Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мактаб таълим учунми ёки назорат учун?
21.06.2017 10:31,  
25

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкент шаҳри мактабларидан бирида «тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш зарурлигини» таъкидлаган эди. Халқ таълими вазирлиги «кенг жамоатчиликнинг бу борадаги фикрини ўрганиш учун» сўровномани ҳам ўтказишга улгурди. Кутилгандек, кенг жамоатчилик 11 йиллик таълимни қайта тиклашни “маъқуллади”. Хуллас, «кенг жамоатчиликнинг талабларига биноан» коллеж ва лицейларни бекор қилиб, совет давридагидек, 11 йиллик ўзимизнинг «қадрдон» таълим тизимига қайтиш муқаррарга ўхшайди. Аммо бу тахлит ортга тисарилиш дунёда таълим соҳасида кечаётган оламшумул ўзгаришлардан четда қолишга сабаб бўлиши мумкин.

Барча ўтмишга эмас, келажакка кўз тиккан, тараққий этиш истагида бўлган миллатлар 12 йиллик таълим тизимини танлаётган бир вақтда биз замонавий шарт-шароитларда самарасизлигини кўрсатган 11 йиллик тизимга қайтаётганимизга сабаб нима? Бу саволга мухтасаргина қилиб, ўрта таълим тизимидаги таназзул, дея жавоб бериш мумкин. Мактаб (коллеж ва лицейлар) ўз функциясини бажармаяпти. Бироқ баъзилар ўйлаганидек, совет моделидаги 11 йиллик ўрта мактаб тизимига қайтиш таълим сифатини яхшиламайди.

11 йиллик мактаб таълими тарафдорларининг фикрича:

  • Вояга етмаган болалар ота-онаси, маҳалла-кўйнинг кўз олдида бўлади, юриш-туриши, кийиниши, ўзини тутиши назоратда бўлади.
  • Ётоқхона, транспорт, яшаш ва ўқиш учун сарфланадиган маблағлар тежалиши ҳисобига оила бюджетига фойда.
  • Мактаблар ҳар бир аҳоли пунктида бўлгани боис транспорт муаммоси бўлмайди, давомат яхшиланади ва бу дарслар ўзлаштирилишини яхшилайди.
  • Мактабларда 10–11 синфларнинг жорий этилиши ўқувчини мактаб дастуридан чалғимаган ҳолда билим олишига имкон яратади, яъни касб-ҳунар тизимидаги қўшимча мутахассислик фанлари бўлмагани боис, ўқувчида олий таълимга тайёрланиш учун вақт ортади, қолаверса, ўрта-махсус таълим тизимида ўқувчилар бир йил кўпроқ вақт йўқотмоқда.
  • Коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришдек «театр»дан қутуламиз. Қолаверса, ўрта-махсус касб-ҳунар таълими тизимидаги таъмагирликларга барҳам берилади. Бу фуқароларнинг ва ёшларнинг ҳукуматга нисбатан ишончини қайтаради.
  • Ниҳоят, энг муҳими, қаровсизлик, назоратсизлик оқибатида юз бераётган ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, эрта туғруқ, турли оқимларга қўшилиб қолиш ва вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик камаяди.

Ушбу иддаолардан ташқари (улар айнан иддао, зеро «ундай бўлади, бундай бўлади»дан ўзга гап йўқ), аксарият изоҳларда учраётган 11 йиллик таълимнинг энг муҳим афзаллиги  бу – «Совет Иттифоқида биз шундай ўқиганмиз, шу таълим тизими билан Белка ва Стрелкани космосга учирганмиз» экан.

Энди нега икки юзга яқин давлатдан 163 нафари мактабларини 12 йиллик таълимга ўтказаётгани сабабларини кўриб чиқайлик:

  • Замонавий дунё тараққиётининг муҳим қонуниятларидан бири таълим вақти тобора узайиб бораётганидир. Кўпроқ миллатлар бежизга мактаб таълимини 12 йиллик тизимга (бошланғич – 4 йил, ўрта – 5 йил ва ўрта махсус -3 йил коллеж ёки литсей) ўтказмаяпти. Ўқувчи ўзлаштириши зарур бўлган маълумотлар ҳажми йилдан йилга каттариб бормоқда – уни ўзлаштириш, янги қобилият ва малакаларга эга бўлиш тобора кўпроқ вақтни ва янги мазмунни талаб қилаяпти.
  • Дунёда 12 йиллик мактаб таълимига асосланган муайян халқаро таълим стандарти шаклланган. АҚШ, Канада, Япония, Швеция, Франция ўрта мактабида – 12 йил, Германия, Чехия, Италия, Швейцарияда – 13 йил, Нидерландияда – 14 йил ўқилади. Ривожланган давлатларнинг барчасида олий ўқув юртига кириш учун камида 12 йиллик ўрта таълим талаб қилинади. Башарти биз 11 йиллик таълимга қайтсак, ўзбек мактабининг битирувчиси хориж университетига тўғридан-тўғри кира олмайди, яна бир-икки йил уларнинг мактабида ўқиб беришга мажбур бўлади. Хусусан, шундай муаммога мен ҳам дуч келганман. Германиянинг Ҳейделберг университети танлов комиссияси ўзбек мактаби аттестатини 11 йиллик бўлгани учун тан олмаган. Яна бир йил ўзбек олий ўқув юртида ҳам ўқиганим жонумга оро кирган, ўша бир йил 12 ўрта таълим йили ўрнига ўтган.
  • Касб-ҳунар коллежлари ўқувчини ўз қобилият ва қизиқишлари асосида меҳнат бозори талабларига мослашишини енгиллаштиради.
  • Пост-совет давлатлари ҳам 12 йиллик тизимга ё аллақачон ўтган, ё ўтишни ният қилган. Хусусан, Украина (2018) ва Қозоғистон (2020) ҳам тез орада бу тизимга ўтишни режалаштирган. Биз Россияга тақлид қилишни, ундан илҳомланишни яхши кўрамиз. Лекин Россиянинг ўзида ҳам совет ўрта таълим моделидан воз кечиб, 1 4 (бошланғич мактаб), 5 10 (ўрта) ва 11 12 (юқори) формуласига ўтиш нияти бор. Хўш, улар шундай қилса, биз яна ахмоқ бўлиб, 12 йилликка қайтамизми? Наҳотки шунчалар бетайин бўлсак!

