Шарҳ учун саҳифа (сайт) эгаси жавобгарлиги масаласи. Юрист фикри

14.08.2019 | Таҳлил | 4580

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Агентлик) раҳбари К.Алламжоновнинг 2019 йил 14 августдаги расмий баёноти тармоқда баҳсли муносабатларга сабаб бўлди.

Албатта, ижтимойи тармоқ ва интернет саҳифаларида ёзма, аудио ёки видео шаклидаги маълумотларда агар қонун билан тақиқланган (ҳақорат, туҳмат ва ҳоказо) қилмиш содир этилган тақдирда уларга жавобгарлик муқаррарлиги эслатилиши жуда ўринлидир.

Бироқ, баёнотнинг ушбу қисми тушунмовчилик келтириб чиқарди:

“Бир сўз билан айтганда, бундан буён ҳар бир ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотларда юқоридаги талабга риоя қилишлари, балки белгиланган қонун асосида улар остидаги фуқаролар, “фейк” аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар учун ҳам қонунда белгиланган тартиб асосида жавобгар бўлишларини эслатиб ўтмоқчимиз”.

Ушбу фикрлар Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуни 12-1-моддасига асосланиб айтилган бўлса керак:

Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан:

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;

уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;

давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

порнографияни тарғиб қилиш;

қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.

Эътибор бериш керак бўлган жиҳат шуки, Агентлик номани шарҳлашда баъзи ҳолатларни инобатга олмаган:

ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан фойдаланишда юқоридаги ноқонуний ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланиш деганда блогер ёки ОАВнинг ўзи жойлаштирадиган контент назарда тутилиши керак;

ОАВ ёки блогер саҳифасида шарҳ шаклидаги маълумотлар қолдириш, мазкур саҳифадан фойдаланиш деб ҳисоблаб бўлмайди.

Зеро мазкур модданинг иккинчи қисмида бу ҳолат янада аниқлашади:

“... ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.”.  

Қонун нормаси Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогернинг ўзи томонидан тарқатиладиган ахборотни текшириши ва нотўғрилиги аниқланганда ўчирилишини назарда тутмоқда.

Демак, мазкур норма саҳифа (сайт) эгаси (ОАВ ёки блогер) тарқатадиган ахборотга нисбатан жавобгарлигини назарда тутади ва юқорида келтирилган каби саҳифадан ноқонуний мақсадларда фойдаланиш саҳифа эгаси томонидан жойлаштириладиган контентга татбиқ этилади.

Агар саҳифа (сайт) эгаси мазкур нормани бузган тақдирда веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкин. Бу ҳолат ҳам ўз-ўзидан саҳифа (сайт) эгаси томонидан жойлаштириладиган ахборот ҳақида гап кетаётганлигини англатади.

Шунингдек, юқоридаги нормани саҳифа эгасига масъулият юклайдиган қилиб шарҳланган тақдирда ҳам, ундан фақатгина ноқонуний шарҳларни ўчиришни талаб қилишни тасаввур қилиш мумкиндир. Лекин шунда ҳам шарҳни ўчириш муддатлари ва шартлари қонун билан аниқланиши керак, ҳозирча бундай қоидалар ўрнатилмаган. Шу билан бирга саҳифа (сайт) эгаси (блогер)нинг шарҳларни таҳрир қила олиши ёки шарҳларнинг тўғридан-тўғри чоп этилиши каби масалаларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Зеро шарҳларни доим ҳам назорат қилиш имконсиз.

Бироқ, шарҳ учун бевосита жавобгарликни уни ёзмаган шахсга – саҳифа (сайт) эгаси (блогер)га юклаш эса қонунчиликка кўра имконсиздир.

Чунки шарҳ учун бевосита жавобгарлик уни ёзган шахсга юкланади.

Айтайлик, саҳифадаги ахборот (қонуний) остида бошқа фойдаланувчи ҳақорат мазмунидаги шарҳ қолдирди. Бу ҳолатда саҳифа эгасига ушбу ҳақорат бўйича жавобгарлик юклаб бўлмайди, зеро ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик уни бевосита содир этган шахсга нисбатан вужудга келади.

Қолаверса, баёнотда эслатилган маъмурий ва жиноий жавобгарлик тегишлича Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодекслари билан тартибга солинади.

Масалан, МЖтК 10-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда қонун ҳужжатларига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.

Шарҳдаги ҳақорат қилмишида саҳифа (сайт) эгаси ёки блогернинг айби йўқ ва ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмас.

Жиноят кодекси билан тақиқланган, айбли ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) жазо қўллаш таҳдиди билан жиноят деб топилади.

Бунда ҳам ҳақоратли шарҳда саҳифа (сайт) эгасининг айби йўқ ва жиноят таркиби мавжуд эмас.

Қолаверса, Жиноят кодексининг айб учун жавобгарлик принципига мувофиқ шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлиши белгиланган

Демак:

Шарҳ учун бевосита жавобгарлик фақатгина уни ёзган шахсгагина юкланади;

Саҳифа (сайт) эгаси (блогер) ўзи жойлаштирган контент доирасида жавобгар бўлади (жойлаштирган маълумотларининг Қонун 121-моддасига мувофиқлиги).

Агар, Агентлик фикрича, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуни 121-моддаси биринчи қисмидаги саҳифа (сайт)дан фойдаланиш деганда, шу жумладан бошқа фойдаланувчилар томонидан қолдирилган шарҳларни ҳам назарда тутилса, бунга Конституциявий суд шарҳ бериши лозим.

Шундай бўлган тақдирда бундай жавобгарлик келиб чиқиш асослари аниқлаштирилиши керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам шарҳ учун бевосита жавобгар бўлмайди, балки ноқонуний контент учун жавобгар бўлиб, ўша модданинг учинчи қисмида келтирилган саҳифадан фойдаланишни чеклаш тарзидаги чора қўлланиши мумкин. Лекин юқорида келтирилгани каби норма бундай жавобгарликни назарда тутмайди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин

Ўткирбек ХОЛМИРЗАЕВ,

ТДЮУ ўқитувчиси, ҳуқуқшунос