Шавкат Мирзиёев диний-маърифий соҳага оид муҳим фармонни имзолади

17.04.2018 | Ўзбекистон | 3563

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби ташкил этилади.

Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказиш Ҳадис илми мактабининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Фармон билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

фуқароларнинг диний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш;

масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш;

диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

ислом илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз, замонамизнинг етук олим ва уламолари қаламига мансуб диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашиш;

юртимиздаги муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларнинг мусулмон дунёсидаги нуфузини янада ошириш, бу масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш.

Вазирлар Маҳкамасига 2018 йил 1 июлга қадар ўрганиш натижалари асосида муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни «Вақф» хайрия жамоат фондига фойдаланиш учун ижарага бериш ҳуқуқи билан бириктириб беришни назарда тутувчи қарорни қабул қилиш топширилди.

2018 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ишловчи:

ўқитувчи, илмий ходим ва мутахассисларга ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 3 баравар (Марказ ходимларига – 4 баравар) миқдорда қўлланилади;

пенсионерларга уларнинг ушбу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда пенсиялари тўлиқ тўланади.

Мазкур имтиёзлар барча диний-маърифий ташкилотлар ходимларига татбиқ этилади.

Ислом илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз довруғини жаҳон миқёсида кенг ёйиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахсларни рағбатлантириш мақсадида «Имом Бухорий» давлат мукофотини таъсис этилади.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда мазкур давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритиш топширилди.