Таълимнинг мақсади вояга етмаганларни маҳалла-кўйнинг кўз олдида сақлаш, юриш-туриши, кийиниши, ўзини тутишини назорат қилиш ёки ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, эрта туғруқ, турли оқимларга қўшилиб қолиш каби важлар билан уларни «доимий инфантил ёш бола» статусида сақлаб қолиш эмас. Таълим тизимининг мақсади сипо, оқ кўйлак, қора шим кийган оломонни етиштириш ҳам эмас.

Таълим тизимининг бош мақсади мустақил фикрлайдиган авлодни шиддат билан ўзгараётган глобал дунёда яшаб кетишга тайёрлаш, уларни бошқа мамлакатдаги тенгқурларига нисбатан рақобатбардош қилиш ва шу орқали миллатнинг равнақини таъминлашдир. Ёшлари касбсиз, маҳорат ва малакасиз, мустақил фикрламайдиган, ўрганишни ўрганмаган миллатлар заифлашиб, бошқа миллатларга ем бўлишини тарих 1001 марта исботлаб берган.

Мана шу тарихдан сабоқ чиқарган ҳолда Ўзбекистон замон талабларига жавоб бериш мақсадида 12 йиллик таълим тизимини пост-совет ҳудудида биринчилардан бўлиб жорий этди. Биринчи президент Ислом Каримов 1990 йил 3 августда бўлиб ўтган йиғилишлардан бирида республикада барча соҳалар қатори таълим тизими ҳам бутунлай издан чиққани, ўқув муассасалари ачинарли аҳволга келиб қолганини айтиб ўтган эди. 1997 йилда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури замонанинг кун тартибидаги муаммоларни ҳал этиш учун ўз даврининг илғор ва узоқни кўзлаган ташаббуси бўлганини бошқа пост-совет республикалари ҳам эндигина – биздан 20 йил кейин бу йўлдан юришни режалаштиргани кўрсатиб турибди.

Лекин таълим тизимидаги ислоҳотлар кўзланганидек амалга оширилмади ёки аллақачон маънан эскирди. Бизга ҳозир таълимнинг янги ислоҳоти керак, лекин бу ислоҳот ўқув йиллар сонини қисқартириш ёки кўпайтиришдан иборат бўлмаслиги лозим.

Таълим ислоҳоти асосий етти саволга ечим топилгандагина муваффақиятли бўлади:

  • Нимани ўқитиш керак
  • Ким ўқитиши керак
  • Қандай ўқитиш керак
  • Нега ўқитиш керак
  • Ислоҳотларни қандай бошқариш керак
  • Бу ислоҳотлар молия ва инсон капитали нуқтаи назардан қанчага тушади
  • Ва охирида, ислоҳотлар орқали қандай натижага эришамиз

11 йиллик таълимга қайтиш ташаббуси юқоридаги саволларга жавоб бермайди. Бир йил қисқартирдик ҳам дейлик, бундан мактаблардаги таълим сифати ажиб ҳолда яхшиланиб ҳам қолмайди. Мактаб таълимидаги бугунги ачинарли вазият – жамиятда сўнгги ўн йилликларда кечаётган ижтимоий ва иқтисодий жараёнларнинг оқибатидир. Демак, мактаб ислоҳоти ҳам комплекс ёндашувдан иборат бўлиши керак ва юқоридаги саволларга жавоб бериши шарт.

Лекин бундай ёндашувни пайпаслаб топгунимизча, буюк машаққат ва молиявий қурбонликлар эвазига эришилган институционал базани, касб-ҳунар коллежлари ва ўрта-махсус лицейлар тармоғини «демонтаж» қилмаслик керак. Қўйлиқдаги кўприкни бузган эдик, қайта қуряпмиз. Таълим тизимини ҳам шундай тақдир кутаётган бўлмасин, тағин.

Сардор Салим

taraqqiy.uz

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан