Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Сунъий қарздорлар «армия»си
14.02.2017 15:31,  
21

Уни ким юзага келтирди, ким бартараф этади?

Айни кунларда истаган шаҳардаги гавжум ташкилот бу газтаъминот идораларидир. Афсуски, бир вақтнинг ўзида бу ерда тўпланаётган юзлаб истеъмолчиларнинг бирортаси корхона фаолиятидан хурсанд эмас. Яқинда ўтказилган қарздорлик бўйича хатлов натижалари ана шундай ҳолатни юзага келтирди.

Тан олиш керак, табиий газдан қарздорлик бутун тизим фаолиятига салбий таъсир ўтказмоқда. Аммо бу қарздорлик қандай юзага келмоқда? Самарқанд шаҳрида ўтказилган ўрганиш давомида шу саволга жавоб изладик.

Ҳақиқатан ҳам Самарқандликларнинг деярли барчаси йиллар давомида табиий газ учун тўлов амалга оширмаяптими. Агар тўлов қилинаётган бўлса, нега хатловдан кейин деярли барча истеъмолчи қарздорга айланди. Шунча вақт мобайнида нега бу қарзларни ундириш чоралари кўрилмади? Ва энг оғриқли савол, нега аҳоли хатлов натижаларидан норози бўлиб битта саволга жавоб топа олмаяпти: «Ҳар ой тўлов амалга ошираман, нега мени қарздор қилишди».

«Самарқандшаҳаргаз» филиалида бўлганимизда ўнлаб истеъмолчилар бизга ҳам шу саволни беришди. Бундан ҳам ёмони ҳатто табиий газ тармоғидан узиб ташланган хонадон эгалари ҳам бугун қарздорлар сафида сарсону саргардон.

- Маҳалламизда табиий газ босими пасайиб аксарият хонадонларга умуман келмай қўйганига анча бўлди, - дейди Самарқанд шаҳридаги Абдураҳмон Жомий маҳалласида яшовчи Насим Турсунов. – Йўқ газга қарз бўлмаслик учун 2014 йилда бир қатор хонадонлар қатори мен ҳам индивидуал ҳолда ўз хонадонимни тармоқдан уздирдим. Аммо бугун табиий газдан 4 000 000 сўм қарз эканимни маълум қилишди. Холбуки мен 2013 йил октябрь ойида ҳисоб-китобни амалга ошириб, қарздорликни “0” қилиб, бу ҳақда маълумотнома ҳам олган эдим. Агар табиий газ берилган тақдирда ҳам олти ойда шунча қарз бўлиш ақлга сиғмайдику! Бу муаммога барҳам бериш учун мана, йигирма кундан бери газтаъминот идораси эшигини пойлайман. Қани энди биров эшитса. Яқинда бу ҳақда Халқ қабулхонасига маълум қилиш учун шаҳар ҳокимлигига бордим. Ҳали фаолият бошламаган экан. Аммо ҳокимликдагилар муаммойимни эшитиб кўз олдимда “Самарқандшаҳаргаз” мутасаддиларига қатъий топшириқ беришди. Корхона ходимлари хонадонимга келиб вазиятни ўрганадиган бўлди. Аммо белгиланган куни яна чув тушганимни англадим - ҳеч ким келмади. Очиғи, кимга, қаерга мурожаат қилишни ҳам билмай қолдим.

Ушбу маҳалла раиси Бахтиёр Акобировнинг айтишича, ана шу муаммонинг олдини олиш учун маҳалла йуқаролар йиғини томонидан аҳоли билан келишган ҳолда 2013 йилдаёқ  “Самарқандшаҳаргаз” филиалига табиий газ тармоғини кесиш бўйича ёзма равишда мурожаат қилинган. Афсуски, мурожаат эътиборсиз қолдирилган. (Бизнингча, бунда ҳам ўрганиш шарт бўлган бир сабаб бор).

