“Дубинка” – тенглик учун курашнинг шаксиз ҳамроҳи

“Дубинка” – тенглик учун курашнинг шаксиз ҳамроҳи

“Дубинка” бу – ҳуррият, эркинлик, тенглик йўлида қилинадиган ҳар қандай ҳаракатнинг зарурий ҳамроҳи, унсури. Яъни, она заминида демократик тамойиллар қарор топишини истаган ва бунга уринган жамият бу йўлда қаршиликларга дуч келишига ва албатта турли хил “дубинка”лар бошига (ва бошқа аъзоларига) тушишига тайёр бўлиши керак. Нега?
Чунки кўпчилик билан ҳисоблашмасдан, ўша кўпчиликнинг мулкига тузилган ва бу мулкни ўзи билганича тасарруф этишга, қонунларни эса хоҳлаганда ўз манфаатига “ишлатишга” ўрганган, фаолияти шаффофликдан йироқ бўлган идора-ю тизимлар бунақа алоҳида “имтиёзли” мавқедан осонликча воз кечмайди. Аммо бу ҳаммаси эмас. Нафақат идора-ю тизимлар, балки “ўшандақа” услубда ишлаш... йўқ, нимасини айтамиз – яшашга ўрганган оддий ходимлар ҳам эгар тугул – отдан тушгиси келмайди ва оддий одамларга нисбатан “дубинка”си тайёр туради.  
Гап кўпчиликнинг ҳақ-ҳуқуқларини чеклаш воситасида маблағ, нуфуз ҳамда ҳукмрон бўлишдек лаззатли нарсалар ҳақида кетаётган экан, тенглик йўли қийинчиликларга тўла бўлади доим – демократик тамойилларга уринган жамоатчиликка қарши қўлда мавжуд бўлган турфа “дубинка”лар тап тортмасдан ишлатилади, албатта. Ва бунда “гап қайтаришингиз”нинг ўзи, “йўқ” дейишингизнинг ўзи етарли бўлади.
“Дубинка”лар сизнинг манфаатингизни қўриқлаш учун сизнинг пулингизга олингани бунда эътиборга олинмайди.
Эътиборлиси, ҳаттоки, давлат миқёсида сиёсат ўзгариб, инсон ҳуқуқлари устивор деб эълон қилинса ҳам, халқаро меъёрларга амал қилиш баралла айтилаётган бўлса ҳамки, “дубинка”лар ишлаб кетаверади. 
Давлат раҳбарининг куйиб-пишиб, жон куйдириб халқаро минбарлардан сўзлаган нутқлари, қилган баёнотлари, яхши ният ила имзо чекилган меморандумлар – буларнинг бу тоифага  қизиғи йўқ. Чамаси, улар ҳатто бу баёнотларнинг моҳияти ҳақда ўйлаб кўрмайди.  
“Дубинка” бу – ҳуррият, эркинлик, тенглик йўлида қилинадиган ҳар қандай ҳаракатнинг зарурий ҳамроҳи, унсури. Жамият бу ҳақиқатни қабул қилмоғи, бусиз ёрқин келажакка етишиб бўлмаслигини англамоғи,бу йўлда юрт раҳбари билан биргаликда уринмоғи лозим.  

Муҳаммад Шакур, блогер