Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мўсулнинг бошига Ҳалабнинг куни тушмоқда
10.05.2017 11:16,  
16

Ғарбий Мўсулни қайтариб олиш учун ҳарбий ҳаракатлар бошлангандан бери, БМТ маълумотига кўра, 220 мингдан ортиқ одам қочқинга айланди. Яна юз минглаб одамлар озиқ-овқатсиз ва сувсиз қамалда қолиб кетишди.

Тахминан 4 минг нафар тинч аҳоли қурбон бўлди. Вайроналар остида қолиб кетган жасадлар сони бунга қўшилмаган.

Ироқ кучлари ва иттифоқчилар фойдаланаётган тактика олдингига қараганда анча шафқатсиз. Ижтимоий тармоқларда тарқалган турли видеолавҳаларда федерал полиция аҳоли зич яшайдиган ҳудудларга миномётлар ва ракеталар билан зарба бераётганини кўриш мумкин.

Артиллериядан озгина хабардор ҳар қандай киши бундай қуроллар ҳаддан ташқари ноаниқлиги ва уларнинг қаерга бориб тушиши ҳамда кимни ўлдириши номаълум бўлишини яхши билади.

Бегуноҳ одамлар ўлими ИШИДнинг тирик қалқон сифатида фойдаланиш истаги билан суғорилмоқда. Снайперлар одатда аҳоли уйларининг томларига жойлашиб олишади ва Ироқ қўшинларига ўт очишади.

Улар фуқароларни бир жойга зич тарзда жойлаштириб, улардан қурол-аслаҳаларни сақлаш учун омбор сифатида фойдаланишади. Ироқ армияси эса бундай пайтда АҚШ бошчилигидаги коалициянинг кўмагини сўрайди. Коалиция қўшинлари эса тинч аҳолонинг ўлимига сабаб бўладиган вайронкор ҳаво зарбалари билан сийлайди.

Ана шундай ҳужумлардан бири яиқнда содир бўлди. Бутун дунё Лондонда содир бўлган «қўрқинчли» воқеалар билан андармон бўлган пайтда, ундан анча даҳшатлироқ ҳалокат юз берди. Аммо уни халқаро ҳамжамият томонидан пайқамай қолинди ва ижтимоий тармоқлар ҳам бу воқеага кўз юмди.

23 март куни АҚШ бошчилигидаги коалициянинг ҳаво ҳужуми қарийб 230 нафар тинч фуқарони ҳалок қилди. Улардан аксарияти аёллар ва болалар эди. Омади келиб тирик қолганлар учун эса кўз очиб юмгунча уларнинг ҳаёт шамлари сўнди.

Бироз омадсиз бўлганлар эса вайроналар остида қолди ҳамда ҳаво етишмаслиги ёки жароҳатлар туфайли ҳаётдан кўз юмди.

Бу ҳодиса 1991 йилнинг февралида Биринчи Кўрфаз уруши пайтида содир бўлган воқеани эслатади. Ўшанда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Бағдоднинг Амирия маҳалласидаги бункерга зарба бериши оқибатида у ерда яширинган 400 нафар тинч аҳоли қурбон бўлган эди.

Ўшанда ҳам (худди ҳозиргидек) АҚШ «ўлим ҳудуди»да аҳоли мавжуд бўлгани ва улар қурбон бўлиши мумкинлигидан хабардор эди.

Шунинг учун саволлар туғилади:

Тинч аҳоли ҳалок бўлишини жуда яхши била туриб, нега ҳаводан зарба берилди?

Шўрлик ироқликларнинг ҳаёти шунчалик қадрсизми?

Лазер ёрдамида ҳаракатланувчи ракетани учириш учун тугмани босиш шунчалик осонми?

Мўсул аста-секин иккинчи Ҳалабга айланмоқда. Аммо бу сафар халқаро нафрат ва ёлғондан тўкилган кўз ёшлари йўқ.

