Нега халқ таълими мудираси бирон марта ҳам карантин қоидаларини зикр қилмай, ўқувчиларни айнан масжиддан тўсиш ҳақида гапирди?

Нега халқ таълими мудираси бирон марта ҳам карантин қоидаларини зикр қилмай, ўқувчиларни айнан масжиддан тўсиш ҳақида гапирди?

Кеча кундузи ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Халқ таълими бўлими мудирасининг «барча директорлар, жума намози ўқиладиган масжидларга бориб ўқувчингизнинг у ерга бормаслиги учун чора кўринг» мазмунидаги аудиоси тарқалган эди.

Ғиждувонда халқ таълими мудираси директорларга таҳдид қилиб, болаларни масжиддан қайтаришга буйруқ берди (аудио)

Тун ярмига борганида Бухоро вилояти Халқ таълими бошқармаси бу аудиога муносабат билдирди:

"Ушбу аудиоматериал бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ўрганишлар олиб борилди.

...Туман мудираси томонидан пандемия даврида анъанавий шаклдаги фаолиятга ўтган ва ўтиши режалаштирилган мактаблар ўқувчиларининг саломатлигини асраш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, одамлар гавжум бўлган жойларда юришларининг олдини олиш, қолаверса, ўқувчи-ёшларнинг масжидларга отаси, бобоси ва ёши катта яқин қариндошлари билан бориши, ёлғиз бормаслигига чақириш мақсадида вояга етмаган ўқувчи-ёшларнинг саломатлигини ўйлаган ҳолда бундай кўрсатма берганлиги аниқланди. Унинг бу хатти-ҳаракатларида мамлакатимизда белгиланган диний эркинлик ҳуқуқларига тўсқинлик қилиш мақсади йўқ, бу фақат ўқувчи-ёшлар хавфсизлигини таъминлаш учун қилинган эҳтиёткорлик чораси холос" - дейилади вилоят халқ таълими бошқармаси баёнотида.

Доимгидек, бу муносабатда тутуриқсизлик ва одатдаги расмий ҳисоботларда бўлганидек керакли мавзу қолиб бошқа томонларга ўтилгани кўриниб турибди. Яъни, мудиранинг буйруғидан келиб чиққан қуйидаги саволларга жавоб йўқ:

1. Туман халқ таълими бўлими мудираси ўқувчиларнинг мактабдан ташқаридаги ҳаётини назорат қилишга қонунан қанчалик ҳаққи бор?

2. Туман халқ таълими бўлими мудирасига ўз ваколатидан четга чиқиб директорларни масжидлар назоратига сафарбар қилиши қайси қонун ёки ички ҳужжатларга мос келади?

3. Туман халқ таълими мудираси ўз аудио буйруғида очиқ-ойдин қилиб «ўша масжидларда битта ўқувчингизни кўрадиган бўлсам, бирортангизни кечирмайман», деб таҳдид қилган. Педагогик фаолиятга умуман алоқаси бўлмаган шахсий топшириқ учун таҳдид қилиш қонунга зид эмасми?

4. Агар Бухоро вилоят Халқ таълими бошқармасининг карантин қоидалари ҳақидаги иддаоси ёлғон бўлмай, ҳақиқатга бироз бўлса ҳам тўғри келса, унда нега Ғиждувон туман халқ таълими мудирасининг қарийб 40 сониялик аудио буйруғида бирон марта ҳам карантин қоидалари зикр қилинмай, ўқувчиларни айнан масжиддан, ибодатдан тўсиш ҳақида гап кетган: «Сиз педагогсиз, сиз уни ўқитувчисисиз, чиройли йўналтириб, тўғри тарбиялаб, ўша ергача бормаслик чорасини кўришингиз керак».

5. Туман халқ таълими бўлими мудираси «У ерга боргандан кейин, қайтара олмайсиз», деганда айнан нимани назарда тутган? У бу гапи билан «Масжидга борадиган болалар жиноятчи бўлади», демоқчими, ёки Бухоро вилояти Халқ таълими бошқармаси муносабатида даъво қилинганидек, «Масжидга борган болалар коронавирусга чалиниб ўлади», дейишни истаганми?

Хуллас, Бухоро вилояти Халқ таълими бошқармаси шошиб-пишиб, ярим кечаси эълон қилган муносабат мудиранинг Конституцияга зид таҳдидини хаспўшлашга муваффақиятсиз уриниш бўлди. Аммо юқоридаги саволлар ҳали ҳам очиқ турибди.

Ғиждувон тумани халқ таълими мудирасининг аудиосига Халқ таълими вазирлиги ва Бош прокуратурадан расмий изоҳ кутаётгандик – ҳали ҳам кутяпмиз. Аудионинг ҳақиқийлигини вилоят ХТБ тасдиқлаб бўлди. Энди шу бўйича жавоб бериш қолди, холос.

Шу билан бирга Бухоро вилояти халқ таълими бошқармасидан ҳам жўяли, мудиранинг ҳар бир гапига батафсил жавоб берилган расмий муносабат кутамиз.

Илтимос, аравани қуруқ олиб қочишни бас қилиб, мавзу бўйича аниқ изоҳ беринглар.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.