2020 йил якунигача судларда видео-алоқа режимида қатнашиш учун мобил дастур ишлаб чиқилади

2020 йил якунигача судларда видео-алоқа режимида қатнашиш учун мобил дастур ишлаб чиқилади

Аввал хабар қилганимиздек, «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан судлар фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари белгиланди.

Шунингдек, қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилади:

- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;

- манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;

- суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;

- суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш.

Шунингдек, 2020 йил якунига қадар суд мажлисларида видеоконференсалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастур ишлаб чиқилади.