АҚШ разведкаси: Россия олий раҳбарияти хакерлик ҳужумларига алоқадор

06.01.2017 | Жаҳон | 642

АҚШ разведкаси мамлакатга уюштирилган хакерлик ҳужумлари Россия олий раҳбарияти кўрсатмаси билангина амалга оширилиши мумкин, деб ҳисоблайди. АҚШ миллий разведкаси директори Жеймс Клэппер, мудофаа вазирининг разведка бўйича ўринбосари Марсель Леттре ва АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги ҳамда киберқўмондонлик раҳбари Майкл Рожерснинг сенатдаги эшитувлар чоғи тарқатилган қўшма баёнотида шундай даъво қилинади.

"Бизнинг фикримизча, Россиянинг энг юқори лавозимли расмий шахслари АҚШдаги сайловлар билан боғлиқ маълумотларни ўғирлаб, уларни ошкор қилишга рухсат берган бўлиши мумкин", дейилган хабарда.

Россияда АҚШнинг бу айбловлари рад этиб келинмоқда. АҚШ миллий разведкаси директори Жеймс Клэппер разведканинг хакерлик ҳужумлари бўйича ҳисоботи кейинги ҳафтада тарқатилишини айтган. Унинг айтишича, ҳисоботнинг берилишида разведка "манбалар ва усуллар ҳимоясига зарур эътибор қаратади", бу эса маълумотлар тўлиқ бўлмаслигини англатади.