Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Покистонлик сиёсатшунос: Покистон Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий ҳудудлар тажрибасини ўрганиши керак
20.05.2017 09:48,  
22

Бу йил Ўзбекистон ва Покистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Шу муносабат билан иккала мамлакат раҳбарлари бир-бирларини қутладилар. Маълумки, Покистон Ислом Республикаси Ўзбекистон мустақиллигини куни биринчилардан бўлиб – 1991 йил 20 декабрь куни тан олган эди. 1992 йилнинг 10 май куни эса мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган.

Сўнгги бир ҳафта давомида мазкур воқеа Покистон матбуотида кенг муҳокама қилинмоқда. Покистоннинг давлат ва жамоат арбоблари мамлакатлар ўртасидаги алоқаларнинг бугунги куни ва истиқболи тўғрисида фикр юритишмоқда. Pakistan Observer газетасида сиёсатшунослик ва халқаро алоқалар бўйича мутахассис, Исломободдаги Қуайди Аъзам университети олими, доктор Зафар Навоз Жаспалнинг «Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик муносабатларда кумуш юбилей» номли мақоласи эълон қилинди.

Муаллиф ўтган 25 йил мобайнида иккала мамлакатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий ва хавфсизлик бўйича ҳамкорлик мустаҳкамлангани, ўзаро ишонч, маданий ва анъаналараро яқинлик янада яхшироқ алоқалар ўрнатиш учун фойдали шароит яратиши, ўзаро алоқаларни ривожлантириш иккала томонинг ҳам миллий манфаатларига киришини қайд этган.

Ҳамкорлик тарихига назар ташлар экан, ўтган давр давомида Покистон бош вазирининг икки марта Тошкентга ташриф буюргани, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳам икки маротаба Покистонда бўлганини эслатади. Шунингдек, 2016 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитида Покистон президентининг иштирокини ҳам алоҳида урғулайди.

Шу йилнинг 16 май куни Исломободдаги Ўзбекистон элчихонасида Ўзбекистоннинг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сиддиқов ва Покистон ҳукумати вакиллари ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтган. Тадбирда иштирок этган Покистон озиқ-овқат хавфсизлиги вазири Ҳаёт Хон Босан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, қуруқ ва ҳўл мевалар, пахта а сут маҳсулотларини сотиб олишдан Покистон томони манфаатдорлиги ҳақида гапирган.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги Товар айирбошлаш ҳажми йилига қарийб 25 миллион долларга етади. Бу рақам иккала мамлакатнинг мавжуд имкониятлари даражасида эмаслиги маълум. Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлари келаси 5 йил давомида бу кўрсаткични йилига 300 миллион долларга етказишни режалаштирмоқда

Айни масалага эътибор қаратар экан,покистонлик сиёсатшунос иккала мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик тараққиётига Афғонистондаги нотинч вазият тўсиқ бўлаётганини айтади. Афғонистон ҳудуди орқали товарларни ташиш йўлнинг қисқалиги ҳисобига анча арзонга тушишига қарамасдан, Афғонистондан ўтувчи ва Покистон билан Ўзбекистонни боғловчи автомобиль йўлидан фойдаланишга иккала мамлакат савдогарлари хоҳиш билдиришмайди.

Покистон бош вазири Навоз Шариф 2015 йилда Ўзбекистонга қилган сафари чоғида иккала мамлакатни темирйўл тармоғи орқали боғлаш истагини ҳам билдирган эди. Янги ташкил этилаётган Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо ҳажмининг кескин ошишига хизмат қилиши тахмин қилинмоқда. Мазкур йўлак Шарқий ва Марказий Осиёни Ғарбий ва Жанубий Осиё билан боғлаши билан аҳамиятлидир.

“Географик жиҳатдан, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида – денгизлардан узоқда, шунинг билан бирга, Буюк Ипак Йўли чоррахасида жойлашган, табиий ресурсларга бой мамлакат. Аммо унинг денгизларга чиқиш имконияти йўқлиги маҳсулотларини халқаро бозорга олиб чиқишда қийинчилик туғдиради. Ўзбекистонлик савдогарларни Покистоннинг Карачи ва Гвадар денгиз портлари ўзига жалб қилиши мумкин. Чунки бу портлар Ўзбекистонниг Араб денгизига чиқиши учун энг яқин йўл саналади. Ўзбекистон бу портлардан халқаро бозорга чиқиш учун фойдаланиши мумкин”, – дейди сиёсатшунос олим.

Мақолада Зафар Жаспал Ўзбекистонда эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил қилинишига юқори баҳо берган. «Ўзбекистон иқтисодиёти юксалиб бормоқда. Бунда эркин иқтисодий ҳудудларнинг ҳиссаси катта. Покистон ҳукумати ҳам шундай ҳудудлар ташкил қилишни режалаштирган. Покистонлик ишбилармонлар эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил қилиш ва уларнинг ишлаши бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганишлари мумкин. Эркин иқтисодий зоналар ривожланиши ўзбекистонликларни тадбиркорлик билан шуғулланишга рағбатлантиради», – деб ёзади муаллиф.

Мақолада, шунингдек. Тошкент ва Лаҳор шаҳарлари орасида авиақатновларнинг йўлга қўйилгани олқишланади. Муаллиф Ўзбекистонни Марказий Осиё туризми маркази деб атаб, мамлакатнинг туризм соҳасидаги имкониятларидан покистонлик ишбилармонлар фойдаланиши лозим, деб ҳисоблайди. Доктор Зафар Жаспал иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун ўзаро мулоқотни ва ишбилармон доиралар ўртасида мунтазам фикр алмашиш механизмини жорий этиш лозимлигига урғу беради. МИнтақа хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни тиклаш учун Ўзбекистон ва Покистон халқаро терроризм хавфига қарши курашишда ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидлайди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан