Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Профессор минбари: Таълимнинг иқтисод ва меҳнат бозорига таъсири ҳақида
25.08.2018 21:36,  
44

Мақолада меҳнат бозорига малакасиз ишчи кучини таклиф қилиш давридан инновацияларга асосланган мутахассислар тайёрлаш босқичига ўтиш; Ўзбекистоннинг иқтисодий равнақига таълимнинг таъсири ҳақида гап боради

Ўзбек халқи ўз меҳмондўстлиги билан машҳур. Айниқса ўз уйларида бўлганида меҳмон кутишда дўстона муносабат ва меҳмоннинг кўнглини олиш борасида ўзбекларга етадигани йўқ. Гэллап ижтимоий фикр ташкилоти йиғадиган маълумотлар асосида Хайрия Ёрдами Фонди (Charities Aid Foundation) томонидан чоп қилинадиган Жаҳон Баҳам Кўриш Индекси (World Giving Index) йиллик ҳисобот бўлиб, унда дунёнинг 140 мамлакатига халқларининг хайрия қилиш даражаси асосида ўрин берилади. Жаҳон Баҳам Кўриш Индекси ҳисоботининг мақсади дунё бўйлаб одамларнинг бошқаларга ёрдам бера олишларининг кўлами ва табиати ҳақидаги маълумот беришдан иборат. 2016 йил ноябрь ойида чоп қилинган сўнгги ҳисоботда Ўзбекистон 11-чи ўринда келтирилган (2013 йилда эса 50-чи). Бу халқимизнинг танимаган бегона одамларга хайрихоҳлигини, пул хайр қилиш ёки ўз вақтларини кўнгилли ишларга сарф қилишда машҳур эканлигини яна бир марта исбот қилади. Мен халқимизда мамлакатни ривожлантириш учун етарли ички руҳ мавжуд ва бу руҳ аждодларимиздан қолган меросдир, деб ҳисоблайман.

Афсуски, Жаҳон Иқтисодий Форуми ҳар йил чоп қиладиган Глобал Рақобатбардошлик Индексида (Global Competitiveness Index) Ўзбекистонни топа олмадим. Бу ҳисоботда “мамлакатларнинг ўз фуқароларига юқори даражадаги фаровонлик шароити яратиб бериш имконияти баҳоланади”. Ўз навбатида бу кўрсаткич ҳар қандай мамлакат мавжуд ресурслардан қай даражада самарали фойдалана олишига боғлиқ. Шу сабабдан, Глобал Рақобатбардошлик Индекси иқтисодий фаровонликнинг барқарор жорий ва ўрта-муддат даражаларини белгиловчи муассасалар, сиёсат ва омиллар йиғиндисини ўлчайди. Масалан, 137 мамлакат орасида, Швейцария, АҚШ ва Сингапур рўйхатнинг энг юқорисини эгаллаган, Россия эса 38, Қозоғистон 57, Тожикистон 79, Қирғизистон 102 ўринда, Туркманистон эса рўйхатдан жой олмаган.

Аксарият МДҲ давлатлари каби, Ўзбекистон иқтисодий равнаққа асосий эътиборни қаратган ривожланаётган мамлакат ҳисобланади. Жуда ҳам зарур бўлмиш иқтисодий равнақни амалга оширишда ҳукумат асосий диққат-эътиборини қаратган асосий соҳалардан бири таълимдир. Таълимнинг ўзбек жамиятида шахсий ва миллий равнақнинг кўтарилишига ҳисса қўшувчи асосий омиллардан бири эканлигига чуқур ишончни намойиш қилувчи етарлича исбот мавжуд. Миллий бюджетда иккала таълим вазирлигига қанча маблағ сарфланишидан бехабарман, чунки мамлакатларнинг маорифга сарфлайдиган маблағлари (% ЯИМ) рўйхатида тегишли маълумотни топа олмадим. Бу маблағ бошқа вазирликларникидан кўпроқмикан? Таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳукуматнинг янги университетлар, жумладан, халқаро университетлар филиалларини очиши таълимга эътибор ошаётганини кўрсатмоқда. Кечки ва масофали таълимнинг ташкил қилиниши ишчи синф вакиллари гуруҳ-гуруҳ бўлиб аудиторияларга қайтиши мумкин. Бундай махсус ташкил қилинаётган ва собит анъана, ривожланаётган давлат сифатида Ўзбекистон учун таълим соҳасига инвестиция сарфлаш зарур ёки зарурмасмикан деган саволи ўз-ўзидан келтириб чиқаради. Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ҳақида гап кетганда таълим муҳим ўзгарувчан кўрсаткичмикан?

Тадқиқот натижаларига кўра, микродаражада, умуман ва ўртача олганда, олий маълумотли инсонлар кўпроқ маош олишади, кўпроқ умр кўришади ва саломатлик нуқтаи назаридан яхшироқ умр кўришади, деб ҳисобланади. Тадқиқотлар натижаларига кўра, олий таълимнинг алоҳида олинган шахслар учун фойдаси яққол кўриниб туради, чунки натижалардан бири таълимни бир ортиқча йили олинадиган даромадларнинг 7% фоизга ошишини кўрсатди.

Ривожланган мамлакатлар босиб ўтган дарслардан жуда кўп ишончли маълумот олса бўлади; 1957 йилда Совет Иттифоқи коинотга илк сунъий йўлдошни учирганда, Америка ҳукумати билим олишга шунчалик жадал диққат қаратдики, бутун таълим тизими – таълим мазмуни ва ўқув дастурларини етказиб бериш услубшунослиги қайта кўриб чиқилди. Ўн йил ўтгач, АҚШ космонавтлари бемалол ойга қўнишга муваффақ бўлди ва ўттиз йил ўтгач бирорта ўқ отилмаган бўлса-да, АҚШ совуқ урушда ютуққа эришди. 1969 йил космонавтларнинг Ойга қўниши ва 1989 йилда совуқ урушда эришилган ғалаба фақат мактаб синфларида амалга оширилди.

Ўрганиладиган ушбу дарслардан ташқари, иқтисодий ўсишни таъминлашда таълимнинг роли жуда муҳим, деб ҳисобланади, деган умумий, ҳеч бўлмаганда назарий тушунча мавжуд. Инсон капитали ривожланишининг муҳим қисми сифатида таълим омманинг ишлаб чиқарувчилик қобилиятини оширишда жуда катта роль ўйнайди. Бундан ташқари, учинчи даражада, таълим юқори самарадорлик билан ишлайдиган ишчи-хизматчилар тайёрлаш ва пировард натижада шахснинг янги ғоялар яратиш қобилиятини ошириш ва технологик жиҳатдан инновацион сифатга эга бўлишини таъминлаб, иқтисод ва ривожланишга жуда муҳим ҳисса қўшади.

Шунингдек, таълимга жамиятнинг яхши томонга ўзгаришини таъминловчи ягона восита деб ҳам қаралади. Бундай ўзгариш миллат равнақи учун ўз ижобий ҳиссасини қўша биладиган юқори малакали ва компетенцияга эга кадрлар тайёрлаб бериш йўли билан амалга оширилади. Таълим қашшоқлик даражасини пасайтиришга ҳам ҳисса қўшиши ҳамда тенглик, ошкоралик ва ижтимоий адолатни кучайтириш қуроли бўлиб ҳам хизмат қилиши мумкин. Бу билан даромадни тақсимлашни рисоладагидай йўлга қўйиш ва ривожланишнинг ижтимоий, демографик ва сиёсий соҳаларини такомиллаштириш имкони яралиши мумкин.

