Пойтахтда алиментларни тўламаганларга қарши кураш кучайтирилади

12.01.2017 | Жамият | 852

Тошкент ҳокимиятида 6 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжумани алиментларни тўламаганларга қарши кураш бўйича янги чора-тадбирларга бағишланди.

Ўтган йилнинг 1 декабри ҳолатига кўра, Ўзбекистон пойтахтида суд ижрочилари қўлида алиментларни тўламаслик ҳолатлари билан боғлиқ 21,9 минг иш мавжуд бўлиб, уларнинг 9300 таси ёки 42 фоизи сўнгги икки йил давомида қўшилган.

Бош вазир виртуал қабулхонасига (кейинчалик — Президент виртуал қабулхонаси) Тошкент шаҳар Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник ва мо­лиявий таъминлаш департа­ментига фуқаролардан 1524 мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг қарийб ярми (688 ёки 45 фоизи) алиментлар тўланмаганлигига оид шикоятлардан иборат бўлган.

Мазкур муаммоларни ҳал этиш учун 21 декабрда пойтахт ҳокимияти, прокуратуралар, жиноий ва фуқаролик ишлари бўйича судлар, адлия бошқармалари, ИИББ, «Маҳалла» жамғармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда қўшма қарор қабул қилинди.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, эндиликда алиментларни ундириш ишлари нафақат суд ижрочилари, балки бошқа давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, жумладан, участка милиция нозирлари, маҳалла қўмиталари вакиллари ва иш билан таъминлаш бўлимлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Алимент тўлаш бўйича қарзи бўлган ишсиз фуқаролар қонуний тартибда ишга жалб қилинади. Меҳнат бошқармаси маҳаллалар, ички ишлар органлари ва суд ижрочилари билан биргаликда қарздорга мониторинг асосида вакансияларни таклиф этади. Рад этилган тақдирда, суд ижрочиларига улар ишини жиноий судларга топшириш ҳуқуқи берилди.

Бўлғуси суд ишларининг олдини олиш учун судларга ажрашув тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда бир вақтнинг ўзида мол-мулкни бўлиб олиш, болалар таъминоти, алиментларни тўлаш ва фарзандларнинг у ёки бу ота-она билан яшаши масалаларини ҳам кўриб чиқиш таклиф қилинди. Никоҳ шартномаларини мажбурий равишда жорий этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Алиментларнинг тўланмаслигига қарши кураш бўйича таклиф этилаётган чоралар қаторидан қарздорлар ва уларнинг оила аъзолари билан тушунтириш ишлари олиб бориш ҳам кўзда тутилмоқда. Қарздорлар, аввалгидек, чет элга чиқиш имкониятидан вақтинча маҳрум этилади.

Тадбирда тақдим этилган маълумотларга кўра, Тошкентдаги маҳаллаларнинг психологлар ва ҳуқуқшунослар жалб қилинган яраштирув комиссиялари фаолияти самараси ўлароқ 1361 бола тарбияланаётган 1012 оиланинг ажралиб кетиши олди олинди.