Оқ уй Шимолий Корея етакчисининг руҳий ҳолатидан ташвишда

04.01.2018 | Жаҳон | 2626

Оқ уй вакили Сара Сандерснинг маълум қилишича, АҚШ маъмурияти КХДР етакчиси Ким Жонг Иннинг руҳий ҳолати борасида аниқ бир фикрга эга эмас, деб хабар бермоқда Reuters.

«Бу мамлакат одамлари Шимолий Корея етакчисининг руҳий аҳволидан хавотирланиши керак. У сўнгги йилларда кўп марта ракеталарни синовдан ўтказиб, кўп бора таҳдидларни илгари сурди. Президентимиз қўрқиб қолмайди, заифлик қилмайди ва Америкаликларни ҳимоя қилиши ҳақидаги ваъдасини бажаради», — деди Сандерс.

Шу тариқа у журналистнинг сўрови билан Трампнинг ўз ядро тугмаси Ким Жонг Инникидан каттароқ эканлиги ҳақидаги гапини изоҳлади. Мухбир унга америкаликлар ядро қуроли ҳақида бунчалик осонлик билан гапирувчи АҚШ «президентининг руҳий ҳолати ҳақида хавотирланиши керакми?» — дея савол берган эди.

Аввалроқ Трамп Ким Жонг Иннинг ўз столи устида ядро тугмаси туриши ҳақидаги баёнотига жавобан, Шимолий Корея халқига ўз раҳбарини Америка давлати раҳбарида ҳам шундай тугма борлиги, аммо у «каттароқ эканлиги ва ишлаши» ҳақида хабардор қилишни таклиф этган эди.