даврий босма нашрлар таҳририятларининг ҳар ярим йиллик якунлари бўйича ўз фаолияти, босма нашр сифат кўрсаткичларининг ўсиш суръати, юзага келиши мумкин муаммолар ҳамда истиқболли режалар тўғрисида ҳисоботини амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида эшитиб бориш.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари муассислигидаги даврий босма нашрларнинг веб-сайт шаклини яратиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйишда ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларнинг серверларини TAS-IX тармоғига жойлаштирилади.

Шунингдек, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда 2020 йил 1 ноябрдан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари муассислигидаги даврий босма нашрларнинг бош муҳаррирлари, уларнинг ўринбосарлари, масъул котиблар ва журналистлар малакасини ошириш, хусусан газета ва журналлар электрон нашрини юритишда зарур бўлган кўникмаларни шакллантириш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этади.

2021 йил 1 январдан шундай тартиб ўрнатилади-ки, унга кўра: 

а) давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари муассислигидаги даврий босма нашрларнинг бош муҳаррирлари устувор равишда журналистика соҳасида олий маълумотга эга бўлган шахслар орасидан тайинланади;

б) туман, шаҳар ижроия ҳокимияти, давлат бошқарув органларининг ҳудудий бўлинмалари муассислигидаги даврий босма нашрлар бош муҳаррирларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этишда тегишлича юқори турувчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг хулосаси ҳисобга олинади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан