Фарғоналик прокурорларни айблаган фуқаронинг уйига участкавой келди

14.12.2018 | Ўзбекистон | 4217

Ноябр ойининг 1-кунида Sof.uz сайтида “Фарғоналик ўндан ортиқ прокурор нега саккиз йилдан бери бир жиноят ишини беркитиб келмоқда? (видео)” сарлавҳали хабар берилган эди. Унда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида яшовчи Маъмуржон Азизов исмли фуқаро очиқ-ойдин исботланган жиноят ишини ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари бир неча йилдан бери асоссиз равишда беркитиб келаётгани ҳақида баён қилган ва видеолавҳада ўн нафардан ортиқ прокурор номини санаб ўтган эди.

М. Азизовнинг сайтимизга берган хабарига қараганда, унинг хонадонига яқинда участкавой келган ва интернетдаги мақола билан қизиққан. Бироқ унинг муаммосини ҳал қилишга бирор ишора берилгани йўқ. М. Азизов унга муаммосини участкавой эмас, бошқа мутасаддилар ҳал этишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз: М. Азизов ўз хатини бир қанча ҳужжатлар билан қувватлаган. “Мен ва уч юз қирқ икки нафар акционернинг ҳақини ўзлаштириб олган Т. Холдаров ва унинг шерикларидан ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишингизни, Т. Холдаров ва унинг қилмишини беркитиб келаётган прокурорларни жазога тортишда ёрдам беришингизни сўрайман. Барча тегишли ҳужжатларни тақдим этишга тайёрман”, деб якунланади мактуб.