АҚШ ишчи виза беришни яна кучайтирди

АҚШ ишчи виза беришни яна кучайтирди

Америка Қўшма Штатлари H-1B ишчи визаларини беришни яна кучайтирди, деб хабар қилди мамлакат Ички хавфсизлик вазирлиги.

Хусусан, чет эллик ишчилар ёлланиши мумкин бўлган "махсус касблар" сони камаяди.

Қўшма Штатларда ишчи визалари бўйича минимал миқдордаги ходимларни иш билан таъминлайдиган ва ўзларининг асосий ишларида бошқа мамлакатларда аутсорсинг хизматларига таянадиган компаниялар устидан назорат кучайтирилади.

Бундан ташқари, компаниялар чет элликларга кўпроқ пул тўлашга мажбур бўладилар, бу эса ишчи виза дастурининг жозибадорлигини пасайтиради ва вазирлик фикрига кўра, паст малакали хорижликларнинг америкаликлардан иш олиб кетишининг олдини олади.

Баъзи янги қоидалар келаётган пайшанба куни (8 октябр) кучга киради, бошқалари икки ой ичида.

"Компаниялардан ҳақиқий ишчиларга ҳақиқий иш таклифларини бериш талаб қилинади", дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик маълумотларига кўра, янги қоидалар Қўшма Штатлардаги ишчи визалари керак бўлган чет элликларнинг учдан бир қисмига таъсир қилади. Ушбу қарорга, бошқалар сингари, судда шикоят қилиниши мумкинлиги айтилган.

Доналд Трамп маъмурияти бир неча бор ишчи виза режимини кучайтириш чораларини кўрган. Июн ойида Трамп америкаликлар учун иш жойларини бўшатиш мақсадида бир қатор визалар берилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги баёнотга имзо чекди. Трамп H-1B, H-2B, J ва L визаларини 2020 йил 31 декабрига қадар тўхтатиб туришни буюрди. Бироқ, Сан-Франциско суди ушбу қарорни октябр ойи бошида қисман тўсиб қўйди.