– 2016 йил Вазирлар Маҳкамаси томонидан ана шу муаммо бўйича қатъий топшириқ берилгандан сўнггина маҳалламиз табиий газ тармоғидан демонтаж қилинди, - дейди Б.Акобиров. – Аҳоли “газ бўлмаганига яраша энди қарздорлик ҳам бўлмайди” деб хурсанд бўлган эди. Минг афсус, бугун бизнинг маҳалланинг ўзида юзлаб хонадонлар ноҳақ қарздорлар сафига қўшиб қўйилди. Маҳалла раиси сифатида шунча аҳолининг “муттаҳам” эмаслигини жуда яхши биламан. Одамлар олган нарсасига албатта пул тўлайди. £олаверса, кўпчилик “қарздор”лар ойлик маошидан яқингача ҳам табиий газ учун тўлов амалга оширган. Аммо бу қарз қаердан келаётганини тушуниб бўлмаяпти. Умид қилиб, мурожаат қилаётганларни эса албатта бирор камчилигини топиб икки баравар қарз ёзишмоқда. Айтайлик, кимнингдир уй лойиҳасида, кимнингдир ҳисоблагичида қандайдир камчилик аниқланиб миллион-миллион қарзга ботириляпти. Аммо “табиий газнинг ўзи йўқку”, деган гапни ҳеч ким эшитмайди. Муаммонинг ечимини топиш учун айрим маҳалладошларимиз билан “Самарқандшаҳаргаз” филиалига бордим. Буни қарангки, ўзим ҳам 5 миллион сўмлик “қарздор” эканман. На ўзимнинг на маҳалладошларимнинг муаммосига ечим топишни билолмай қолдим. “Самарқандшаҳагаз” филиали раҳбарлари эса “Биламиз, маҳаллангизда 10 йилдан бери газ йўқ” дейишдан нарига ўтмади.

Дарҳақиқат, табиий газ учун нореал қарздорликни бартараф этиш айни кунларда “ўлимдан оғир” бўлиб қолди. Таҳририятимизда ҳам шунга ўхшаш воқеалар кузатилмоқда. ¤тган йилнинг ёз ойида Фарҳод шаҳарчасида яшовчи Е.Шорохова табиий газдан салкам икки миллион сўмлик асоссиз қарз бўлиб қолганидан шикоят қилган эди. Ушбу ҳолат бўйича “Марказгазтаъминот” идорасига мурожаат қилиб муаммога барҳам берилмагунча натижаси билан қизиқиб турдик. Мутахассислар томонидан ушбу мурожаат ўрганиб чиқилди. Ниҳоят Е.Шорохованинг қарздор эмаслиги аниқланиб, ҳатто “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси директори ўринбосари имзоси билан бу ҳақда расман маълум қилинди. Бугун эса ана шу қарз яна “кўкариб чиқди”. Хуллас, мурожаатлар ҳам, ўрганишлар ҳам, мутахассисларнинг хулосасию “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг расмий жавоб хати ҳам қўпол қилиб айтганда, бир пул бўлди – Е.Шорохова яна ноҳақ қарздорлар “армияси” сафида.

Самарқанд шаҳридаги Аҳадова кўчасида истиқомат қилувчи Маҳбуба Каримованинг эса, мурожаатини қандай бўлса шундайлигича келтирамиз. Хулоса ўзингиздан.

- Уйимизда икки дона табиий газ нуқтаси бор, –  дейди М.Каримова. - Ҳар ойлик маошимдан автоматик тарзда тўлов амалга ошираман, қизим ҳам худди шу тарзда тўлов қилади. Аммо яқинда мени 4 800 000 минг сўм қарздор қилишди. Ахир, қаердан бунча қарз бўлишим мумкин? Ҳисоблагичга қараганда ортиғи билан тўлаб келяпманку. Уйимизга газтаъминот идоралари ходимлари келишди, ортиқча нуқта йўқлигини кўришди, «ҳисоблагичингиз қиёсловдан ўтказилмагандир» дейишди, кўрсатдим, ўтган йили қиёсловдан ўтказганмиз. Ҳисоблагични кўздан кечиргач, «пломба бузилган» деб туриб олишди. Энг алам қиладигани, шундан бор йўғи ўн дақиқа олдин турмуш ўртоғим пломбалар бутлигини кўздан кечириб, «Назоратчилар келса пломбаларга эҳтиёт бўлгин» дея тайинлаб кетган эди. Фаррош бўлиб ишлайман. Икки юз эллик минг сўмдан зиёдроқ маош оламан. Ноҳақ 4 800 000 сўм қарздан қачон, қандай қутула оламан. Очиқ ойдин, юзсизларча ноҳақ қарз ёзаётганларга чора борми? Мени аҳволим нима кечади?

