Гонгконгда аёл йўловчиларнинг юбкаси остини пойлаш учун машинада камера яширган такси ҳайдовчиси ушланди

23.03.2019 | Жаҳон | 5740

Гонконгда йўловчи аёлларни яширин камера ёрдамида суратга олган Uber такси ҳайдовчисига ҳукм ўқилди, деб хабар бермоқда South China Morning Post нашри.

2018 йилнинг сентябрида полициячилар 44 яшар ҳайдовчини алкоголга текшириш учун тўхтатиб, унинг телефони орқа ўриндиқда ухлаб ётган йўловчи аёлни кўрсатиб турганини пайқаб қолишади. Автомобил текширувдан ўтказилганида, олд ўриндиқнинг орқа томонида иккита камера борлиги аниқланади. Яширин камералар аёлларнинг юбкасини тагини кўрсатадиган қилиб жойлаштирилган бўлган.

Uber компанияси ухлаб ётган йўловчи аёлнинг йўл харажатларини ўз ҳисобидан тўлаб беради. Маълум бўлишича, эркак ухлаб ётган аёлни 13 марта видеога олишга улгурган. Шунингдек, эркакнинг телефонидан у манзилларига элтиб қўйган аёллар иштирокидаги 870 та ролик топилган. Видеоларнинг барчаси аёллар хабарисиз яширин видео ёрдамида суратга олинган бўлган.

Жорий йил март ойи бошида ҳайдовчи жамоатчилик одобларини бузганлиги ва лицензияси бўлмаган ҳолда такси ҳайдаганини тан олган. Эркак аёлларни ўзи учун суратга олганлигини таъкидлаган. Маълум бўлишича, у 10 йилдан буён бўйдоқликда ҳаёт кечирган. Эркакка суд томонидан 2 минг гонгконг доллари (тахминан 267 АҚШ доллари) миқдорида жарима солинган ва 2 ойлик қамоқ жазоси тайинланган.