Бундан олдин ўтказилган тадқиқотлар жисмоний ва инсон капиталига инвестиция сарфлаш Америка Қўшма Штатларининг ҳам таълим ва ҳам саноат соҳаларида катта фоизли ўсишга олиб келишини кўрсатди. Яна бир бошқа тадқиқот кўрсатишича, таълимнинг, хусусан, бошланғич, ўрта ва олий таълимнинг турли босқичларининг қўшадиган ижобий ҳиссасига мактабда ўқитиш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари орқали эришиш мумкин. Олий таълимнинг иқтисодий ўсишдаги ҳиссаси 1990 йилларда жуда ошиб кетди. Бошқа кўрсаткичлар орасида олий таълим Хитой иқтисодининг ўсишига олиб келди. Хитойда 1978 йилдаги жаҳонга дарвоза очиш сиёсати бошланиши арафасида саводсизлик 50% етганди. Шунга қарамай, 1980 йилларда Хитой ҳукумати таълимни ривожлантиришнинг муҳимлигига урғу берди ва бу Хитойда таълим соҳасини ривожлантиришга мўлжалланган таълим соҳасида турли қонунлар ва қоидалар қабул қилинишида ҳам намоён бўлди. Ҳақиқатда ҳам, Хитойда таълим тизимларини тузиш ва олиб боришда асосий орган ҳукумат ҳисобланади, яъни Хитой таълим тизимида давлат маориф тизими энг катта қисм ҳисобланади. Демак, таълим учун харажатларнинг келиб чиқиши асосан миллий ва маҳаллий фискал маблағ ажратиш йўли ҳисобланади.

Шунга қарамай, Хитойнинг шарқий, марказий ва ғарбий ҳудудлари орасида давлат таълим тизимига пул ажратишнинг бир хил эмаслиги туфайли жиддий муаммолар мавжуд. Умуман олганда, таълим тизимининг ривожланишидаги бундай номутаносибликлар субъектив (минтақа тарихи ва маданияти) ва объектив омиллардан келиб чиқади (масалан, табиий атроф-муҳит). Ҳақиқатда ҳам, маорифга ажратиладиган маблағларни ҳудудлар бўйича тарқатилиши нуқтаи назаридан маҳаллий иқтисодий ривожланиш даражаси энг жиддий компонент ҳисобланади, хусусан, паст даражадаги маҳаллий иқтисодий ривожланиш шу ҳудуддаги маорифга ажратиладиган маблағларнинг кам бўлишига олиб келади. Шу сабабдан, шарқий минтақада марказий ва ғарбий ҳудудларга қараганда тез иқтисодий ривожланиш кузатилди. Фикримча, олий таълим вазирлиги ҳудудларда таълимга кўпроқ эътибор бериши керак; мамлакат аҳолисининг 80% кўпроғи пойтахтдан ташқарида яшайди. Шунингдек, ҳукумат томонидан ажратиладиган маблағларнинг кўпроқ қисми маҳаллий таълим муассасалар иншоотлари ва ўқитувчилар маошларига йўналтирилиши ва таълимни рағбатлантирадиган кадрлар тизими ташкил қилиши лозим, деб ўйлайман.

Таълим ривожланишнинг кўплаб жабҳаларига ижобий таъсир кўрсатади: даромаднинг ошиши, саломатликка ижобий таъсир, сиёсий барқарорлик ва миллий сиёсатда аёлларнинг қатнашуви каби. Таълимнинг ривожланиш натижаларидаги таъсири тўғри чизиқли бўлмай, таълимнинг турли босқичлари ривожланиш натижаларига турли таъсир кўрсатади ва ўрганишнинг қуйи босқичларида олий таълим босқичига кўра профилактика масалаларига кучли эътибор берилади. Таълим Марказий Осиё минтақасида қуролли тўқнашувларнинг эҳтимоли ва кўламини пасайтиради. Таълимга маблағ сарфлаш иқтисодий ривожланишни жадаллаштириб юборувчи жиддий омил эканлигига ишончимиз комил. Шу сабабдан, Ўзбекистонда иқтисодий ривожланишни белгиловчи омиллардан бири сифатида таълим соҳасига ажратиладиган маблағлар кўламини оширишни тавсия қиламан.