Яна бир оғриқли масала. Бюджет ташкилотларида ишлаётган ходимлар, хусусан, ўқитувчиларнинг коммунал хизматлар учун ўз маошидан ойма-ой тўлов қилиб боришларини ҳаммамиз биламиз. Табиий газ ва электр энергияси учун энг кўп тўлов ҳойнаҳой, шу касб ходимлари томонидан қилинар. Аммо айни кунларда сунъий қарздорликдан азоб чекаётганлар ҳам шулар экани ниҳоятда ачинарли ҳол. Таҳририятимизга худди шу масалада мурожаат қилиб ёрдам сўраганларнинг бир қанчаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ишлаётган ўқитувчилардир. Самарқанд шаҳридаги бирлик кўчаси, 1-йўлак, 7-“А”уй, Лутфий кўчаси, 1-йўлак 9-уй. Лутфий кўчаси 24\9 уйда истиқомат қилувчилар шулар жумласидан. Уларнинг ҳар бири истеъмол қилинган газдан икки баравар кўпроқ тўлов амалга оширган. Аммо неча ҳафтадан буён қарзорлик балосидан қутула олмаяпти. Улардан бири А.Хушвақов ҳатто Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилди. Шунга биноан унинг уйида “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси вакиллари ўрганиш ўтказишди. Аммо аҳвол ўшалигича қолди. Истеъмолчининг ўрганишдан қониқмаганлиги ҳақдаги мурожаати ҳам эътибордан четда қолди. Энди истеъмолчи иккинчи марта виртуал қабулхонага мурожаат қилиш арафасида.

Касб-ҳунар коллежларида “қарздор” ўқитувчиларга икки хил муносабатни кўриш мумкин. Яъни, уларга муассаса раҳбари ҳақиқатан ҳам қарзи бўлмаса бу ҳақда газтаъминот идорасидан маълумотнома келтириш ёки бўлмаса иш ҳақининг учдан бир қисмини табиий газ тўловига йўналтириш талабини қўймоқда. (Афсуски, гарчи қарзи бўлмаса-да, бундай маълумотни олишнинг ҳеч қандай имкони  йўқ).  Ходимлари манфаатини ўйлаган айрим коллеж раҳбарларининг ҳисобчи билан биргаликда газтаъминот идораларига бориб «қандай қилиб ходимларим шунча қарз бўлиб қолаяпти?» деган саволни ўртага қўйганига ҳам гувоҳ бўлдик. Фикримизча, қолган раҳбарлар ҳам муаммонинг илдизига бир назар солишлари керак. 

Шундай қилиб, табиий газдан сунъий қарздорлик қўрқинчли даражага етди. Бунга ишонмаган одам «Самарқандшаҳаргаз» филиалига бориб аҳволни тушуниши, гувоҳ бўлиши мумкин. Аммо савол ҳали бери саволлигича қоладиганга ўхшайди: «Қарз қаердан келмоқда?»

PS: Ушбу фикрларни йиллар давомида табиий газ ҳақини тўламай келаётган истеъмолчилар дастак қилмасликларини истардик. Сабаби айнан ана шундай истеъмолчилар, ўз вақтида табиий газ пулини тўламай маълум кишилар билан келишувга эришиб қарзини компьютердан ўчириб ташлаттирганнинг касофатига бугун кўпчилик азият чекмоқда. 

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ блогидан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан