Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






АҚШ Ироқдан ўз қўшинларини олиб чиқадими?
7.01.2020 12:16,  
686

Ўтган жума куни Эрон Ислом Инқилоби муҳофизлари корпусининг “Қудс” бўлинмаси раҳбари, генарал Қосим Сулаймоний АҚШ томонидан Бағдод халқаро аэропорти ҳудудида ўлдирилгани ортидан Ироқ парламенти АҚШ қўшинларини мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилди. Бу эса Вашингтонда беқарор вазиятни келтириб чиқарди.

Кеча, 6 январ куни Вашингтон вақти билан соат 2:30 дан 4:30 гача бўлган оралиқда АҚШ тарафи бир-бирига зид келадиган иккита баёнот берди. Дастлаб АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари қўмондони, генарал Уилям Сили III Ироқ Мудофаа вазирлигига АҚШ қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиш тўғрисида хат йўллагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Унда айтилишича, америкалик ҳарбийлар келгуси ҳафталар ичида Ироқ ташқарисидаги базаларга қайтиши кўзда тутилган.

Аммо кейинроқ АҚШ Мудофаа вазири Марк Эспер буни рад этди. Ҳозирда Иорданияда сафарда бўлиб турган Эспернинг айтишича, расмий Бағдод Вашингтондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни талаб қилмаган. Айни пайтда, у минтақада “ўйин шартлари ва қоидалари” ўзгарганини ҳам айтиб ўтган.

АҚШ Миллий хавфсизлик идорасининг собиқ маслаҳатчиси Стефан Ҳедли “АҚШ Ироқнинг суверенитетини ҳурмат қилишини очиқ айтиши, бу мамлакатда Ироқ армиясини ўқитиш ва “Ислом Давлати”га қарши курашиш учунгина қўшин сақлаб турганини тушунтириши лозим”, деб айтган.

АҚШ Мудофаа вазири агар минтақадаги Америка кучларини ҳимоя қилишга эҳтиёж туғилса, АҚШ керакли чора-тадбирларни қўллаши, бу эса Ироқ ҳудудидаги ҳарбийларнинг геостратегик жойлашувини ўзгартиришга олиб келиши мумкинлигини билдирган.

АҚШнинг Ироқдаги собиқ элчиси Роберт Фордга кўра, 2020 йил 3 январда Қосим Сулаймонийни ўлдириш учун уюштирилган ҳужум Ироқдаги бирон етакчи раҳбар ёки гуруҳ розилигисиз амалга оширилган. Шу сабабли ироқликлар бу ҳужумни “мамлакат суверенитетига тажовуз қилиш” деб баҳолаган. Чунки расмий Вашингтон ҳужум олдидан Ироқ расмийларини огоҳлантирмаган, бунинг учун рухсат олмаган.

АҚШ ҳарбийларининг қўшма штаби раҳбари, генерал Майк Милли “Америка қўшинларини Ироқдан олиб чиқиш ҳақидаги режани ошкор қилиш хато бўлди. Чунки бу бошланғич қоралама бўлиб, ҳали унга имзо қўйилмаган эди. Биз ҳозир ироқликлар билан маслаҳатлашяпмиз. Хулоса шуки, Америка кучлари бу мамлакатни тарк этмайди”, деди.

Вашингтондаги Миллий мудофаа университетидан ҳарбий мутахассис, собиқ юқори мартабали ҳарбий бўлган Девид де Руш “Трамп ҳам ҳозир Ироқ ботқоқликларидан чекинишни истайди. Агар шундай ҳолат юз берса, у хурсанд бўларди. Аммо бунинг учун икки ёки уч йил ўтиб яна шу минтақага қайтишга мажбур бўлмаслигига аниқ ишонч ҳосил қилиши керак. Чунки бундай ҳолат аввал ҳам юз берганди (ИШИД пайдо бўлганида АҚШ ўз қўшинларини Ироққа қайтадан киритган)”, дейди.

Де Рушнинг айтишича, расмий Вашингтон Ироқ парламентининг истагини бажариб, қўшинини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетиши мумкин. Лекин ҳалигача АҚШ маъмуриятига Ироқ ҳукуматидан бундай талаб келиб тушмаган. Ироқ парламентининг талаби эса парламент ичидаги сиёсий ўйин, холос. “Шунинг учун яқин ҳафталар ичида бу ҳолат тескарисига ўзгариб кетади”, дейди у.

Аммо Янги Америка Миллий Хавфсизлик Институти мутахассиси Калия Томаснинг фикрича, агар АҚШ Ироқ ҳукуматининг америкалик аскарларни мамлакатдан олиб чиқиб кетиш ҳақидаги талабини бажармаса, икки давлат ўртасидаги муносабатлар таранглашади. Бу эса Ироқ ҳудудидаги Қўшма Штатларга қарши бўлган гуруҳларга қўл келади, АҚШ ҳарбийларига қарши ҳужум уюштириш учун қулай вазият юзага келади.

Яқин Шарқ Институтидан Чарлз Дан ҳам Калия Томаснинг фикрини қўллаб-қувватлаган. Унга кўра, агар Ироқ парламенти хорижий кучларни Ироқ ҳудудидан чиқариб юбориш ҳақидаги қарорини ижро қилишни ҳукуматдан талаб қилса, бу расмий Вашингтонга қўшинларини олиб чиқиш учун кучли босим бўлади.

“Эҳтимол Ироқ ҳудудидаги АҚШ дипломатлари, ҳарбийлари ёки иншоотларига қаратилган ҳар қандай ҳужум қўшинларни олиб чиқиш масаласини тезлаштириб юбориши мумкин”, дейди Чарлз Дан.

Ҳозирда Ироқда АҚШнинг 5 000 нафар атрофида ҳарбийлари хизмат қилади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан