Аянчли уруш қисмати. Суриялик болалар - аросатда қолган авлод

19.04.2018 | Ўзбекистон | 2741

Сурияда уруш етти йилдан бери давом этаркан, можаро бошланганда туғилган болалар ҳалигача тинчлик, болалик нималигини билмайди. Оиласи билан урушдан қочганлар ҳам можаро асоратлари билан юзлашмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, уруш кетининг кўринмаётгани янги авлод сурияликларга жисмоний, руҳий ва маънавий шикаст етказмоқда.

Сурияда салкам икки миллион бола таълим олишдан маҳрум, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлардан бир миллиони эса етарлича билим олмаяпти. Сурияда мактабга чиқаётган болаларнинг ярми ўзини хавфсиз ҳис қилмайди. «Болаларни асранг» ташкилоти вакили Эйми Ричмонднинг айтишича, уларнинг руҳиятига катта зарар етган.

«12 яшар Обид доим жаҳли чиқиб юришини, ҳалаблик саккиз яшар Риҳаб эса бомба тушишидан қўрқиб, мактабга боришни хоҳламаслигини, 12 яшар Олия бир кун ўқ овози ёки бомба портлашини эшитмаса, ўзини ғалати ҳис қилишини айтади», - дейди мутахассис.

Эйми Ричмонд Суриядан қочиб, Иордания, Ливан, Туркияда жойлашган суриялик болалар билан ишлайди.

«Болаларни асранг» ташкилотимиз ҳисобича, ҳар бир соатда 250 та бола оиласи билан қочмоқда. Зўравонликларга гувоҳ бўлиш ҳамда қочқинлик натижасида юзага келган муҳтожлик «токсик стресс»га сабаб бўлмоқда”, - дейди Ричмонд.

«Токсик стресс»га чалинган бола ўзига шикаст етказиши, жонига қасд қилиши, тажовузкор ҳаракатларга қўл уриши мумкин, ўрганиш қобилияти сусаяди. Ҳар бир суриялик оилада камида бир одам урушда ўлган. Қочқинлар лагерьида яшовчи болаларга кўп ҳолларда қўпол муомала қилишади.

«Бундай ҳолатда муаллим ёки терапевтнинг ёрдамидан фойда катта бўлмаслиги мумкин», - дейди Сурия-Америка тиббиёт жамиятидан доктор Муҳаммад Холид Ҳамза.

АҚШ Давлат департаменти Сурия шимоли-шарқидаги жамоалар билан мактаб ёшидаги болалар реабилитацияси бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Рассомчилик, рақс, актёрлик машғулотлари болаларга руҳий дардини оз бўлсада енгиллаштиришга ёрдам беради. Синфга киришдан олдин болаларга бир-бири билан мулоқот қилиш ҳам ўргатилади.

«Кўчада дайдиб юришга ўрганган, мактаб нималигини билмайдиган болаларни синфда 5, 6, 7, 8 соат ушлаб туриш, ёзиш, ўқишга ўргатиш қийин. Уларни аввал руҳий муаммоларни ҳал қилиб, сўнг алифбо ва ҳисобга ўргатиш зарур», - дейди Давлат департаменти вакили Катерин Боу-Марун.

Экспертларнинг огоҳлантиришича, Суриядаги уруш натижасида бутун бир авлод аросатда қолмоқда, бу эса тикланишга муҳтож мамлакат келажаги учун катта зарар, жиддий йўқотишдир.