13 июлдан маҳаллий йўналишдаги поезд ва авиа қатновлар ҳам тўхтатилади​

13 июлдан маҳаллий йўналишдаги поезд ва авиа қатновлар ҳам тўхтатилади​

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов иштирокида карантин чекловлари бўйича Республика махсус комиссияси қарори юзасидан брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда қуйидагилар маълум қилинди:

"Республика махсус комиссияси қарори билан, 10 июлдан эътиборан республика миқёсида қатор чеклов чоралари ўрнатилган. Жумладан:

- 10 июль санасидан автобуслар ҳаракати вақтинча тўхтатилади;

- 13 июль, душанба кунидан маҳаллий йўналишлардаги поездлар ва авиа қатновлар ҳам тўхтатилади;

- Кучайтирилган карантин тартиби шароитида фақатгина Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ, хорижий давлатлардаги фуқароларимизни ватанга олиб келиш бўйича репатриацион рейслар бажарилади;

- Чегара пунктларидан фуқароларни карантин ҳудудларига етказиш учун автобус ташувлари амалга оширилади.

Шунингдек, карантин муддатини ўтаб бўлган фуқароларни реабилитация учун шифохоналарга ва яшаш манзилларига етказишда темирйўл ва автобуслардан фойдаланилади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан “сариқ” ва “яшил” тоифага киритилган мамлакатлардан чартер рейслари келиб тушган аризаларга мувофиқ ташкил этилади.