Ўзбекистонда машинани хавфли услубда бошқариш учун жарима жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу 2018-2020 йиллар учун ҳаракат хавфсизлиги концепцияси лойиҳасида назарда тутилган.
Хусусан, 2018 йил 1 июлгача Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодексга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси тайёрланиши лозим. Қонунда "йўл ҳаракатида безорилик" тушунчаси киритилади.
Бунда транспорт воситасини бошқарув қоидаларига қасддан риоя қилмаслик, тажовузкор бошқарувни кўрсатиш, огоҳлантириш сигнал бермасдан қўққисдан ҳаракат йўналишини ўзгартириш, хавфсиз бўлмаган ҳолатларда овоз бериш сигналларидан фойдаланишни ўз ичига олади.
Ушбу ҳатти-ҳаракатлар учун энг кам иш ҳақининг 1 баравардан 3 бараваргача жарима чораларини қўллаш режалаштирилмоқда.
Бу каби жарималар дунёнинг кўплаб давлатларда жорий этилган. Масалан, Германияда машинани хавфли услубда бошқариш учун ойга ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ёки 250 евро жарима, АҚШда — 2500 доллар жарима, Россияда — 5000 рубл жарима, Японияда — ярим йил аҳлоқ тузатиш ишлари, Австралияда 5500 доллар жарима ёки 3 йилга ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этиш чоралари қўлланилиши мумкин.