Ўзбекистон ўз фуқароларини Суриядан қайтариш учун иккинчи операцияни тайёрламоқда

17.07.2019 | Таҳлил | 5037

30 май куни гуманитар амалиёт натижасида Ўзбекистон қуролли тўқнашувлар ҳудудида бўлган 156 та фуқаросини мамлакатга қайтарди. Улар махсус рейс билан Дамашқдан Тошкентга келтирилди.

Ушбу махсус операция “Меҳр” деб номланди ва мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида амалга оширилди. ОАВ маълумотига кўра, амалиётни ўтказишда бир қатор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан Қизил хоч қўмитаси ва ЮНИСЕФ кўмаклашган, деб ёзмоқда CABAR.asia таҳлилий портали.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилишича, фуқароларни Суриядан қайтариш бўйича топшириқни шахсан Шавкат Мирзиёев берган. Кейинроқ Мирзиёев ушбу жараён қийин кечганини тан олди.

“Суриядан фуқароларимизни катта қийинчилик билан олиб келдик. У ерга учган биринчи самолётимизни уриб тушириш билан таҳдид қилишди. Менга қўнғироқ бўлди, уриб туширишмоқчи деб. Мен энг яқин аэропортга қўниш ҳақида топшириқ бердим. Улар Озарбайжонга қўниб, кейин ортга қайтишди. Жангарилар лагерига 5 та автобусимиз кириб, 2 таси қайтиб чиқди. Қолган фуқароларимизни бермади”, – деди президент Сенатнинг Тошкентдаги 20-ялпи мажлисида.

Миризёевнинг сўзларига кўра, фуқароларнинг ҳарбий ҳаракатлар зонасига кетишига мамлакатда шароитлар етишмаслиги сабаб бўлган. Президент ушбу сабабларни бартараф қилиш кераклиги ҳақида гапирган.

“Хўш, улар нима учун кетган? Аҳволимиз хароб бўлгани учун, шароит бўлмагани учун кетган. Лекин у ерда нима бўлди? Хотин-қизларимизни сотишди, беш бола беш отадан, 14 ёшли қиз туққан. Шу ҳолат бизга ярашадими?”, – деган эди сал аввалроқ давлат раҳбари.

Қайтарилганлар кимлар?

Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизматининг маълумотига кўра, репатриантлар Марказий Осиёда тақиқланган “Ислом давлати” террористик ташкилоти назорат қилган ҳудудларда бўлган.

Уларнинг орасида 48 та аёл, бир эркак, қолганлари ёш болалар, жумладан иккита етим бола ҳам бор. Етиб келиши билан уларнинг барчасини Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаторийсига жойлаштиришган. У ерда ушбу фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, улар билан психологлар ва имом-хатиблар шуғулланмоқда.

“Тиббий текширув жараёнида икки аёл ва бир бола ўқ тегиши натижасида оёқларидан айрилгани, яна бир бола ўткир ичак инфекциясидан азият чекаётгани, болаларнинг 25 тасида соматик касалликлар бўлгани аниқланган. Учта болага пневмония ва септик отит ташхиси қўйилган. Яна бир бола пастки жағ остеомиелити ташхиси билан Тошкент тиббиёт академияси клиникасига ётқизилган”, – деб жавоб берди ДХХ CABAR.asia порталининг сўровига.

Бундан ташқари, икки аёлнинг қўлида саккиз ва ўн ойлик гўдаклари бор. Яна бир 14 ёшли қизнинг тўрт ойлик чақалоғи бор. Президент айнан шу қиз ҳақида гапирганди. Уларнинг орасида ҳомиласи олти ойлик бўлган аёл ҳам бор.

Ҳозир репатриантларга паспортлар ва туғилганлик ҳақида гувоҳномалар берилган. Баъзиларига қарши жиноий иш очилган, аммо уларга нисбатан ҳибс билан боғлиқ бўлмаган чоралар кўрилмоқда.

Ўзбекистон махсус хизматлари маълумотига кўра, Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётлар зонасида ҳамон ўзбекистонликлар қолмоқда. Энди давлат яна 177 та фуқаросини қайтаришга тайёргарлик кўрмоқда.

“Улар ҳозир Суриянинг ал-Хасака вилоятидаги “ал-Хол” лагерида. Уларнинг шахслари аниқланган. Улар 48 та аёл, қолганлари эса болалардир”, – маълум қилади ДХХ.

Маълумот манбалари

Умуман олганда, Ўзбекистон террористик ташкилотлар қаторига қўшилиб қолган фуқароларини мамлакатга қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Асосий эътибор биринчи навбатда аёллар ва болаларга қаратилган.

Хорижий ОАВлар Ўзбекистоннинг Сурия ва Ироқ армиялари билан тўқнашувларда асирга тушган бошқа фуқаролари ҳақида ҳам хабар бермоқда.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Фарҳод Мирзабоевнинг фикрича, давлат ушбу фуқароларни ҳам экстрадиция қилиш бўйича тегишли мамлакатларнинг ҳукуматлари билан музокаралар ўтказиши керак.

“Бу мамлакатларда ишга лаёқатли ҳокимият органлари бор, улар билан фуқароларимизни ўз ватанида жазони ўташлари учун бизга беришларини сўраб музокара ўтказиш лозим”, – дейди эксперт.

Мирзабоевнинг фикрича, ушбу фуқаролар бебаҳо маълумот манбаига айланиши мумкин. Улар террористик ташкилотлар қаторида бўлган ўзбекистонликлар, қўшни Афғонистонга кўчишлар, мамлакат ичкарисидаги вақтинча нофаол бўлган ячейкалар, шунингдек одам ёллаш каналлари ҳақида маълумот ва бошқа кўплаб ахборотларни тақдим этишлари мумкин.

“Ўшанда бу борадаги сиёсий самарадорлик бир неча баробар ошади”, – дейди таҳлилчи.

Экспертнинг фикрига кўра, Туркия ва Россиядаги мигрантлар билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилиш, мамлакат масжидларида ва телевидениеда маърифатчилик фаолиятини олиб бориш ҳам ўз натижасини бериши мумкин.

“Фуқароларимиз иш излаб хорижга кетмаслиги ва у ерда ёлловчиларнинг тузоғига тушиб қолмаслиги учун Ўзбекистоннинг ўзида иш ўринлари яратиш керак”, – дея таъкидлайди сўзининг якунида Мирзабоев.