Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Қўқон хонлигида солиқ тизими мукаммал бўлган(ми)?
15.08.2022 13:06,  
1639

Ўзбекистон давлатчилиги тарихида ўз ўрнига эга бўлган Қўқон хонлиги (1709-1876) ички ва ташқи сиёсатида солиқ тизими муҳим аҳамиятга эга ҳисобланган. Чунки хонлик иқтисодиётининг тараққиёти, сиёсий бошқарувнинг шаклланиши ҳам шу солиқ тизими билан боғлиқ. Хонликда йиғиладиган солиқларни расмий ва махсус турларга ажратиш мумкин.

Хирож, закот, савдодан олинадиган бож, ҳайвонлар ҳисобидан олинадиган солиқ, тарози солиғи, дарёни кесиб ўтганлик учун солиқ, туз солиғи, ушр солиғи сингари расмий солиқ турлари бўлган. Танобона, тўй-марака маросимларидан йиғиладиган солиқ, мерос бўлишдан йиғиладиган солиқлар махсус солиқлар турига киради. Соғлиқлар асосан давлат хазинасига, яъни мутлоқ ҳукмдор – хон билан жойлардаги беклар фойдасига йиғилган. Солиқлар мехтар, саркор, оқсоқол, амин, закотчи каби лавозимлардаги кишилар томонидан йиғиб олинган.

Қўқон хонлигида мамлакат ҳудудидан ташқаридаги фуқароларидан ҳам закот, савдо божларини йиғиб олиш тизими шаклланган эди. Жумладан, Россиянинг Сибирь, Астрахань ҳамда Хитойнинг манжурлар ҳукмронлиги остидаги Шарқий Туркистонига ҳам ўз оқсоқолларини юборганлар. Хонликдаги оқсоқоллик тизими ҳақида А.Д. Миддендорф, “Оқсоқоллик Фарғона водийсида маҳаллий бошқарув тизимининг маркази ҳисобланади. Унинг атрофида ҳамма жамоа бошқарувининг унсурлари айланиб юради, бунинг устига у ажойиб ташкил этилган”, – деб қайд этган эди.

Давлат тепасига келган ҳукмдор қишлоқ жамоасини бошқаришда ва давлат солиқларини ўз вақтида ва тўлиқ йиғиб олиш учун қишлоқларда фаолият юритган оқсоқолларга таянган. Қўқон хонлари, нафақат хонлик ҳудудида, балки ўзга давлатларда истиқомат қилган Қўқон хонлиги аҳолисига ҳам ўз оқсоқоллари ва ёрлиқларини юборган. Бундай ёрлиқларга эга бўлган оқсоқоллар Россия империясининг Сибирь ҳудуди ҳамда Шарқий Туркистонда истиқомат қилганлар. Бу ҳақида Ҳ. Зиёев, “1821 йилда Россиянинг Петропавловск шаҳрида яшовчи Қўқон савдогарлари оқсоқоли Кенжатой Бойжонов бўлиб, унинг қўлида Қўқон хонининг махсус ёрлиғи бўлганлиги”ни таъкидлайди. XVIII асрнинг ўрталарида манжурлар ҳукумати томонидан Қўқон савдогарларининг Шарқий Туркистон бозорларида савдо қилишига рухсат берилган.

Натижада уларнинг бу бозорларга кириб келиши кучайган. Хитой ҳужжатларида “Қўқон савдогарлари Шарқий Туркистоннинг ички бозорларини аста-секин қўлга олдилар, мулк ва маблағ тўпладилар, уйғурларнинг уйларини ижарага олдилар. Бу ерда улар ўзларининг уюшмаларини туза бошлаганлар” деган маълумотлар кўплаб учрайди. Қўқон ҳукмдорлари Шарқий Туркистондаги мусулмон аҳоли, жумладан, Қўқон фуқароларидан бож-ҳирож йиғиб олишни ўз назоратига олишга ҳаракат қилган. Шу мақсадда, ўлкага хон ўз оқсоқолини юборган. Қўқонлик савдогар Ризоқули Ёркенддаги Қўқон савдогарларининг оқсоқоли сифатида тайинланган. Иккинчи оқсоқол эса Қашқарда тайинланган бўлиб, у тошкентлик савдогар Неъматжон эди. Рус шарқшуноси А.А.Семенов ҳам Неъматжонни Шарқий Туркистонга оқсоқол сифатида ёрлиқ билан юборилганлигини қайд этган. Хитой манбаларида ушбу оқсоқолликлар Қўқон ҳукмдорининг розилиги билан Ёркенд ва Қашқар ҳокимбегилар томонидан тайинланган. Чинг империяси маъмурияти бунга рози бўлган.

Қашқар ва Ёркенддаги қўқонлик савдогарлар бир ойда тўрт марта Қашқарнинг “эски шаҳар” қисмида оқсоқол ҳузурида мажлис ўтказганлар. Унинг амалдаги вазифаси Қашқардаги барча Қўқон савдогарларидан ва мусулмон аҳолидан бож ва закот солиқларини йиғиб олиш эди. Оқсоқоллик тизимининг Шарқий Туркистонда қачон ўрнатилганлиги хусусида тарихчилар орасида турлича фикр билдирилган. Япон тадқиқотчиси Торо Согучи, Норбўтабий ҳамда Олимхоннинг муҳри туширилган ёрлиққа эга бўлган худойдо лавозимидаги шахс Шарқий Туркистонда савдо қилаётган Қўқон савдогарларини назорат қилганлигини қайд этган. М. Гуревичнинг ёзишича, Қўқон ҳукмдори “Умархон даврида Қашқардаги Қўқон савдогарларидан бож йиғишни назорат қиладиган Қўқон оқсоқоли (худойдо)ни тайинлашга уриниб кўрилган”, – деб ёзган. Қурбон Али Аягузийнинг фикрича эса бу оқсоқоллик тизими 1832 йилги Қўқон хонлиги ва Чинг империяси ўртасидаги шартномадан сўнг ўрнатилган, деб ҳисоблаган. “Оқсоқол” атамаси манжурча “худойдо”, хитойча “шангму” ёки “маимаи тоурен”, яъни “савдо оқсоқоли, бошлиғи” атамаси билан тенглаштирилган. Бу мансаб эгаси нафақат Қўқон савдогарлари фаолияти ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, балки Шарқий Туркистонда муомалада бўлган Қўқон танга-пулларини ҳам назорат қилган.

Манбаларда, қўқонлик оқсоқоллар Шарқий Туркистондаги хонлик фуқароларининг сонини билган ёки билмаганлиги ҳақида маълумот берилмаган. Шу жумладан, Чинг империяси ҳукумати ҳам 1759-1828 йиллар оралиғида Шарқий Туркистонда савдо фаолиятини олиб борган хонлик фуқароларини рўйхатга олмаган. Бироқ Жаҳонгирхўжа қўзғолонидан сўнг, қўзғолоннинг фаол иштирокчиси бўлган қўқонликларга қатъий чора кўришга мажбур бўлган. Ўрта Осиё хонликларидан келганларни аниқ сонини билиш учун Чинг ҳукумати 1828 йилда Шарқий Туркистонда аҳолини рўйхатга олишга мажбур бўлган. Натижада уларнинг жами сони 5122 та хонадон бўлганлиги ва улардан 3602 та хонадон Тянь Шаннинг жанубида, яъни Қашқар, Ёркент, Хўтон, Учтурфон, Янгиҳисор, Кучор, Оқсув ва бошқа аҳоли манзилларида истиқомат қилган бўлса, 460 та хонадон эса шимолида Урумчи, Ғулжа, Чугучакда яшаганлиги аниқланган. Уларга кашмирлик, бухороликлар, бадахшонликлар ҳам қўшиб ҳисобланган. Аслида бу вақтда Шарқий Туркистонда Қўқон хонлиги фуқаролари кўпчиликни ташкил этган.

Манжур амалдори На Янчэн раҳбарлигида олиб борилган аҳолини рўйхатга олиш жараёнида уларнинг барчаси киритилмаган. Юқорида келтирилган рақамлар фақатгина 1818-1828 йиллар оралиғида Шарқий Туркистонга келган Қўқон хонлиги фуқаролари сони деб ҳисобланган. 1818 йилдан аввал келиб қолган қўқонликлардан манжурлар ҳукумати солиқ йиғиб олишни мақсад қилган. Шу мақсадда уларни Шарқий Туркистонда истиқомат қилувчи уйғурлар деб рўйхатга олган ва уларга ер, турар жой солиғи каби давлат солиқлари солган. Бу вақтда манжурлар империяси учун Шарқий Туркистон тинч ҳудуд сифатида керак эди, холос. Бунда Қўқон элчиси Аълам почча ва Муҳаммад Дукарбойларнинг хизмати катта эди. Қўқон хонлиги учун фақат қўқон савдогарлардан солиқ йиғиб олиш билан чекланмади. Шу боис, 1833 йилда Муҳаммад Алихон Мирза Айюб исмли элчини юборади. Элчи энди солиқ фақат хонлик савдогарларидан эмас, Шарқий Туркистондаги барча хорижлик савдогарлардан ҳам солиқ йиғиб олишга рухсат сўраган. Учтурфонга Иса исмли қўқонлик савдогар оқсоқол қилиб тайинланган. 1834 йилда Қўқондан яна бир элчи келиб, Шарқий Туркистондаги қўқонлик савдогарлардан энди солиқ олинмаслигини илтимос қилиб, Пекинга бормоқчи эканлигини айтган. 1834 йилда Пекинга келган Аълам почча бадахшонлик, кашмирлик савдогарлардан савдо божини олмасликни ҳам илтимос қилган.

Шарқий Туркистон ўлкасидан ҳар йили хонлик хазинасига оқсоқол томонидан 500 кумуш ёмбу юборилиб турган. Шу боис, бу лавозимга алоҳида эътибор берилган. Имом Али Қундузий ва Чўқон Валихановларнинг ёзишича, “Мазкур мансаб Қўқон ҳукмдорлари томонидан ижара шарти билан берилган мансабдир. Дастлаб мазкур мансабга савдогарлар тоифасидан бўлган одамлар тайинланганлар, кейинроқ эса бу мансабни кўпроқ ҳарбийлар эгаллаганлар. Қўқон хонлиги даврида ташкил этилган оқсоқоллик тизими 1876 йилда хонлик тугатилгандан сўнг ҳам ўз фаолиятини тўхтатмаган. Бу оқсоқоллик тизими XIX аср охири – ХХ асрнинг бошларида Оқсув, Ғулжа, Учтурфон, Ёркент, Хўтон, Кучор, Қорашаҳар, Лобнор, Турфон, Хами, Керия ва Дуньхуан каби шаҳарларигача кенгайиб борган.

 

Шерали ҚЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Шарқшунослик институти илмий

 ходими, тарих фанлари номзоди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан