Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мaрғилон бозори ва савдогарлари ҳақидаги миш-мишлар қанчалик ҳақиқат?
30.09.2022 12:00,  
164

Марғилон шаҳри ҳақидаги маълумотлар турли манбаларда зикр қилинади. Х аср араб географларидан Истахрий, Ибн Хавқал Марғилонни Қуйи Неся шаҳарлари жумласидан эканлигини таъкидлайди. Муқаддасий унчалик катта бўлмаган Марғилон шаҳрида жомеъ масжиди бозор ўртасида жойлашганлиги ва шаҳар дарвозаси яқинидан дарё оқиб ўтишини хабар қилади. X аср охирларида Фарғона водийсининг сиёсий ҳаётида юз берган ўзгаришлар натижасида сиёсий саҳнага Қубо шаҳрига яқин Марғилон (Марғинон) чиқади.

Марғилон ғарбни Шарқ билан боғловчи Буюк Ипак йўлининг ёқасида жойлашганлиги боис тез ривожланди. XI асрдан бошлаб Марғилон Фарғона водийсининг йирик шаҳарларидан бирига айланди. Натижада шаҳар рабод (шаҳар атрофидаги ҳудуд)лар ҳисобига кенгайди. Бу ерда ҳунармандчиликнинг барча турлари интенсив ривожланди ва марғилонлик савдогарлар халқаро савдода фаол қатнашдилар. Шаҳарда ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёт ҳар томонлама ривож топди. ХI-ХII асрларда буюк олимлар, донишмандлар ва ҳунармандлар ватани бўлган Марғилон Марказий Осиёнинг энг машҳур шаҳарларидан бири сифатида танилди. Марғилоннинг ўрта асрларда ислом илмлари маркази сифатидаги шуҳрати барчага маълум.

Бу ердан етишиб чиққан фақиҳлар, муҳаддислар, муфассирларнинг илмий салоҳияти нафақат минтақа ва Мовароуннаҳр миқёсида, балки бутун Ислом оламида эътироф этилган. Марғилонда бир даврнинг ўзида етмишдан ортиқ “Мавлоно” рутбасини олган алломалар яшаб ўтганлиги учун ҳам “Сундуқул орифийн” – Аллоҳ таолони дили билан таниган – ориф зотлар макони деб таърифланган. “Қомус ал аълом”да “Марғилон ўзининг уламолари, шоиру машойихлари ва қадимий осори атиқалари билан машҳур бўлган шаҳарлар жумласидандир”, – дея таъкидланади. Фиқҳ илми тараққиётида ўзининг хос услуби билан алоҳида из қолдирган Бурҳонуддин ал-Марғинонийдек алломани дунёга келтирган бу шаҳарнинг илмий анъаналари ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайди.

Бу анъана сўнгги икки юз йилликда ҳам давом этди. Ҳар бир давр ўз кечмишига, тарихий силсиласига эга. Гарчи даврлараро маълум бир умумий муштараклик ҳукм сурса ҳам, бироқ ҳар бир замон ва фурсатларнинг ўзига хос, қайтарилмас, бошқа даврларникига ўхшамайдиган жиҳатлари бўлади. XIX аср охири – XX аср бошларида Марғилон муҳити учун тарихан унутилмас бир давр бўлди. Ўша даврларга оид хотираларда Марғилондаги илм аҳли хусусида сўз юритилганда “тўлиб-тошган” деган иборани келтирадилар. Абдураҳмон Фаҳмийнинг “Таърифи Марғинон жаннат нишон” маснавийсида ҳам Марғилон шаҳри ва унинг халқининг баъзи фазилатлари, жумладан намозу рўза ва эҳсонда собитлиги, заковат фаҳми донишвар эканлигини тилга олиш баробарида бозоридаги ҳолатга ҳам қуйидагича таъриф беради.

Ки, бу шаҳри хафа бирла ғами йўқ.

Бадавлатдур, тирикликдан ками йўқ.

 Бозор ичра, ҳама рангин дўконлар.

 Матои лаълу дур, олмос конлар.

 Олурлар сотадурлар, жинси ҳар чиз,

 Дили жонпарвару, жони диловиз.

Қилур ўғри қароқчи, посбонлиқ,

 Қилур қўй ичра, бўрилар шўбонлиқ

XX асрнинг бошларида Марғилоннинг катта савдо бозорида ёнғин чиқиб, барча дўконлар моли билан куйиб кетади. Ёнғин шаҳар аҳолиси, савдогар-тижоратчилари ҳаётига жиддий таъсир ўтказади. Бу каби воқеаларга бефарқ бўлмаган замон зиёлилари унга таърихлар ёзадилар. Айтишларича, ўшанда бозордаги барча дўконлар ёниб кетгани ҳолда Мирҳожибой исмли савдогарнинг дўкони ёнмай қолади. Бу билан боғлиқ воқеаларни Мирҳожибойнинг авлодларидан бири Турсунбой ҳожи ота шундай ҳикоя қилади: “Ўшанда бобом хуфтон намозига таҳорат олаётган пайтлари экан. Бирдан набиралари кўчадан югуриб келиб бозорга ўт кетганини ҳамма эшитганлар молини сақлаш учун югуриб кетишаётганини айтади.

