Россия, Туркия ва Эроннинг Сурияда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш режимига риоя қилиниши устидан назорат бўйича қўшма тезкор гуруҳининг мажлиси Остонада бошланди, деб ёзади "ТАСС".
"Россия, Эрон ва Туркиянинг қўшма тезкор гуруҳининг биринчи мажлиси маҳаллий вақт билан 10:00 да (Тошкент вақти билан 9:00 да) бошланди", — деб ёзмоқда агентлик.
Остонада 23-24 январь кунлари Сурия масаласи бўйича кафил мамлакатлар — Россия, Эрон ва Туркия Сурияда ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилиниши устидан назорат механизмини яратишга келишиб олганди. Кафил мамлакатлар ўзлари эълон қилган баёнотда ИШИД ва ал-Нусрага қарши курашишда давом этиш ниятларини тасдиқлаганди.
Эрон, Туркия ва Россия Сурия инқирозини тартибга солиш учун БМТ кўмагида Остона платформасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Ушбу мамлакатлар, шунингдек, Суриянинг яхлитлиги ва суверенитетини тасдиқлади.
Учрашувдан кўзланган мақсад, ўт очишни тўхтатишга томонларнинг риоя этиш масаласини муҳокама қилиш, ўт очишга риоя этмаган томонларга нисбатан қандай чора кўриш масаласи ҳал қилишдан иборат.