Энди тинч аҳолини қурбон қилиш ва уруш жиноятлари ортида Асад ҳукумати ва Россия эмас, гўёки «терроризм ва ИШИДга қарши курашаётган» Ироқ қўшинлари ва уларнинг АҚШ бошчилигидаги ҳамтовоқлари турибди.

Доналд Трамп бошчилигидаги АҚШ ҳукумати ва унинг иттифоқчилари бу урушни иложи борича тезроқ тугатиб, Суриядаги Раққага эътибор қаратиш ҳамда «ҳал қилувчи жанг»да ИШИДни мағлуб қилишни хоҳлаётгани сир эмас.

Аммо Мўсулдаги ғалаба қўлга киритилмагунча бунинг имкони йўқ. Давом этаётган уруш, бошқалар сон-саноқсиз марта таъкидлаб ўтишганидек, шафқатсиз ва давомли бўлди. Ироқ армияси ва унинг иттифоқчилари ўз тактикаларини қайта кўриб чиқишмас экан, яна кўплаб тинч фуқаролар ҳаёти йўқотилаверади.

Шундай туюляптики, гўё Бағдод ва Вашингтон умуминсоний туйғулар ва инсоний ахлоқдан илгарилаб кетишда давом этишади. Улар «ўз ишларини охирига етказиш» ва ИШИДни тор-мор қилиш инсонлар ҳаётидан устунлигини қатъиятлик билан намойиш қилишмоқда.

1991 йил Бағдодда ва яқинда Мўсулда содир бўлган ҳодисаларнинг ҳар иккаласи уруш жиноятлари сирасига киради. Ҳар иккала воқеада ҳам ҳужум тинч аҳолининг ҳалокатига сабаб бўлиши ҳақида етарлича ахборотга эга бўлгани ҳолда раҳбарият унга рухсат берган.

Ҳам Ироқ, ҳам АҚШ қўшинлари томонидан текширувлар олиб борилган. Бироқ жиноятчиларга жазо беришидан умид қилмаса ҳам бўлади (ёки арзимаган жазо берилиши мумкин).

Кундан-кунга Ўрта Шарқ бўйлаб АҚШ ва унинг иттифоқчилари «Террорга қарши уруш» номи билан рейдлар ва ҳаво ҳужумлари амалга ошираётганини кўрамиз. Бу эса бегуноҳ одамлар, жумладан, аёллар ва болалар товон тўлайдиган радикаллашув ва терроризм тегирмонига сув қуйишдан бошқа нарса бўлмай қолди.

Бор-йўғи бир неча ой муқаддам Яманда Америка махсус кучлари бегуноҳ одамлар қони тўкилган рейд ўтказгани ҳақида эшитган эдик. Суриядаги фуқаролар уруши халқаро ҳамжамиятнинг «террорчилар»ни нишонга олишдан иборат бўлган, амалда ҳеч қандай самара бермайдиган ҳаво ҳужумлари иштирокида  6 йилдан бери давом этади.

Ҳар икки йилда Исроил армиясининг «террорчилар»ни йўқ қилиш баҳонасида Ғазода худди очиқ қамоқда яшайдиган бечора халққа қарши тажовузига гувоҳ бўламиз.

Биз ўтмишда гувоҳ бўлган ва бугун ҳам кўриб турган фожиалар ўзига бино қўйган халқаро ҳамжамиятнинг жиноятчиларни жавобгарликка тортишга лаёқатсизлиги сабабидандир.

Текширувлар ўтказилади, муҳокама қилинади. Аммо энг охирида барчаси чиқинди каби бир чеккага супуриб ташланади ва унутилади.

Мўсул, Ҳалаб, Ғазо ва бошқа жойларда бундай зулм доирасига тушиб қолган одамларнинг барчаси дунёнинг нотўғри жойида яшаётганлари учунгина азоб тортишмоқда.

Мустафо Даббоғ. Буюк Британиядаги «Ёш мусулмонлар» жамияти аъзоси, Ироқ, Яқин Шарқ ва инсон ҳуқуқлари мавзусидаги кўплаб мақолалар муаллифи.

Анадўлу агентлигининг аа.cом.tr сайтидан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан