Йилининг биринчи ярмида даромади энг кўп ўсган аҳоли пойтахтликлар бўлди

22.07.2019 | Иқтисод | 4566

2019 йилининг биринчи ярмида аҳоли жон бошига реал даромадларни энг кўп ўсиши Тошкент шаҳрига тўғри келди. Бу ҳақда 22 июль куни Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда маълум қилинди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган анжуманда таъкидланишича, 2019 йилнинг биринчи ярмида аҳоли жон бошига умумий даромад ўтган йилнинг мос даврига нисбатан номинал қийматда 19,4 фоизга ошиб, инфляцияни ҳисобга олган ҳолда реал қиймати эса 5,2 фоизга ўсган.

Ўртача йиллик иш ҳақи ва пенсияларнинг реал ўсиши эса мос равишда 14 ва 7 фоизни ташкил этган.

Аҳоли жон бошига реал даромадларни энг кўп ўсиши Тошкент шаҳри (12,6%) ва Қорақалпоғистон Республикасида (9,4%) кузатилди.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан аҳоли даромадлари таркибида иш ҳақи улуши 2 фоизга ошиб ижобий натижага эришилди. Ўз навбатида йил бошидан иш ҳақидан ушланадиган ижтимоий суғурта бадалининг бекор қилиниши ҳамда даромад солиғининг 12 фоиз қатъий белгиланганлиги оқибатида аҳолининг ихтиёрида қоладиган даромаднинг умумий даромадлардаги улуши 93,3 фоизга кўтарилди (ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 89,9 фоизни ташкил қилган).

Шунингдек, даромадлар таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадларнинг улуши сўнгги 2 йилда деярли ўзгармай 60% атрофида сақланиб келмоқда.