Трамп АҚШ разведкасини Фашистлар Германиясига ўхшатди

12.01.2017 | Жаҳон | 673

АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп ўтган йилнинг июль ойидан бери биринчи марта матбуот анжуманида иштирок этди. Бу ҳақида Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Матбуот анжумани чоршанба куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган. АҚШ президенти сифатида янги лавозимига киришишга 9 кун қолган бир пайтда Америка махфий хизматларини танқид қилган. Доналд Трамп тасдиқланмаган маълумотларнинг матбуотга чиқиб кетишида разведка ташкилотларини айблаб, уларнинг ишини Фашистлар Германияси ҳаракатлари ўхшатган.

«Ўйлашимча, разведка ташкилотлари томонидан қалбаки ва ёлғон маълумотларнинг тарқалиб кетишига йўл қўйилиши иснод келтирадиагн иш бўлди. Менимча, бу – шармандалик. Буни Фашистлар Германияси қилиши мумкин бўлган ва амалга ҳам оширган иш деган бўларди», – деб айтган АҚШНИнг 45 президенти.

Доналд Трамп АҚШдаги президентлик сайловларида Демократик партия аъзоларининг электрон почталарига Россия томонидан киберҳужумлар амалга оширилганини биринчи марта тан олган, аммо бошқа мамлакатлар ҳам АҚШга қарши хакерлик билан шуғулланишини қўшиб ўтган. Доналд Трамп россиялик хакерлар томонидан 8 ноябрьда бўлиб ўтган сайловларда унинг фойдасига киберҳужумлар уюштирилгани ҳақидаги айбловларни доим рад этиб келган эди.

Матбуот анжуманида журналистларнинг сайловолди кампанияси пайтида Россияга алоқадор шахслар унинг ўзи ёки штаби билан алоқага чиққанига оид саволи жавобсиз қолдирилган. Бунинг ўрнига янги президент Россияга алоқадор бирор бизнеси ёки қарзи йўқлигини айтган ҳамда Россия президенти билан яхшироқ алоқалар ўрнатиш фикрида собитлигини таъкидлаган.

Маълумот учун, Доналд Трамп ўтган йилнинг 8 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Демократлар партияси вакили Ҳиллари Клинтонни мағлуб этиб, АҚШнинг 45 пезидентига айланган эди. Янги 20 январь куни вазифасини бажаришга киришади.