Франция президенти Франсуа Олланд Европа Иттифоқини танқид қилган Доналд Трампнинг сўзларига эътироз билдирди, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги.
Якшанба куни Лондон Таймс газетасида эълон қилинган суҳбатда АҚШнинг бўлажак президенти Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқишини олқишлаган ва бошқа давлатларни Британиядан ўрнак олишга чақирган эди.
Унинг сўзлари Франция президентини эътирозига сабаб бўлган. Франсуа Олланднинг Трампга қарши сўзалри душанба куни ўз лавозимини тарк этаётган АҚШнинг Франциядаги элчиси Жейн Ҳартлини мамлакатнинг энг юқори мукофоти билан тақдирлаш маросимидан аввал янграган.
«Европа трансатлантик ҳамкорликни давом эттиришга тайёр, аммо бундай ҳамкорлик ўз манфаатлари ва қадриятлари асосида бўлади. Европа нима қилишни ўргатадиган ташқи маслаҳатчига муҳтож эмас», – деб айтган Франция президенти ўз нутқида.
Маълумот учун, Доналд Трамп 20 январь куни АҚШ президенти сифатида ўз вазифасига киришади. Франсуа Олланд эса шу йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган президетлик сайловидан сўнг ҳокимиятдан кетиши кутилмоқда. Бўлажак сайловларда амалдаги президент ўз номзодини қўймоқчи эмаслигини эълон қилган.