Масжиддаги болаларга нисбатан бунча кин, нафратни қаердан олгансизлар?

Масжиддаги болаларга нисбатан бунча кин, нафратни қаердан олгансизлар?

«Ҳастимом» масжидида асрни ўқияпмиз, орқада болалар югуриб, ўйнаб юрибди. Намозда туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврини, ўша пайтда ҳам болалар масжидда намоз пайтида ўйнаб юрганини эсладим. 

Имом салом бериши билан бир киши орқага ўтиб, ҳалиги олти-етти ёш чамасидаги болаларга бақира бошлади. Танбеҳ бермади, бақирди. «Одамларнинг намозини бузяпсанлар. Бор, масжиддан чиқиб кетларинг», деб ўшқирди. Қарасам, нари борса 55 ёшдан ошган одам. Олдига бориб, «Амаки, болаларни масжиддан безитиб қўйманг», десам, орқамдан нимадир деб минғирлади.

Анави болаларга етиб олиб, юпатгандек бўлиб, «Масжидга чиқаверинглар, лекин тўполон қилманглар», деб қўйдим.

Ёшим 34 га кирди. Ёшлигимдан масжидга чиқаман, алҳамдулиллаҳ. Шунча йилдан бери бирон марта масжидда ўйинқароқлик қилган, намоз пайтида югуриб, бақир-чақир қилиб юрган ёш болаларга нисбатан қалбимда ғиллу-ғашлик, нафрат, ёқтирмаслик ҳиссини туймаганман. Аксинча, уларнинг кўча-кўйда эмас, масжидда юрганидан хурсанд бўлганман, ҳалигача шундайман.

Сизлар, ёши элликдан ошган баъзи мижғов одамлар, чолсифат «улуғлар», болаларга нисбатан бунча кин, нафратни қаердан олгансизлар? Биламан, аксариятингиз болаликда масжид остонасидан ҳатламагансиз, ёшликда масжидга чиқиш нималигини билмайсиз. Аммо ўз болангизга яхши гапиришни, эркалатишни биласиз, уларнинг кўнгилхушлигини кечирасиз-ку. Унда нимага масжидга чиқадиган болаларнинг «айби»дан ўта олмайсиз, ичингиздаги заҳрингизни сочасиз? Ҳеч бўлмаса, суннатга риоя қилсангиз, ўша болаларга масжид одобини ўргатсангиз, ёшингизга яраша иш бўларди.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.