Адҳам Олимов ва бошқа блогерларнинг ҳибсга олиниши қонун устуворлиги учун жиддий синов

01.09.2018 | Блог | 10094

Фейсбукда Мусанниф Адҳам номи билан танилган блогер Адҳам Олимов ва бошқа блогерлар ҳибсга олинишида Совет қатағони ва ислоҳотлар бошланмасидан олдинги ноқонуний усулларни кузатиш мумкин.

Адҳам Олимов 28 август куни кечқурун соат 18:00ларда саккиз нафар киши томонидан ҳибсга олинди ва Олмазор тумани ИИБга олиб кетилди. Ташриф буюрган кишилар исм-фамилиясини айтмаган, хизмат гувоҳномасини кўрсатмаган. Уйни тинтиб, телефон, флешка, хард диск каби ашёларни олиб кетишган. Ўз ҳаракатларини асослаш учун Тошкент шаҳар прокурори санкцияси бор, деб айтганлар, аммо уй эгаларига бирор-бир ҳужжат кўрсатмаганлар.  

Оила аъзолари ҳозир Олимовга қарши маъмурий қамоқ жазоси қўлланилганини биладилар, аммо улардан биронтаси суд мажлиси ҳақида хабардор қилинмаган. Уларга суд қарори нусхаси ҳам берилмади. Ҳозиргача Олимов қаерда эканлигини номаълум.

Хўш, 2016 йил охиридан бери ҳуқуқий давлат қуриш борасида қабул қилинган ўнлаб қатор қонунлар, қарорлар ва Президент топшириқлари нимага бажарилмаяпти? Олимовнинг ҳибсга олиниши қонун устиворлиги учун жиддий синов бўлиб, вазиятга қонуний тус бериш учун тегишли ҳукумат органлари қонунбузарликларга қарши зудлик билан чора кўриб, Олимовни озод этишлари керак.

Мазкур ишнинг аҳамияти нимада?

Олимов машҳур блогер. Халқаро муносабатлар, диний ва давлат, виждон эркинлиги, қонун устуворлиги соҳаларида Фейсбук орқали ўз фикр-мулоҳазаларини бўлишиб юрган. У бирон марта давлатнинг конституциявий тузумига қарши куч ишлатиш, Исломий давлат ўрнатиш, турли экстремистик гуруҳларга ёрдам бериш ҳақида пост қилгани кузатилмаган. Фикр билдиришда холислиги билан ажралиб турган. Масалан, Никита Макаренкога қарши бошланган қоралаш кампаниясига қарши чиққан.

Унинг асоссиз ҳибсга олиниши бир томондан сўз эркинлигининг чекланиши бўлса, бошқа томондан виждон эркинлигига қарши чекловлар қайтяпти, деб шубҳа қилишга сабаб бўлмоқда. Қолаверса, 2016 йил охиридан бери бошланган қонун устуворлиги борасидаги ислоҳотларга ишончни сўндирмоқда. 

Қайси ҳуқуқлар бузилди?

2016 йил 16 сентябрда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, 2017 йил 16 мартда кучга киради. Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида урғу беради. Жумладан, 8-моддада Ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат этганида: [1] ўз лавозимини; [2] унвонини; [3] исм-шарифини; [4] фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши шарт дейилади. Ички ишлар ходими мазкур хатти-ҳаракатларни бажаргандан кейингина мурожаат қилишининг сабабини ва мақсадини маълум қилиши шарт. Мазкур ишда эса ИИБ ходимлари ўзларини таништирмадилар, ҳеч қандай гувоҳнома кўрсатмадилар. Олимовни ҳибсга олишга рухсат берувчи санкцияни тақдим этмадилар. Уйга иш вақтидан кейин келиш ва тинтув ўтказиш сабаби ва зарурати ҳам айтилмади.  

8-моддада фуқарога нисбатан унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда, бундай чоралар қўлланилишининг сабаби ҳамда асослари, шунингдек, фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтирилиши шарт. Мазкур ҳуқуқ ва мажбуриятлар доирасига оила аъзоларига ва/ёки адвокат билан боғланиш ҳуқуқи ҳам киради. Демак, ушбу қонун талаблари амалда бажарилганда, блогер Олимов аллақачон аҳволи ва қаердалиги ҳақида оиласига хабар берган бўлар эди. Аммо ҳозирги вазият ундай эмас. Маъмурий чора кўрилган, аммо унинг қаерда эканлиги ҳалигача номаълум.

 9-моддада Ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда амалга ошириши белгиланган. Бу дегани, Олимовнинг оила аъзолари ИИБ ва/ёки прокуратура билан боғланганда тўлиқ маълумот олишлари керак эди. Қонуннинг мазкур талаби ҳам қўпол бузилмоқда. Олимовнинг оила аъзолари турли давлат органларига мурожаат қилишларига ва ҳибсга олинганига уч кун ўтганлигига қарамай Олимов қаердалиги ҳақида маълумот ололмадилар.

Қолаверса, Жиноят Процессуал Кодексининг 217-моддасига кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш тарзидаги мажбурлов чорасини қўллаганида, бу ҳақда 24 соатдан кечиктирмасдан унинг оила аъзоларидан бирига маълум қилиши шарт. Мазкур талаб ҳам бажарилмади. Ҳибсга олинганидан кейин қарийб уч кун ўтганлигига қарамасдан Олимовнинг қаерда сақланаётгани ҳақида маълумот йўқ. 

Олимов нимага зудлик билан озод этилиши керак?

Олимовга қарши кўрилган чораларнинг биронтаси қонун асосида амалга оширилмагани учун, у зудлик билан озод этилиши, маъмурий қамоқ жазоси бекор қилиниши, унга қарши ноқонуний чора кўрган ИИБ ходимлари эса жазоланиши керак. Оиласидан олинган маълумотларга кўра, 28 август кечки 18:00да бошланган мажбурлов чоралари қатор қонунбузарликлари билан амалга оширилган. ИИБ ходимлари ўзларини таништирмаган, ҳибсга олиш учун санкцияни тақдим этмаганлар, ноқонуний тинтув ўтказиб, далолатнома тузмасдан бир неча электроника ашёларини олиб чиқиб кетганлар.

29 август куни маъмурий суд бўлиб ўтиб, унга 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани айтилади, аммо суд мажлиси ҳақида на Олимовнинг оила аъзолари, на адвокат хабардор этилган. Шу туфайли суд мажлисида иштирок ҳам этмаганлар. Блогернинг қаердалигини ўрганиш учун 3 кундан бери ИИБ ва прокуратурага қилинган турли мурожаатлар жавобсиз қолган, Олимовнинг қаердалиги ҳамон номаълум.

Юқоридагилар Ўзбекистонда қонун устиворлиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар учун жиддий синов. Халқнинг ислоҳотлар ва Ички ишлар ходимларига қарши бўлган ҳурмати ва ишончи ошиб бораётган вақтда, мазкур ҳодиса ҳукумат обрўсига жиддий путур етказиши мумкин. Бунга йўл қўйилмаслиги учун Олимов ва бошқа блогерлар озод этилиши, қўпол қонунбузарликларга йўл қўйган ИИБ ходимлари жазога тортилиши керак. Акс ҳолда қонунлар, қарорлар ва Президент топшириқлари қоғозда қолаётгани, амалда эса ҳеч қандай жўяли ўзгариш бўлмаяпти, деб айтаётганларнинг овози баландроқ эшитилади.

Миракмал Ниязматов, ҳуқуқшунос