Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Сурия жабрдийдалари: Биз нажот кутгандик
11.04.2017 21:21,  
19

2011 йилдан бери қарийб ярим миллион суриялик ҳалок бўлди ва аҳолининг ярмидан кўпи дарбадарга айланди. Суриядаги урушнинг таъсири янада кенгайди – миллионлаб кишилар бундан жабр кўрди. Қитъалараро сафарда юз минглаб оилалар бўлиниб кетди, сон-саноқсиз кишилар денгизга ғарқ бўлди. Омон қолганларнинг ҳаётлари эса тубдан ўзгариб кетди.

Қуйида уч нафар суриялик инқилобнинг илк кунлари ва унинг оқибатлари ҳақида ҳикоя қилишади.

Диала Брислий (асли дамашқлик, Франциядаги қочқинлар лагерида яшайди): «Сурияни тарк этишга қарор қилган куним умидим сўнган»

Намойишлар бошланган 2011 йилда биз – сурияликлар жуда хаёлпараст бўлган эканмиз. Биз учун умид учқунлари милтиллаган пайтлар эди. Аммо қўрқувни ҳис қилмасдан ҳеч қачон намойишга чиқмаганман. Ҳарбийлар жуда-жуда шафқатсиз эди. Осон эмасди. Баъзида намойишлар бизни тарқатишгунча бор-йўғи беш дақиқа давом этарди. Аммо босим ўтказишда давом этиш биз учун муҳим эди.

Биз ҳукуматга қарши туришга ҳаракат қилардик. Улар одамларни қамоққа олар, мунтазам қийноққа солар, айрим ҳудудларни қамалда сақлар ва устларидан ўқ ёғдирарди. Буларнинг бари аҳоли намойишга чиққани учун эди. Биз улар қилган ишлари учун жазосиз қолишларини ўйлашларини истамас эдик.

Биз ўйлабмизки, намойиш қилсак ва ҳукумат бизга шундай шафқатсиз муомала қиладиган бўлса, БМТ ва бошқалар Башар Асад жиноятчилигини эътироф этишади. Аммо ҳайратда қолдик... ҳеч кимнинг биз билан иши бўлмади. Дунё медиаси “мазҳаблараро кураш” ҳақида гапиришда давом этар, аммо бизда бундай нарса йўқ эди.

Мен мамлакатга тарқатиш учун тиббий ёрдамларни сотиб ола бошладим. Аммо бу жуда қалтис иш эди. Хавфсизлик кучлари бундай фаолият учун «террорчиларга ёрдам бериш»да айблаб қамоққа тиқарди.

Мен Сурияни тарк этишга қарор қилган кунимда умидимдан маҳрум бўлганман.

Дастлаб Истанбулга бордим. Аммо тез орада тушкунликка тушдим. Сиёсий фаоллигим ва қилган ишларимиз ҳақида сўроқ-саволга тутилдим. Мен ўзимни айбдор ҳис қилдим. Бошқалар Сурияда қолиб кетишди ёки қаршиликни давом эттириш учун қолишга қарор қилишди.

Мен ўзимни айбдор ҳис қилдим, чунки ортиқ қаршилик қилолмадим. Менинг дўстларим ҳибс қилинди, аммо мен ҳеч қачон қамоққа тушмадим. Мен ўзимни осон ҳаётим учун айбдор ҳис қилдим. Мен бу кайфиятдан қутилишим керак эди. Шунинг учун кўп ўтмай дўстларим билан Ливанга бордим. У ерда қочқинлар лагеридаги болалар учун суратлар чизишни ва рассомликдан таълим беришни бошладим.

Уларнинг ҳаётини ўзгартириш ёхуд лагердан олиб чиқиш қўлимиздан келмасди. Аммо уларга ўз дунёларини тасаввур қилишга кўмаклаша олардик. Болалар юзлари ва кийимларида бўёқларни кўришганда кўпроқ чизишимни сўрашарди. Чунки уларнинг ҳаётида ранг йўқ эди.

Ҳозир Франциядаман. Бу ерда бошпана олдим. Менга тинчлик керак эди. Менга 10 йиллик ҳимоя беришди. Ҳалигача Ливандаги лагерларга расмларни жўнатяпман. Болалар учун ўқув буклетлари тайёрлаш ишида иштирок этяпман. Ишларимнинг 95 фоизи Сурияга бағишланган.

Ақл билан мулоҳаза қиладиган бўлсак, Суриянинг келажагидан қандай умид қилиш мумкинлигини билмайман. Аммо фаластинликларга қараб туриб, улардан сабоқ оламан: улар ҳамон курашишмоқда. Улар таълимга эътибор беришмоқда. Улар ҳеч қачон воз кечишмайди.

Муҳаммад Шибиб (асли дамашқлик, Идлибда яшайди): “Биз фақатгина ўз эркимиз, қадр-қимматимиз ва ҳақларимизни истагандик”

Мен уруш ҳақида эмас, инқилоб ҳақида гапирмоқчиман.

Сурияда 2011 йилдан олдин яшаган барча учун мамлакатда бирор инқилоб ёки исён бўлиши тасаввурга сиғмас эди. Инқилоб фикри хаёлотдай туюларди. Ҳукумат жуда қаттиққўл бўлиб, мамлакатдаги ҳамма нарсани ҳарбий бошқарув орқали назорат қиларди.

Аммо 2011 йилнинг январида Мисрда инқилоб бошланиши ва Таҳрир майдонидаги намойишлар Ҳусни Муборакнинг ҳокимиятига барҳам бергандан сўнг бирдан Сурияда ҳам умид уйғонди. Февраль ойида намойишлар учун дастлабки уринишлар бўлганди. Улар давлат тузумига қарши эмас, балки айрим ислоҳотлар ўтказиш учун чақириқлар эди. Аммо улар муваффақиятсизликка учради.

Сурияда ҳамма нарса ёмон аҳволда эди. Таълим жуда қолоқ, университетларимиз жаҳондаги бошқа илмий даргоҳлар билан рақобат қила олмасди. Асад оиласи ҳамма нарсани назорат қиларди. Ўзимиз хоҳлаган ишни қилиш ёки ўзимиз истаган гапни айтиш учун на бирор эркинлик ва на бирор маскан бор эди.

15 март куни Дераада намойишга чиққан мактаб ўқувчилари қамоққа олиниб, қийноққа солиниши ортидан 18 март куни Ҳалабда биринчи ҳақиқий намойиш бўлди. Ўша куни ҳибсга олинганлардан бири менинг дўстим эди. У кейинроқ – 2013 йил охирларида ҳукумат қўшинлари снайпери томонидан ўлдирилди.

Бошида биз инқилоб ғалабагача боришига ишонгандик. Бу бир неча кун, ҳафта ёки нари борса, бир неча ой давом этади, деб ўйлагандик. Биз фақатгина ўз эркимиз, қадр-қимматимиз ва ҳақларимизни истагандик. Биз дунё аҳлидан Башар Асад ҳокимиятини тугатишда ёрдам кутган эдик. Бироқ тескариси содир бўлди.

Ҳукумат тинч намойишчиларни ўлдира бошлаган ва жаҳон ҳамжамияти томошабин бўлиб турганда умидимни йўқота бошладим. 2013 йилда ҳукумат Ғутада минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган кимёвий қуролни ишлатганда бор умидимни уздим.

Бутун дунё жимгина сукут сақлади ва кимёвий қуролларни олиб қўйдию, аммо ҳукуматни жазоламади. Бу худди бировни ўлдириб қўйган жиноятчининг қуролини тортиб олиб, бошқа қурол билан яна бошқа бировни ўлдириш учун уни қўйиб юборишдек гап эди. Ўша дамда ташқаридан бирор ёрдам келишига ҳеч қандай умид қолмади. Мен ҳукумат 2016 йилнинг охирида Ҳалабни эгаллагунча шаҳарда қолдим.

Шаҳарни тарк этишга мажбурланиш ҳиссини тасвирлаш мушкул. Ўзимни руҳи тарк этаётган одамдек ҳис қилдим. Бутун дунё мен ва инқилобга қарши тургандек туюлди. Ўзимни бутунлай яроқсиз одамдек ҳис қилдим. Ўзлигимни йўқотаётгандек эдим.

Жанг майдонига назар солсангиз, ҳукумат ва унинг ҳамтовоқлари бўлган жангарилар ғалаба қилаётганини кўрасиз. Аммо айрим сабабларга кўра, менинг назаримда, инқилоб охир-оқибат ғалаба қозонади. Нега бундай деб ўйлаётганимни, очиғи, ўзим ҳам билмайман. Эҳтимол, бу (инқилоб) ҳақ йўл эканлиги туфайлидир.

Раифи Жуижатий (мухолифатнинг фаол вакили): «Бир кун Башар Асад тузумидан халос бўламиз»

2011 йилнинг мартида мен АҚШда менежмент бўйича консултация бизнесимни муваффақиятли юргизаётган ва икки нафар боламни тарбиялаётган эдим. Америкадаги сурияликлар жамияти билан алоқаларимиз деярли йўқ эди, десам ҳам бўлаверади. Мен ўзимни суриялик сифатида кўрмай қўйгандим. Менинг оилам Сурияда бир йилда бир, нари борса, икки марта жуда қисқа муддат меҳмон бўларди, холос.

Аммо инқилоб бошланганда Башар Асаднинг коррупция, зулм ва диктатурадан иборат тузумига қарши туриш туйғуси устун келди. Ниҳоят тушундим: мен – сурияликман. Мен эркинлик ва демократия учун ҳаракатга қўшилишим лозимлигини ҳис қилдим.

Дастлаб иштирок этишдан чўчиб турдим. Дамашқда оила аъзоларим бор бўлиб, Ҳамада юз берган қонли воқеалар даҳшати ҳамон ёдимда эди. Суриялик дипломатнинг қизи сифатида менинг ҳаракатларим ҳукумат томонидан аниқ хиёнат сифатида кўрилишини жуда яхши билардим.

Янгиликлар таржима қилишни бошладим ва секуляр (диний бўлмаган, дунёвий) ва тинч мухолифатни қўллаб-қувватлаш учун ўзимда мажбуриятни ҳис қилдим. Башар Асад режими яқин ойлар ичида қулашидан умидвор эдик. Дастлаб уч, кейин эса олти ой, сўнгра, нари борса, бир йил давом этишини тахмин қилгандик. Вақт ўтиши билан Асад тарафдорлари «Ё Асад, ё мамлакатнинг кулини кўкка совурамиз», дейиш билан аслида нима демоқчи бўлганлари тобора ойдинлаша бошлади.

Сурияликларнинг келажакдаги орзу-умидлари баён қилинган «Сурия эркинлик хартияси»ни ишлаб чиқишда ҳуқуқ фаоллари ва экспертлардан иборат каттакон жамоа билан ишладим. Ҳозир инқилобнинг асл мақсадлари: эркинлик, қадр-қиммат ва демократия ҳақида китоб ёзяпман. Бу ОАВда айтилмаган ва ҳикоя усулида баён қилинган воқеалардан иборат асар бўлади.

Мазкур китобни ёзиш ва «Эркинлик хартияси»га эътибор қаратиш орқали сурияликлар умидининг мазмун-моҳиятини очиб бериш ҳамда барча учун эркинлик келтирадиган, яъни Асад тузумидан халос бўладиган бир кун келишига умид қилишда давом этаман, деб ўйлайман.

Мен ва бошқа мен билан ҳамфикр бўлган сурияликлар Асаднинг ғайриинсоний тузуми олдида халқаро ҳамжамиятнинг ҳаракатсизлигидан карахт аҳволга тушдик. Ҳукумат ва унинг тарафдорлари ўзларига қарши чиққан ҳар бир инсонни йўқотиш билан шуғулланиши қачонгача давом этишини билмайман. Аммо Асадга қарши «йўқ» дея, қўрқув деворларини қулатганча ва иккинчи жаҳон урушидан бери энг катта гуманитар ҳалокатдан жабр кўрган суриялик ватандошларимга қараб, бир нарсани айта оламан: биз таслим бўлмаймиз.

Эркинлик умиди снарядлар, кимёвий қуроллар ва мунтазам қийноқлардан кўра қудратлироқ. Сурия аҳолисининг ярмидан кўпи дарбадар ёки қочқинга айланганига қарамай, озод сурияликларнинг янги авлоди мухолифатда етакчиликни қўлга олишни бошламоқда. Улар буни ҳеч қачон унутишмайди.

aljazeera.com сайтидан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан