15 августдан катта тўйлар ўтказишга рухсат бериладими?

15 августдан катта тўйлар ўтказишга рухсат бериладими?

АОКА ҳузуридаги штабда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева иштирокида ташкил қилинган брифингда аҳоли мурожаатлари юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Вазирлик мутасаддиси «Мен икки ўғлимни унаштириб қўйганман. Қачон тўй қилишга рухсат берилади? Қўш келин туширамиз, ҳар иккала қудамиз билан келишиб, 22 августга тўй белгилаган эдик. Тўйни белгиланган санада каттароқ қилиб ўтказсак бўладими?», — дея йўлланган саволга жавоб берди.

«Мамлакат миқёсида карантин чекловларини ўрнатиш, муддатини узайтириш ёки бекор қилиш фақатгина Республика махсус комиссиянинг қарори асосида олиб борилади.

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 26 июлдаги тегишли қарорига асосан, мамлакатимиз бўйлаб карантин чекловлари 15 августга қадар узайтирилиши муносабати билан тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказмаслик бўйича аниқ чекловлар келтириб ўтилган.

Мазкур чекловларни бекор қилиш, тўй ва бошқа маросимларга рухсат беришнинг аниқ муддати ҳамда тўйларда қатнашувчилар сони ҳақидаги қарор Республика махсус комиссияси томонидан юртимиздаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади ва эълон қилинади.

Сизга фарзандларингиз тўйини Республика махсус комиссияси қарори билан рухсат берилгандан сўнг ҳамда ўрнатилган қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда ўтказишингизни тавсия этамиз», — деган Саодат Боймирзаева.