Сифатли таълим ҳукумат стратегияларини ҳам ўзгартириши мумкин. Бу ҳолда ташқи мамлакатларга ишчи кучини жўнатмай, уларни қайта ихтисосларга ўргатиб, Ўзбекистоннинг ўз ҳудудида ишга оламиз. Ривожланишнинг замонавий даврида мамлакатимиз ўз ишлаб чиқариш захиралари, авваламбор, малакасиз ишчилар ва табиий ресурсларга асосланиб рақобат олиб борувчи ресурсларга йўналтирилган иқтисодий босқични бошдан кечирмоқда. Маҳаллий корхоналар нархлар асосида рақобат олиб бориб, асосий турмуш маҳсулотлари ва товарлар савдоси билан шуғулланишади ва уларнинг ишлаб чиқариш самарадорлигининг пастлиги кичик маошларда ўз аксини топади. Ривожланиш илгарилаб борган сари маошлар ҳам ошиб бориши сабабли биз ривожланишнинг самарадорликка асосланган босқичига ўтишимиз мумкин бўлади ва ишлаб чиқариш жараёнларининг самаралироқ усулларини ишлаб чиқишни бошлашимиз ва маҳсулот сифатини оширишимиз мумкин бўлади. Ана шундагина рақобат борган сайин олий маълумот ва кадр тайёрлаш, самарали ишлайдиган товарлар бозорлари, самарали меҳнат бозорлари ва ҳоказо омиллари билан белгиланадиган бўлади. Ниҳоят, биз инновацион омиллар билан ривожланиш босқичига ўтамиз ҳамда бизнес ва саноат соҳаси рақобатбардош янги ёки ноёб маҳсулотлар чиқаришнинг уддасидан чиқадиган бўлса, жиддий маош тўлаш ва юқори турмуш даражасига эришишга имкониятимиз бўлади. Бу босқичда, маҳаллий товар маркалари ва корхоналар жуда мураккаб ишлаб чиқариш жараёнлари ва инновациоон усуллар асосида янги ва турли туман маҳсулотлар ишлаб чиқаришда рақобат олиб борадилар.

Демак, инновацион омилларга асосланган ривожланиш босқичига ўтиш учун халқаро олимларни таълим жараёнига жалб қилишимиз, коррупция ботқоғига ботган тизимдан қутулишимиз, университетларга кўпроқ автономия бериш ва жаҳон миқёсидаги илғор ўқув дастурларини жорий қилиш йўли билан таълим соҳасига инвестиция сарфлашимиз лозим. Олий таълим вазирлиги ғарб академик тизимига мос равишда кредит ўқув тизимини жорий қилишни тезлаштириши лозим, чунки бу тизим ўзбек талабаларига материални тушуниш борасида муаммоларсиз халқаро миқёсда таҳсил олиш имконини беради. Шунингдек, вазирлик талабаларга факультатив дастурлар ва талабалар ўзлари танлайдиган курслар мавжуд ўқув дастурларига ижозат бериши лозим. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) 65та жаҳон давлатининг таълим даражаси нуфузи асосида тузилган жадвалида қўшни Қозоғистон рўйхатнинг 60-ўрнида жойлашган. Ушбу ҳисобот математика, ўқиш ва илм-фан натижаларини баҳолайди. Ўзбекистон тез орада бу рўйхатга киритилади, деб умид қиламан. Шунингдек, биз Ўзбекистон таълим тизими нуфузини дунёда мос келишини ҳамда олимларимизнинг (уларнинг фикрлари ва кашфиётларининг) жаҳон матбуотида иқтибос қилиниш кўламини ҳам таҳлил қилишимиз лозим. QS университетлар нуфузи ҳисоботида Қозоғистоннинг 8 университети жаҳоннинг 1000та энг яхши университетлари қаторига киритилган бўлса, Ўзбекистоннинг бирорта университети ҳам бу рўйхатда йўқ.

Миллатнинг бойлиги ва турмуш тарзи мамлакатнинг ЯИМда ўз аксини топади деган умумий тушунча мавжуд. Ҳақиқий ЯИМда ўсиши билан ўлчанганда таълимнинг барча босқичи иқтисоднинг ўсишига ҳисса қўшадиган ижобий омиллардан биридир ва шу сабабдан, зарур бўлган иқтисодий ривожланишни белгиловчи кўрсаткич ҳисобланади. Хусусан, ўрта ва олий таълимга қараганда, бошланғич таълим иқтисодий ривожланишга кенг таъсир ўтказади. Шунинг учун, халқ таълими ва ўрта-махсус/олий таълим вазирликлари кўп масалаларда ҳамкорлик қилиши лозим. Шу сабабдан, халққа сифатли таълим бериш керак. Бунинг натижасида иқтисоднинг ўсиши ва халқнинг турмуш тарзи яхшиланишига ҳеч шак-шубҳа йўқ.

Азамат Акбаров,

Қозоқ Миллий Университети профессори, Олмаота

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан