Солиқ низоларини кўриб чиқиш регламенти давлат рўйхатидан ўтказилди

12.04.2019 | Иқтисод | 4567

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши томонидан солиқ низоларини кўриб чиқиш регламенти 2019 йил 12 апрель куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирликнинг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берди.

Регламентга мувофиқ, кенгаш Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси томонидан аввал кўриб чиқилган, лекин натижаси солиқ тўловчини қониқтирмаган солиқ низоларини кўриб чиқади.

Жиноят ишлари доирасида ўтказилаётган солиқ текширувлари ҳамда солиқ тўловчи судга шикоят қилган солиқ низолари кенгаш томонидан кўриб чиқилмайди.

Кенгашнинг ишчи органи Молия вазирлигида ташкил этиладиган котибият ҳисобланади.

Солиқ тўловчи солиқ низосини кўриб чиқиш учун аризага қуйидагиларни илова қилади:

солиқ тўловчини қониқтирмаган Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармасининг хулосаси нусхаси;

ариза солиқ агенти ёки вакил томонидан берилганда уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.

Солиқ низоси Кенгаш томонидан 15 кун ичида, қўшимча ўрганишлар талаб этилганда 1 ойгача муддатда кўриб чиқади.

Солиқ низоси бўйича Кенгаш хулосаси бир иш кунида солиқ низоси тарафларига юборилади. Кенгаш хулосаси тавсиявий хусусиятга эга.