Лекин бобом хотиржамлик билан таҳорат оладилар ва болага “ўзингизни босинг, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ бўлса молимизга ўт таъсир қилмайди, уни ўрнига таҳоратингизни қилиб, намозингизни ўқинг”, дейдилар, кейин эса “молларнинг закоти адо қилинган, мен Парвардигор ваъдасига ишонаман”, деб қўшиб қўядилар. Эртасига бомдод намозидан кейин кўп қатори бозорга дўконлардан хабар олгани борадилар. Йўлда бой отани кишилар дўконлари ёнмай қолгани ҳақидаги хушхабар билан кутиб оладилар. Келиб қарасалар ҳақиқатдан ҳам дўкон ёнмаган эди. Энг қизиғи, дўкон ичида бошқа бир кишининг чакмони бўлиб фақат унинг ўзигина ёнган эди.

 

Мирҳожи бой молнинг закоти берилган, деганда нимани назарда тутган эди?

 

Имом Байҳақий “Шуъаб ул-имон”да, Табароний “Мўъжам ул-кабир”да келтирган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Молларингизни закот бериш билан қўрғонга олинглар”, деганлар. Имом Муновий ушбу ҳадиснинг шарҳида закоти берилган моллар қуруқликда ҳам, сувда ҳам талафотга учрамаслигини айтган. Маълум бўлмоқдаки, Мирҳожи бой тақволи, диёнатли, ҳалол савдогар бўлган. Биз унинг шахсига қизиқдик ва қуйидаги маълумотларни топишга эришдик. Мирҳожи бой 1836 йилда туғилиб 1924 йилда 88 ёшида вафот этган. Марғилондаги “Тош тушган” масжид ёнидаги қабристонга дафн қилинган. Пўстиндўз маҳалласида истиқомат қилган. Улар оилада уч ўғил – Мирҳожи бой, Миртожи бой, Мирбобо бой исмли ака-укалар бўлишган. Отаси “Қобилжон бообрў” номи билан машҳур бўлиб, шаҳардаги бўз растасининг бошлиғи бўлган. Марғилондаги Мўйи муборак – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак соч толалари унинг қўлида сақланган. Чит савдоси билан шуғулланган Мирҳожи бойни Марғилон бозорида дўкони бўлган. Ниҳоятда саховатли, ҳиммати баланд олижаноб киши бўлган. Ҳар йили Рамазон ойида бир ой давомида закот молини тарқатган. Мавлуд ойида катта мавлуд анжуманлари ташкил қилган. Илм аҳли ва уламоларга қаттиқ муҳаббатли киши бўлган. Айниқса, марғилонлик уламо Хонақоҳий Ҳазрат Домлага айрича муҳаббат қилган. Бир гал катта зиёфат уюштириб мадрасанинг устоз ва талабаларини меҳмон қилган. Бир йили шаҳардаги барча масжидларга зарурий жиҳозлар олиб берса, бошқа бир йили барча уламо ва талабаларга бепул китоб тарқатар экан.

Уламоларга берадиган кийимликка қўшиб, малол келмасин, дея чевар пули билан игна-ипини ҳам бериши ибратли. Бу эҳсонда уларнинг болаларини ҳам эсдан чиқармаган. Бойнинг энг кўп такрор қиладиган сўзи: “Шукронайи неъмат – зиёдайи давлат”, деган сўз бўлган. Мавзу XX асрнинг бошларида бўлиб ўтган воқеа – Марғилон бозорининг куйиши билан боғлиқ экан, ибрат сифатида айни жараёнда бўлиб ўтган яна бир воқеани эслаб ўтишни лозим топдик. Нақл қилишларича, аввал қишлоқлик Эрмуҳаммадбой ниҳоятда камтар инсон бўлиб, доимо уриниб қолган чопон ва эски чориғда юрган экан. Кунлардан бирида у чорикорлари билан бирга Марғилон бозорига тўрт арава пичанни сотгани олиб боради. Улар бозорга кириб боришганида, кутилмаганда, бозорда кучли ёнғин бошланади. Ғала-ғовур ичида кимдир бойнинг пичан ортилган аравалари устига бир саноч (тўрва халта)ни ирғитиб юборади. Ёнғин ўчиб, хавф бартараф этилганидан сўнг, Эрмуҳаммадбой бу саноч кимники эканлигини суриштирибди. Лекин саноч эгаси топилмагач, бой ўз исми ва манзилини айтиб, ортига қайтади. Уйига қайтишгач, бой саночни омборга қўйиб, эгаси келмагунча унга тегмасликни буюради. Орадан тўрт йил вақт ўтса ҳам эгаси келмагач, ўша саночни очиб қарашса, саноч тўла олтин тангалар эмиш. Шунда бой Марғилонга келиб, тўрт йил аввал топилган саночни эслатади. Лекин ҳеч ким ул саночга даъвогар бўлиб келмайди. Орадан яна қирқ кун ўтиб, бойнинг тушига ўша вақтларда яшаган шоҳимардонлик Оқ Эшон исмли бир мунаввар зот кириб, ўша саночдаги олтинларга Хожам Подшоҳ мозорига зиёратга келувчилар учун масжид қуриш лозимлигини айтади. Эрмуҳаммадбой, туш таъбирига кўра, Аввал қишлоғида жойлашган Хожам Подшоҳ тепалиги ёнига муҳташам масжидни барпо этади.

 

Нодиржон АБДУЛАҲАТОВ,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторант.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан